Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2018, Тошкент вақти: 08:59

Ота ўғлининг ўзини осишида мактабни айблади


Қашқадарё вилояти Қарши тумани маркази Бешкент шаҳридаги 63-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Мирафзал Абдурашидов 2 ноябрь куни уйи молхонасидаги тўсинга осилган ҳолда топилди. Мирафзалнинг отаси Жаҳонгир Абдурашидов Озодлик билан суҳбатда ўғлининг мактабда изза қилингани ортидан ўзини ўлдирганини иддао қилди.

Абдурашидовга кўра, ўзини осишидан олдин ўғли мактаб директори муовини ва синф раҳбари бир ой олдин бошқа ўқувчилар олдида изза қилгани, ўқувчиларга юзига тупуртирганини айтиб берган ва бу воқеа ортидан қаттиқ руҳий тушкунликда яшаган.

Озодлик билан суҳбатда отанинг бу иддаосини инкор қилган Мирафзал ўқиган мактаб директори¸ айни пайтда¸ унинг синф раҳбари ва ўз муовини ишдан бўшаш ҳақида ариза ëзганини тасдиқлади.

Ўзини осган 8-синф ўқувчиси Мирафзалнинг отаси Жаҳонгир Абдурашидов 6 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда ўғли мактабда доимий камситилгани, изза қилингани сабаб ўзини осганини иддао қилди:

- Бир ой олдин мактабда синф раҳбари синфдошларига бунинг юзига тупуртирган. Мактаб директори муовини ҳам ўша ерда бўлган. Изза қилишлар давом этавергач¸ мактабга боргиси келмай юрди. Ўзини осганидан олдин ҳам икки кун мактабга бормади. Кейин шунақа ҳодиса бўлди, - деди Жаҳонгир Абдурашидов.

Озодлик ҳозирча Мирафзал Абдурашидовнинг мактабда нима учун изза қилинганини бевосита воқеа гувоҳларидан ўрганишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

63-сонли мактаб директори Дилором Турсунова Озодлик билан суҳбатда 8-синф ўқувчисининг изза қилингани ҳақидаги унинг отаси иддаоларини рад қилди.

- Ўлимидан олдин икки кун мактабга келгани йўқ. Жавоб сўраганда¸ кетган. Ўша куни синф раҳбари уйига телефон қилиб сўраса, "мазаси йўқ", деб айтишган. Булар замдиректор билан синф раҳбари изза қилган¸ дейишаяпти. Ҳеч қанақа изза қилишмаган, - деди Дилором Турсунова.

Озодликка маълум бўлишича Мирафзал Абдурашидов ўлими ортидан у ўқиган 63-сонли мактаб директори муовини ва синф раҳбари ишдан бўшатилган.

Дилором Турсунова улар ўз аризаси билан ишдан кетганини тасдиқлади.

- Ота-онаси жанжал қилиб келганидан сўнг замдиректор ишдан кетиш ҳақида ариза берди. Синф раҳбари ҳам ариза берди. Синф раҳбарлигидан олинди, - деди Дилором Турсунова.

Қашқадарёдаги масъул идоралар вакиллари олдинига ўқувчи ўз жонига қасд қилганини рад этишга уринди.

Қарши тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати бўйича муовини мактаб ўқувчисининг ўлимидан хабари борлиги, лекин у ўзини осмаганини айтди.

- Хабаримиз бор. Ўлганини эшитдик, лекин билишимча¸ у ўзи ўлган, жонга қасд қилиш бўлмаган у ерда, юрагининг мазаси бўлмаган экан, - деди Қарши тумани ҳокими муовини.

Қарши туман Халқ таълими бўлими раҳбари эса Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Озодлик жорий йилда Яккабоғ¸ Андижон¸ Тошкент ва Самарқанд шахарларида ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Ўтган йил 16 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

2017 йил 13 июнь куни эса Ўзбекистон Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилиб, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга ундаш учун жазо кучайтирилди.

Ўзгартиришларга кўра, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёки унга пўписа, шафқатсиз муносабат ёки шахснинг шаъни ёхуд қадр-қимматини тизимли равишда камситиш орқали таҳдид қилиш 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, мазкур ҳаракатларни вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилса – етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG