Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2018, Тошкент вақти: 08:35

Урганч бозорининг бир қисми бутунлай ёниб кетди


Урганч шаҳридаги бозор ëниб кетди

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган “Урганч марказий деҳқон бозори”да 19 июнга ўтар кечаси ёнғин юз берди. Хоразм Ички ишлар бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, оқибатда бозор ичидаги биринчи ёпиқ савдо павилонининг 260 кв.м. майдони буткул ёниб кетган. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Урганч шаҳрининг қоқ марказида жойлашган "Урганч деҳқон бозори" ҳудудидаги ёнғин натижасида қурбонлар ёки жароҳат олганлар бўлмаган, аммо дўкони ёнган тадбиркорлар моддий зарар кўрган.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, бозорнинг биринчи ёпиқ павилонида ёнғин маҳаллий вақт билан тунги бирларда бошланган.

Урганчлик Зафар кучли аланга бир неча метр юқорига кўтарилганини айтади.

- Ёнғин алангаси бир неча километр узоқликдан кўриниб турди. Бозорчилар бақир-чақир қилиб, жонини гаровга қўйиб, бозордан молини олиб чиқишга уринди, аланга кучли бўлгани сабаб кўп одамларни дўкони, моддий бойлиги ёнди, - дейди Зафар Озодлик билан суҳбатда.

Ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас.

Хоразм Ички ишлар бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича, кўп сондаги ўт ўчириш гуруҳлари ёнғинни ўчиришга жалб қилинган.

- 1.20да бизга ёнғин ҳақида маълумот келди, 02.44да ёнғин бартараф қилинди. Бозор павилонининг 260-280 квадрат метри ёнди. Ёнғин сабаблари ва ундан кўрилган зарар кўлами ўрганилмоқда. Ўлганлар йўқ. Ёнғин ярим тунда бўлгани учун ҳеч ким жароҳат кўрмаган, - деди Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими.

Бозорда ёнғин эски холодильникнинг симида чиққан қисқа туташув оқибатида бўлгани тахмин қилинмоқда.

- Лекин, бу тахмин тўлиқ тасдиғини топгани йўқ, - деди Хоразм ЁХБ мулозими.

Айни пайтда савдогарлар орасида ёнғин атайлаб қилинган, деган гап-сўз тарқалган.

- Бозорда ёнғин бир неча миллиард сўмлик тушумлар давлат ғазнасига кирим қилинмагани текширилаётган пайтда бўлди. Шу қоида бузарликларни яшириш учун атайлаб қилишган, деб айтишяпти, - дейди исми сир қолишини истаган урганчлик савдогар.

Лекин, бу иддао қанчалик тўғрилигини аниқлаш имконсиз.

Урганч ИИБси мулозими бозорга қасддан ўт қўйилган, деган тахмин ҳам ўрганилаётганини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган урганчликлардан маълум бўлишича, ёнғин рўй бергани ортидан ёпиб қўйилган бозорнинг бир қисми куннинг иккинчи ярмида очилган.

- Ёниб кетган қисми ёпиқ,. Бозорнинг бошқа жойидаги дўконлар ва расталарнинг ҳаммаси одатдагидай ишлаяпти, - деди урганчлик Зафар.

Ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорларга товон пули бериш, уларнинг кўрган зарарини компенсация қилиш масаласи ҳозирча кўрилаётгани йўқ.

Озодлик ёнғин ҳусусида бозор бошқаруви раиси Саид Полвоновдан изоҳ сўради, лекин ёрдамчиси унинг бандлигини айтди ва кейинроқ мурожаат қилишни сўради.

Ўзбекистонда бозорларда ёнғин содир бўлиши тез-тез учрайдиган ҳодисалар сирасига киради.

Уч йил олдин Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги кийим-кечак бозорига ҳам ўт кетган эди.

2015 йилда эса Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги марказий бозор ҳам ёниб кул бўлган эди.

2014 йилда Хоразм вилоятидаги Урганч буюм савдо комплексида содир бўлган ёнғинда 25 та дўкон ёнган эди.

XS
SM
MD
LG