Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2018, Тошкент вақти: 16:25

Ўзбекистонда чинакам ўзгаришлар бўлишига умид қилса бўладими?


Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер/

Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилида унинг ислоҳотлар ўтказишига қилинган умидлар тўлиқ оқланмади, аммо мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилиш борасида қўйилган дадил қадамлар янги президентнинг ҳокимият тепасидаги мавқеини мустакамлади.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки бир йили таҳлилига бағишланган мақоласи юқорида келтирилган фикр билан бошланади. Эътиборингизга мақола таржимасини ҳавола қилаяпмиз.

***

4 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланганига бир йил тўлди.

У 2003 йилдан бери Ўзбекистон бош вазири бўлиб ишлаб келаётган эди, аммо 1991 йилдан Ўзбекистоннинг илк ва ягона президенти 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этгани эълон қилинди. Шундан сўнг Конституцияда амалдаги президент ўз ваколатларини бажаролмай қолганда президент вазифасини бажариш ваколатлари бош вазирга берилиши назарда тутилмаганига қарамай, Мирзиёев мамлакатдаги энг юқори лавозимни эгаллади.

Орадан ўтган 1 йилу 3 ой мобайнида Мирзиёевнинг амаллари ва баёнотлари Ўзбекистон ичида ҳам, ташқарисида ҳам мамлакат ярим изоляция ҳолатидан чиқиши ҳамда минтақавий ва халқаро масалаларда фаол ҳамкорга айланиши мумкинлигига умид уйғотди.

Мирзиёев ҳокимиятни эгаллагандан бери Ўзбекистон бироз олға силжишга эришди, бироқ айтишича, унга бир жойда депсиниб қолган мамлакат мерос қолди. Бундай ҳолатда ҳар қандай ҳаракат олға силжиш деб қаралиши табиий.

Мирзиёев президент сифатида нима ишларни бажарди, унинг келажак учун режалари борми ёки у фақат вазиятни зиён етмаслиги учун назорат қилиб турибдими?

Мирзиёев 2017 йил 8 февраль куни Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллардаги ривожланиши учун бешта устувор йўналишдан иборат режасини эълон қилди:

– давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;

– қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;

– иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;

– ижтимоий соҳани ривожлантириш;

– хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Унда сиёсий жараёнда жамоатчилик ролини ошириш ҳақида лом-мим дейилмайди, шу пайтгача ҳам унинг ҳеч қандай роли йўқ эди. Бинобарин, 2021 йил охирига қадар давлат рўйхатидан ўтган ҳақиқий сиёсий партия ёки мустақил номзодлар бўлмайди. Режада инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ёки мустақил оммавий ахборот воситаларига рухсат берилиши тўғрисида бирор сўз йўқ.

Мирзиёев раҳбарлигида сиёсат, айниқса, ташқи сиёсат борасида ижобий ўзгаришлар юз берди ва бу вақти-вақти билан кўп жойларда завқ-шавқли некбинликни юзага келтирди.

Ички сиёсатда Мирзиёев ҳокимият тепасига келгандан сўнг ҳам ҳеч бир ўзгариш сезилмаган соҳалар бор.

Ҳар йили 1 миллион кишигача жалб этиладиган пахта далаларидаги мажбурий меҳнат кўп йиллардан бери халқаро майдонда кескин танқид қилиб келинади.

Президент Мирзиёев ва бошқа ҳукумат аъзолари бундай амалиётга барҳам беришга, ҳатто айрим расмийлар аҳолини пахта далаларига мажбуран чиқариш ҳолатлари ҳақида хабар қилишга даъват этиб келмоқда. Бироқ ватандошларни пахта далаларига сафарбар қилиш 2017 йили ҳам бутун мамлакат бўйлаб давом этди.

Германияда жойлашган Ўзбек-немис форуми ва “Озодлик” радиоси Ўзбекистондаги 2017 йилги пахта кампаниясини, жумладан, Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраевнинг корхоналар раҳбарларига пахта йиғим-теримига одам топишни буюрганини; Андижон ҳокими Ҳакимжон Абдулазизов давлат ташкилотлари раҳбарларидан ходимлари пахта тераётганини расмга тушириб исботлашни талаб қилганини; яна ишчилар пахта далаларига автобусда олиб кетилаётгани, улар ўша ерда жуда ёмон яшаш шароитларида кун кечиргани, ҳатто чўмилиб олиш учун ҳаммом ҳам бўлмаганини кузатиб борди.

Норвегияда жойлашган диний ҳуқуқларга риоя этилишини назорат қилувчи Forum 18 ташкилоти милиция протестантлар йиғинларига рейдлар уюштиргани; Қуръон ва Таврот нусхалари мусодара қилингани баптистлар, протестантлар ва Иегова гувоҳлари жаримага тортилгани ёки қисқа муддатли қамоққа ташлангани; яна мусулмонлар қамоқ жазосига ҳукм қилингани ҳолатларини хабар қилди.

Февраль ойида Раҳмон Норбоев қамоқда сирли равишда ўлди, ўша ойда Зоир Қурбонов милиция ҳибсхонасида вафот этди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Нуриддин Жуманиёзов сил хасталигидан 2016 йил 31 декабрь куни вафот этгани ҳақидаги расмий хабар 2017 йил июнь ойининг ўрталарига бориб пайдо бўлди

Боз устига, инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Полина Браунерг май ойида ва собиқ сиёсий маҳбус Мурод Жўраев декабрь ойида вафот этди. Иккаласи ҳам оғир хасталикка чалинган эди, аммо чет элга бориб даволаниш учун чиқиш визасини ола олмади*.

21 сентябрь куни президент Мирзиёев “мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни истаган барча ватандошлар”га Ўзбекистонга қайтишни таклиф қилди. Ушбу баёнот собиқ мухолифат вакиллари асло чўчимай мамлакатга қайтиши мумкинлиги сифатида талқин этилди.

27 сентябрь куни ўзбек ёзувчиси ва диссиденти Нурулло Отахонов (тахаллуси – Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Туркиядан Тошкентга қайтиб келди ва Тошкент аэропортида ҳибсга олинди. У бир ҳафтадан сўнг қўйиб юборилди, аммо ҳалигача унга қўйилган айбловлар олиб ташлангани йўқ.

Миллий хавфсизлик хизмати мухолифат сайтида Ўзбекистон ҳукумати ҳақида танқидий мақолалар ёзгани гумон қилинаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевни 27 сентябрь куни ҳибсга олди. Абдуллаевга Ўзбекистоннинг конституцион тузумини ағдариб ташлаш айби қўйилмоқда. У адвокати билан фақат бир марта учрашгани хабар қилинди.

Аммо Мирзиёев ҳокимиятга келгандан бери ўнлаб диссидентлар қамоқдан озод қилинди, улар орасида журналист Муҳаммад Бекжон (Бекжонов), сиёсат фаоли Рустам Усмонов , БМТ ходими ва Мудофаа вазирлигининг собиқ амалдори Эркин Мусаев, журналист Солижон Абдураҳмонов ва инсон ҳуқуқлариҳимоячиси Аъзам Фармонов бор.

Гарчи ушбу қамоқдан бўшатишлар умидбахш аломатлар бўлса-да, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ушбу кишилар сохта айбловлар билан кесилганини, 10 йилдан 20 йилгача қамоқда ўтирганини, айни пайтда 60-70 ёшларда эканини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳокимият идоралари август ойида минглаб кишиларни қора рўйхатдан чиқарди. Ҳукумат яна амалдорлар ва дин вакилларидан иборат эктремистик диний ташкилотлар фаолиятига аралашиб қолганини гумон қилинаётган кишилар ишини ўрганиб чиқиш учун маслаҳатлашув дастурларини ишлаб чиқди.

Ҳалига қадар Ўзбекистонда мустақил фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари (ОАВ) бўлмаса-да, ҳукумат сиёсатини танқидий нуқтаи назардан ёритишга интилаётган бир қанча ОАВ мавжуд. Ўзбекистон телевидениеси собиқ Президент Каримов ҳукумати хатоларини, жумладан, қўшни мамлакатларга нисбатан юритилган самарасиз сиёсатни тилга олди.

Чекловлар ҳам мавжуд. Масалан, августда бош вазир Абдулла Арипов Халқаро пресс-клубнинг жонли теледастурини тайёрлайдиган ходимлар билан учрашиб, унинг бошловчисини ҳақорат қилишгача борди.

Президент Мирзиёев қишлоқ аҳолиси муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. У университетда қишлоқ ҳўжалиги соҳасидан таълим олган. Январь ойида Ўзбекистоннинг аҳолиси ўта камбағал Қорақалпоғистон Республикасига сафари чоғида давлат эҳтиёжманд оилаларни товуқ билан таъминлаши кераклигини айтди. Бундан мақсад товуқ кўп тухум қилиши билан оилаларни боқибгина қолмасдан, ортиқча тухумни қўшимча даромад олиш учун сотишни йўлга қўйиш эди. Мирзиёев кейинчалик эҳтиёжманд оилаларга лимон дарахти экишни, орадан кўп ўтмай эса, эчки боқишни тавсия қилди.

Товуқ боқиш ва лимон дарахти кўкартириш лойиҳаси барбод бўлди, ноябрь ойига келиб Ўзбекистон банклари бундай лойиҳалар учун кредит ажратмаслик тўғрисида буйруқ олди. Бироқ Мирзиёевнинг камбағал оилалар тўғрисидаги фикри эътиборга лойиқ. У ҳалиям деҳқончиликни механизациялаштиришни кенгайтириш (бу – университетда олган мутахассислиги) ва пахтанинг ўрнига ковул билан заъфарон экишни режалаштирмоқда.

Ҳали амалга оширилиши керак бўлган бошқа ўзгаришлар бор. Январь ойида Мирзиёев Совет давридан қолган чиқиш визасини бекор қилишни таклиф этди, аммо август ойига келиб, 2019 йилгача кутиб туриш кераклигини эълон қилди.

Президент этиб сайланганидан сўнг орадан икки кун ўтиб, Мирзиёев Ўзбекистон 27 та мамлакат сайёҳлари учун виза чекловларини енгиллатиши тўғрисида баёнот берди. Бироқ 9 январь куни бу ишни 2012 йилга қадар кечиктириш ҳақида қарор қабул қилди.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, ушбу баёнотлардан сўнгги ортга суришлар ҳукумат ичида кескин кураш бораётганини кўрсатади. Мирзиёев ўз одамларини ҳокимиятга олиб келиш ва Каримов маъмуриятидан қолган кишиларни четлатиш устида иш олиб борди. Кейинги гуруҳга собиқ молия вазири Рустам Азимов ҳам киради, у бир пайтлар Каримовнинг вориси сифатида кўрилган эди, аммо июнь ойида ҳукуматдан четлатилди.

Биринчи гуруҳда Каримов даврида ишдан олинган, айрим ҳолатларда қамоққа ҳам ташланган кишилар бор. Масалан, ҳозирги бош вазир Абдулла Арипов 2012 йили Ахборот ва телекоммуникация тизимлари раҳбари лавозимидан бўшатилган эди. Бунга президент Каримовнинг катта қизи Гулноранинг ноқонуний бизнес фаолияти юзасида халқаро суриштирув бошлангани сабаб бўлди. Гулноранинг бизнес манфаатлари борлиги гумон қилинган TeliaSonera компанияси фаолиятини тергов қилаётган швед прокурорларининг айтишича, айрим ҳужжатларда Абдулла Ариповнинг имзоси бўлган.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва минтақавий сиёсатидаги ўзгаришлар некбинликка сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти мамлакат қишлоқ хўжалиги ва углеводород ресурсларига бой эканига қарамай, Каримов ўлган пайтда оғир аҳволга тушиб қолган эди. Иқтисодиёт бошқарувининг ҳаддан зиёд марказлашуви ва урчиб кетган коррупция Ўзбекистон ихтиёридаги барча табиий афзалликларни чиппаккка чиқарди.

2016 йил охирига келиб, давлат ихтиёридаги ОАВ эркин муомаладаги валюта бўйича янги сиёсат юритилиши ва миллий валюта 2017 йилда конвертация қилиниши тўғрисида гапира бошлади. Бу дадил қадам бўлиши шубҳасиз эди, чунки айрим гуруҳлар қора бозорда валюта сотишдан жуда катта фойда олаётган эди, чунки Ўзбекистон миллий валютаси – сўмнинг расмий қиймати билан қора бозордаги қиймати орасида фарқ жуда катта, айрим ҳолларда икки баробар эди.

Марказий банк 2017 йил бошидан бошлаб сўм қадрини туширишга киришди, йил бошида 1 АҚШ доллари нархи 3309 сўм бўлган бўлса, сентябрь ойи бошига келиб, бу кўрсаткич 4245 сўмга тушиб кетди. 5 сентябрь куни Марказий банк пулни кескин қадрсизлантирди ва 1 долларни 8000 сўм қилиб белгилади.

Давлат ҳокимияти идоралари бизнес вакилларининг эркин муомаладаги валюта олишини ва ватандошларнинг валютасини сўмга сотишини осонлаштирди. Ҳокимият идораларига кўра, айни ҳолат Ўзбекистон банкларига юз миллионлаб доллар харид қилиш имконини берди.

Халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистонга янгича назар билан қарай бошлади.

Масалан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки февраль ойида сўнгги 10 йилда биринчи марта Ўзбекистонга делегациясини юборди ва 8 ноябрь куни Тошкентда ваколатхона очди.

Европа Иттифоқи элчиси Эдуардс Стипрайс** май ойи бошида Ўзбекистонга ташриф буюрган делегацияга раҳбарлик қилди. У, ЕИ “Ўзбекистоннинг жаҳонга эшикларини очаётгани”ни олқишламоқда, деб айтди ҳамда Иттифоқ билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришга даъват қилди.

ЕИнинг ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Федерика Могерини 2017 йил мобайнида Брюсселда бир неча марта Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан, июль ойида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди. У 10-11 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида хавфсизлик масалалари бўйича бўлиб ўтган конференцияда нутқ сўзлади.

Аммо 2017 йилда Ўзбекистон билан алоқаларни энг кўп ривожлантирган мамлакат Россия бўлди.

Каримов даврида ўзбек-рус муносабатлари фақат Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалалари бўйича илиқ бўлган.

Россия энди Ўзбекистондаги кўплаб иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун ёрдам таклиф қила бошлади.

Кремль Россиянинг Украинадаги можарога аралашиб қолгани сабабли Ғарб мамлакатларига ўзига нисбатан қўллаган санкцияларга жавобан ЕИдан импорт қилинаётган мева ва сабзавотларни тақиқлаб қўйгач, уларнинг ўрнини ўзбек маҳсулотлари эгаллай бошлади.

Россиянинг Лукойл ва Газпром сингари компаниялари Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасига бир неча миллиард долларлик сармоя киритишга ваъда берди. 3 ноябрь куни Лукойл Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида узоқ кутилган газни қайта ишлаш заводииннг биринчи босқичини ишга туширди, умумий қиймати 3,3 миллиард АҚШ долларилик лойиҳа йилига 8 миллиард кубометр газ ишлаб чиқаришга мўлжаллангандир.

Лукойл ва Газпромнинг нефть ишлаб чиқарувчи тармоғи бўлмиш Газпромнефть компанияси Омск-Павлодар-Шимкент нефть қувури орқали Ўзбекистонга жами 10 миллион тонна нефть етказиб бериш бўйича эришилган келишувни амалга оширади.

Айни пайтда Ўзбекистон бензин тақчиллигига дуч келмоқда. Бензин қуйиш шохобчаларида унинг нархи ноябрь ойида 30 фоиздан кўпроқ қимматлаб кетди. Ҳукумат нефть хомашёси етказиб беришни кафолатлаш учун 3 та нефтни қайта ишлаш заводига 250 миллион АҚШ доллари ажратди.

Ўзбекистонда аниқланган 600 миллион барреллик нефть захираси бор, бироқ сўнгги ўн йил ичида уни ишлаб чиқариш тенг ярмига қисқариб кетди, оқибатда мамлакатда мавжуд учта нефтни қайта ишлаш заводи (Бухоро, Олтиариқ ва Фарғонада) тўлиқ ишлай олмай қолди.

Айни ҳолат Ўзбекистонни яқин келгусида Россиянинг нефть импортига қарам қилиб қўяди. Россия ўз навбатида Ўзбекистондан 5 миллиард м3 газ импорт қилмоқда. Бу Ўзбекистон экспорт қилаётган газнинг қарийб тенг ярмидир.

Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар билан алоқаларини яхшилаш устида иш олиб бормоқда. Ўта муҳим ўзгаришлар унинг минтақавий сиёсатида юз берди, бу президент Мирзиёев ҳукуматининг шу пайтгача эришган улкан ғалабасидир

Ўзбекистон ҳукумати вакиллари йиллар давомида нафақат мамлакатининг, қолаверса, чегарадош мамлакатларнинг ҳам денгизга йўли йўқлигини такрорлаб келди.

Бундай ҳолатда бевосита кўшни мамлакатлар билан яхши муносабатлар ташқи савдони ривожлантиришнинг дастлабки шарти бўлиб кўринади, аммо собиқ президент Каримов буни истамас эди.

Каримов Марказий Осиё мамлакатлари билан – ўзи ҳам изоляция ҳолатидаги Туркманистонни истисно қилганда – алоқаларни энг паст даражага тушириб қўйди.

Мирзиёев олдида турган энг устувор вазифа Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги барча қўшнилари, жумладан, Афғонистон билан алоқаларини тиклаш бўлди. У янги сайланган президент сифатида март ойида Туркманистон ва Қозоғистонга сафар қилди. Сўнгра у йил давомида ушбу иккита мамлакатга яна икки мартадан борди. Бу сафарлар давомида нефтни қайта ишлаш заводларига нефть олиб келиш ва Ўзбекистон маҳсулотлари учун бозорлар очиш учун келишувларга эришилди.

Мирзиёевнинг сентябрь ойи бошида Қирғизистонга сафари икки давлат чегарасида жойлашган чегара постларини очиш бўйича эришилган янги битимлар имзолангандан сўнг олқишларга сабаб бўлди. Ўзбекистоннинг барча чегаралари бўйлаб вазият енгиллашмоқда. Бу муҳим олға силжишдир, чунки Ўзбекистон минтақанинг маркази бўлиб, барча мамлакатлар, жумладан, Афғонистон билан ҳам чегарадошдир.

Янги йўллар очилмоқда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитойни боғловчи йўлдан фойдаланиш ривожланиши кутилмоқда. Туркманистон Ўзбекистон ҳудуди орқали электр қувватини Тожикистонга экспорт қилиши салоҳиятига эга. Совет Иттифоқидан мерос қолган ягона электр тармоғини қайтадан тиклаш ҳақида гапирилмоқда. Ўзбекистон ўша тармоқдан 2009 йили чиқиб кетган эди.

Олдга қараб, Ўзбекистондаги иқтисодий вазият яхшиланишига умид қилса бўлади. Ўзбекистониннг табиий транзит йўлаги сифатида эшикларини очиш ҳамда ҳукуматнинг эски ва янги чет эллик шериклар билан савдо-сотиқни фаол қўллаб-қувватлаши иқтисодий тараққиётга эш бўлиши турган гап.

Мамлакатда яқин келгусида ички ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши аломатлари сезилмайди, бироқ узоқ йиллар давомидаги турғунликдан сўнг яшаш стандартлари яхшиланиши Мирзиёев ўзининг ҳокимиятдаги мавқени мустаҳкамлаб олиши учун етарли бўлади.

Айтилганлардан келиб чиқиб, баъзи дастлабки хулосаларни қилишимиз мумкин: 1. Янги президент раҳбарлигида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига бўлган умид мустаҳкамланмоқда. Бироқ ижтимоий ёки сиёсий ислоҳотларни кутиб овора бўлманг.

2 Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилида ижтимоий ёки сиёсий ислоҳотлар ўтказилмади, аммо Ўзбекистондаги ҳаёт стандартлари яхшиланди.

Брюс Панниер

XS
SM
MD
LG