Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2020, Тошкент вақти: 04:48

Қорақўтонда "олтин ўғрилари" участка нозирини дўппослади


Uzbekistan - Navai, Nurota shrine

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида бир гуруҳ шахсларнинг Навоий кон металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конидан ўғирлангани гумон қилинган олтин тошларни қўлбола тегирмонда майдалаётганига гувоҳ бўлган участка нозири дўппосланди. Ҳодиса 31 май куни Пахтачи туманининг Тома маҳалласида рўй берди.

Тома маҳалласида участка нозири Сардор Маматқулов мажбурий ижро бўлими ходимлари билан бирга электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланаётганларни аниқлаш бўйича уйма-уй юришганида ховлилардан бирида номаълум одамлар олтин тошларни тегирмонда майдалаётгани устидан тушиб қолишган.

Бу ҳақда дўппосланган участка нозири Озодликка шуларни айтди.

- Мажбурий ижрочиларга эшигини очмаяпти. Қарасак тегирмонни электр тармоғига улаб олиб шу иш билан шуғулланишяпти. Кейин қўлига темир нарсаларни олиб ташланишяпти, кейин қочиб кетишди, - дейди участка нозири.

Воқеа гувоҳи бўлган 40 ёшли Акбаржон Шомуродов участка нозирига ташланганлар “Қорақўтон” конидаги олтин тошларни ўғирловчилар бўлишини, бир кун аввал улар уни ўзига ҳам ўлим таҳдиди қилишганини айтди.

- Менга ҳам таъдид қилишди, буларни ўғирликларига гувоҳ бўлганим учун ўлдирмоқчи бўлишди. Пахтачи тумани милицияга айтсам, иши йўқ. Милицияни ҳам булар билан оғзи бир. Участка нозирига борсам, уни қўли гипсда, тиллочилар дўпослашибди, - дейди Шомуродов.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида давлат конидан руда тошларни ўғирловчилар кўпайгани ҳақида Озодлик илгари хабар берган эди.

Озодлик участка нозирининг дўппосланиши, яна бир шахсга ўлим тахдиди қилингани юзасидан Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимига боғланганида улар бу холат текширилаётгани ва изоҳ беролмасликларини айтишди.

Уч йил аввал Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Навоий кон металлургия комбинатига қарашли олтин конини қўриқлаётган милиция ходими босқинчилар томонидан дўппослаб ўлдирилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Етти нафар йигит Қорақўтон конига “УАЗ” машинасида бостириб кирган ва кондаги таркибида қимматбаҳо металл бўлган 10 қоп тошни ўғирлаб ортга қайтган.

Йўлда уларни милиция ходими тўхтатган. Олтин тош ўғрилари эса милиция ходимини уриб ўлдириб, воқеа жойидан ғойиб бўлишганди.

Ишсизлик юқори бўлган Пахтачи туманидаолтин рудаси ўғирлиги тизимли йўлга қўйилган, дейди Акбаржон Шомуродов.

- Одамларни тўқсон фоизи шу билан шуғулланади. Айрим хонадонларда қўлбола тегирмонлар бор, шу тегирмонда рудани майдалаб, ўзлари ясаган ювиш ускуналари орқали тилласини ажратиб олишади. Грамини 45 доллардан сотишади. Милиция ҳам билади буни, ҳокимиятдагилар ҳам. Лекин, милицияга айтиб борсангиз ўзингиз балога қоласиз, - дейди Акбаржон Шомуродов.

Қоракўтoн олтин кони махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади. Кончиларнинг Озодликка айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисоблансада, бироқ маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди.

Навоий кон металлургия комбинати олтин рудаси ўғирликлари ҳақидаги даъволар юзасидан Озодликка изоҳ бермади.

Шарҳларни кўринг (6)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG