Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2018, Тошкент вақти: 02:52

Сирдарёлик ўлган йигитни милиция ходимлари калтаклаганини яқинлари иддао қилмоқда


Сирдарё вилоят, Боёвут туманининг “Бунёдкор” ҚФЙда яшаган 33 яшар Элмурод Мустафоевнинг яқинлари у милиция ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганидан сўнг вафот этганини иддао қилмоқда. Тез тиббий ёрдам касалхонасида ҳам Элмурод Мустафоев 28 декабрь куни жағи синган ҳолатда ички ишлар бўлимидан олиб келингани қайд қилинган. Туман ички ишлар бўлими навбатчиси Элмурод Мустафоевнинг милиция ходимлари калтаклаганини инкор қилмоқда. Бўлим бошлиғи билан боғланишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Иккинчи гуруҳ ногирони, 33 яшар Элмурод Мустафоев 29 декабрь куни баданига етказилган оғир тан жароҳатлари оқибатида ўзига келмай вафот қилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган боёвутлик шифокорлардан бирининг айтишича, 28 декабрь куни кечқурун у жағ суяги синган ва баданида калтак излари бор бўлган ҳолатда касалхонага келтирилган:

“Бу йигитни олиб келишганда бақириб милиция ходимларини сўккан. Ўзи ҳам ичиб олган экан. Жағини тикишган ва ухлаб қолганидан сўнг, уйига жавоб бериб юборишибди. Уйига боргандан сўнг ўзига келмай эрталабга яқин жони узилган”, деди шифокор.

Врачнинг айтишича, Элмуродга касалхонадан жавоб берилган пайтда у ҳушсиз бўлган.

Элмуроднинг акаси Дилмурод Мустафоевнинг Озодликка айтишича, тез ёрдам ходимлари унинг укасини милиция бўлимидан замбарда олиб чиқиб кетаётганини онаси кўрган:

“Укам шу куни хотини билан божасининг уйига меҳмонга борган. Қишлоғимиздан ёш бир таксичи билан. Қайтаётганда укам мошинда жанжал қилган ва улар укамни қўл-оёғини боғлаб, йўлнинг четига ташлаб кетишган. Кейин кимдир участковойга хабар қилади, у укамни ички ишлар бўлимига олиб кетади. Кейин келин келиб онамга айтганда, онам билан хотини уни ўша қолдирган жойларига излаб боришади. Борса йўқ. Шунда участковой телефон қилиб укам РОВДда эканини айтади. Онам мелисахонага борса, уни жағи йиртилган ҳолатда тез ёрдам носилкага солиб олиб кетишаётган экан”, деди Дилмурод.

Унинг айтишича, Тез тиббий ёрдам касалхонасида Элмуроднинг жағини операция қилишган:

“Мана сизга факт! Укамни мелисахонага олиб боришганда жағи соппа-соғ бўлган. У пайтгача, уни ҳеч ким урмаган. Укам 2012 йилда қаттиқ авария бўлиб, миядан қаттиқ жароҳат олган эди, бошига бир мушт туширса ўлиб қоладиган даражада эди. Операциядан кейин онам шу ерда қолсин деса, дўхтирлар йўқ, бу маст, ухлаб ётибди, уйга олиб кетинглар ҳушёр бўлса ўзига келади деган. Кейин укамни уйга олиб келдик. Худди ухлаб ётгандек эди. Эрталаб ҳам уйғонмади. Уйғотмоқчи бўлсак бир икки хирилладию жони узилди. У ўша духтурхонанинг ўзида комада бўлган”, деди Дилмурод.

Унинг айтишича, укасининг баданида жуда кўп калтак излари ҳам бўлган.

Элмуроднинг хотини Фотиманинг Озодликка айтишича, эри машинада ҳаддан ташқари жанжал қилган, лекин ҳеч ким билан муштлашмаган:

“Таксичи бола эримнинг бўласи бўлади. Роса тинчитмоқчи бўлдик, эплолмадик. Мошинани тепиб ойнасини синдирди. Кейин пастга тушириб қўлини боғлашга мажбур бўлдик. Таксичи бориб онасини олиб келамиз деди, мен қолай десам, йўқ, агар қолсангиз қўлини ечасиз ва у сизни уриб бир бало қилиши мумкин, деди. Кейин уни йўл четида қолдириб, бориб қайнонамни олиб келдик. Келсак биз қолдирган жойда йўқ. Мелисахонага борганимизда уни носилкага солиб, тез ёрдам олиб кетяпти экан”, деди Фотима.

Боёвут туман Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокори 28 декабрь куни Элмурод Мустафоевнинг жағи синган ҳолатда шифохонага олиб келинганини ва унга нисбатан жарроҳлик амалиёти ўтказилганини тасдиқлади:

“РОВДдан визов бўлган. Мошинамиз бориб олиб келган. Милиция ходимлари ҳам бирга келган. Жағи операция қилиниб, уйига жавоб бериб юборилган. Бизда қайд этилгани шу”, деди шифокор.

Боёвут туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси эски йилдаги қайд дафтарлари олинганини рўкач қилиб, бу ҳақда аниқ маълумот беролмаслигини, терговчиларнинг барчаси вилоятда йиғилишда эканлигини айтди:

“Мен эшитмадим, бизнинг отделда қўлга олинганларни уриш ҳолати бўлмаган”, деди навбатчи инспектор.

Аммо, Дилмурод Мустафоевнинг айтишича, бу иш юзасидан туман прокуратураси жиноят иши очган ва ўнлаб одамлар сўроқ қилинган.

Озодлик Боёвут тумани прокуратурасидан бу воқеага изоҳ ололмади.

Жорий йилнинг 11 ойида ички ишлар тизимида хизмат интизомини бузганлиги учун 7,5 мингга яқин ходим интизомий жазога, жиноят содир этганлиги учун эса 201 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов яқинда ЎзАмухбирига берган интервьюсида билдирди.

“Биз бундай масъулиятсиз ходимларни аниқлаш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ва сафларимизни тозалаш бўйича манзилли чора-тадбирларни давом эттирамиз”, - деган ички ишлар вазири.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG