Линклар

Шошилинч хабар
19 июн 2019, Тошкент вақти: 05:56

Наманганнинг Чорсу бозорида дўконлар огоҳлантиришсиз ёпилди


Наманганнинг Чорсу бозорида ёпилган дўконлар.

Наманган шаҳридаги Чорсу деҳқон бозорида йиллардан бери савдо қилиб келган тадбиркорлар дўконлари 21 июлда шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ёпиб қўйилди.

Бу ҳақда Озодликка бир нечта тадбиркор арз қилди.

Бозор маъмурияти шаҳар ҳокимлигининг бозорни тартибга солиш чора-тадбирлари доирасида кийим-кечак дўконлари ёпилганини тасдиқлади.

Чорсу бозорида 2010 йилдан буён дўкон ижарага олиб, тадбиркорлик қилиб келган Азимжон Деҳқонов дўконлар ёпилиши ортидан ўзи қатори юздан ортиқ одам ишсиз қолгани, тадбиркорлар эса катта миқдорда зиён кўрганини айтди:

- Тадбиркорларга камида бир ой олдин огоҳлантириш берилиши лозим эди. Огоҳлантириш муддати ўтганидан сўнггина дўконлар ёпилиши керак эди. Булар бир кунда “молларингни олиб чиқиб кет”, деб эртасига дўконларни муҳрлаяпти. Ҳозир савдогарлар молини нима қилишини билмай юрибди. Озгина муҳлат берилса, молларни кўтарасига сотиб, ўз қўлимиз билан дўконни топширар эдик, - дейди наманганлик тадбиркор.

Наманганнинг Чорсу бозоридаги кийим-кечак дўконлари.
Наманганнинг Чорсу бозоридаги кийим-кечак дўконлари.

Озодлик билан суҳбатлашган наманганлик бошқа бир тадбиркор шаҳар ҳокимлигининг дўконларни ёпиш қарорини президент сиёсатига зид деб билишини айтади.

- Президентимиз битта иш ўрни яратган одамни бошимга кўтараман, деганлар. Ҳокимият дўконларни ёпиб, юзлаб одамларни ишсиз қолдиряпти, - дейди исми сир қолишини истаган наманганлик тадбиркор.

Бозор маъмурияти шаҳар ҳокимлигининг бозорни тартибга чолиш чора-тадбирлари доирасида кийим-кечак дўконлари ёпилганини тасдиқлади.

- Деҳқон бозоридан бир километр узоқликда кийим-кечак дўкони бўлмаслиги керак.Шунинг учун бозор ҳудудидаги ҳамма кийим-кечак дўконлари ёпилди. Уларга шаҳарнинг бошқа жойидан ёки “Дўстлик” бозоридан дўконлар таклиф этиляпти, - деди Чорсу бозорининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мулозими.

Ёпилган дўконлар ўрнида нима бўлади?

Озодлик бу саволга Чорсу деҳқон бозори маъмуриятидан ҳам, Наманган шаҳар ҳокимлигининг Иқтисодиёт котибиятидан ҳам жавоб ололмади.

Ҳокимликнинг Иқтисодиёт котибияти мулозими бир соатда қайта телефон қилишимизни сўради, лекин қайта қилинган қўнғироқларга мулозим жавоб бермади.

18 июл куни Чорсу бозорида ёймачилар савдо-сотиқ қилишга қўйилмаганига норозилик билдириб чиққани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Наманган шаҳри Чорсу деҳқон бозоридаги ёймачилар билан милиция ходимлари ўртасида юз берган тортишув акс этган видеода аёлларнинг милиция ходимлари ва ҳокимлик мулозимлари билан тортишуви ва шовқин-сурон билан тунука деворни бузиб ташлагани кўринади.

Наманган деҳқон бозоридаги ёймачи аёлларнинг бозордан қувилишига қарши норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00
Бевосита линк

Тунука деворни бузишда иштирок этгани учун милиция томонидан ушланган ва жаримага тортилган аёллардан бири воқеа тафсилотини Озодликка гапириб берганди.

- Бу ерда шунчалик қўпол муносабат қилишяптики, чеки йўқ. Огоҳлантириш йўқ, бир кунда келиб йиғиштиринглар, деяпти. Улуғбек деган ҳоким муовини келиб, нарсаларимизни отиб юбордилар, ўзимизни тепиб ташладилар. Девор тунука йиқилиб кетганидан сўнг, мени камерага тушгансан деб туриб, уйимдан милиса олиб кетди ва кечаси соат биргача 3-сонли милисахонада ушлаб ўтирди, кейин қўйворишди. Жума куни эса сайёр суд қилиб, қарийб 800 минг сўм жарима қилишди, - дейди аёллардан бири.

Ўзбекистонда бозорлардаги расталардан ташқарида, йўлларда савдо қиладиган кичик савдогарларни маҳаллий ҳокимлик ва солиқ инспекцияси ходимлари мунтазам таъқиб қилиб келади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши, ёймачиларнинг тирикчилик манбаидан жудо қилиниши уларнинг кескин норозилиги манзарасида кечади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 27 мартдаги 2853-сонли қарорга мувофиқ мамлакатда бозорлар реконструкция қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа ўнлаб шаҳарлари бозорларидаги дўконларнинг ёпилиши ёки бузилиши савдогарларнинг норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG