Линклар

Шошилинч хабар
05 июн 2020, Тошкент вақти: 18:22

Ҳомиладор аёл милиция зобити дўппослагани тўғрисида арз қилди


Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи 24 ёшли ҳомиладор аёл милиция зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани ҳақида Озодликка шикоят қилди. 

Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи 24 ёшли аёл милиция зобити уни жорий ойнинг биринчи кунида дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолганини Озодликка қилган шикояти давомида иддао қилди. Аёлнинг айтишича, у қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган.

Озодлик Китоб тумани прокуратурасидан олган маълумотга қараганда, ҳомиладор аёлнинг даъвосини ўрганилмоқда, унинг калтаклангани юзасидан экспертиза текшируви ҳам ўтказилган, лекин ​натижаси ҳозирча маълум эмас. Китоб тумани ИИБси эса бу ҳолатни Озодликка изоҳлашдан бош тортди.

Ўзини Латофат Раҳимова деб таништирган аёл Озодлик билан суҳбатда 1 июнь куни ота-онаси билан Китоб тумани Ички ишлар бўлимига борганида милиция ходимлари билан тортишиб қолгани, оқибатда милиция зобити уни калтаклаганини айтди.

- Бошида ичкаридан қўриқчи чиқиб, қўпол муомала қила бошлади-да менга. “Сал юмшоқроқ муомала қилса бўладими”, деганимни биламан бошқа бир милиция зобити келиб, “сен нимага бизни ишга аралашасан”, деб мени силтади. “Силтаманг мени, аҳволимни кўриб турибсизку”, десам юзимга шапалоқ туширди. Ётиб қолдим, ерга йиқилдим. “Сени ҳозир камерага қамайман”, деб мени ерга судради. Шу пайтда қорнимдан сув кета бошлади. Аҳволим ёмонлашганини билишгач, милиция ходимлари тез ёрдам чақиртириб касалхонага жўнатишди, - дейди Раҳимова.

Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи 24 ёшли ҳомиладор аёл милиция зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.
Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи 24 ёшли ҳомиладор аёл милиция зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Озодлик Раҳимова ётган Китоб тумани Тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ қилди.

Касалхона шифокори калтакланиш белгилари билан бемор 1 июнь куни олиб келингани, аҳволи "стабил" эканини айтди.

- Жанжал бўлди, итарворишди, йиқилдим деб келди. Қорнидан сув кетиб, оғриқ билан, угрожаюший билан келувди. Ҳамма ёрдамни кўрсатганимиздан кейин, оғриқлари кетди. Қўлида, кўзини тагида кўкариш белгилари бор. Боласи тинч, ҳомила тўққиз ойга ўтган, насиб бўлса соғ-омон туғиб олади, - деди шифокор.

Касалхона шифокори калтакланиш белгилари билан бемор 1 июн куни олиб келингани, аҳволи стабил эканини айтди.
Касалхона шифокори калтакланиш белгилари билан бемор 1 июн куни олиб келингани, аҳволи стабил эканини айтди.

Аёлнинг отаси Неъматулла Раҳимов милиция зобити қизини калтаклаганига шахсан гувоҳ бўлгани, бу юзадан туман прокуратурасига арз қилганини айтди.

- Ҳаммаси менинг кўз ўнгимда бўлди. Ўғлимнинг иши бўйича милицияга келгандик-да. Ўша куни болаларни ҳимоя қилиш кунида марказий кўчада йўлларни ёпиб қўйишган, ўғлим руҳсат этилмаган жойдан машинада ўтган экан-да. Борсак мана шунақа холат бўлди. Прокуратурага шикоят қилиб бордик, аризани олиб қолишди, лекин ҳеч қанақа натижа йўқ. Мелисадагилар энди ўғлингга чатоқ бўлади, деб пўписа қилишяпти, - дейди Раҳимов.

Китоб туман прокуратураси мулозими, ҳомиладор аёлнинг даъвоси ўрганилаётгани, унинг калтаклангани юзасидан экспертиза текшируви ўтказилганини айтди.

Лекин, мулозим тергов манфаатлари нуқтаи назаридан бу ҳақда Озодликка маълумот беролмаслигини билдирди.

Озодлик аёлнинг иддаоси юзасидан Китоб тумани Ички ишлар бошқармасига ҳам телефон қилди.

Милиция навбатчиси Озодлик мухбири саволини эшитгач, бошлиғи билан қисқа маслаҳатлашувдан сўнг телефонни қўйиб қўйди.

Милиция ҳодимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган ой Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори бир неча ҳамкасби қуршовида ёши кексароқ кўринган ҳайдовчига куч қўллаб, уни ерга ётқизишга уринаётгани видеоси Озодликда эълон қилинган эди.

Шу йилнинг май ойи охирида эса сурхондарёлик фермер прокуратура ходимлари уни дўппослаб, қовурғасини синдиргани ҳақда даъво қилиб, Ўзбекистон бош прокуратураси ва Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига шикоят қилганидан 45 кун ўтиб маҳаллий прокуратура фермернинг ўзини орган ходимига қўл кўтарганликда айблаб, унинг устидан жиноят иши очилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG