Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

"Ахборот кодекси" сўз эркинлигига таҳдидми?


Иллюстратив сурат: Нью-Йоркдаги “Хьюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек расмийларини Ахборот кодекси лойиҳасини қайтариб олишга чақирган.
Иллюстратив сурат: Нью-Йоркдаги “Хьюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек расмийларини Ахборот кодекси лойиҳасини қайтариб олишга чақирган.

Ўзбекистоннинг янги Ахборот кодекси ўзгартиришларсиз қабул қилинса мамлакатда матбуот ва ифода эркинлиги чекланиши мумкин, демоқда Озодлик билан суҳбатда бўлган блогер ва журналистлар.

Янги “Ахборот кодекси” Ўзбекистон ҳукумати Ягона порталига 29 декабрга қадар муҳокамага қўйилган.

Кодекс билан ахборотга оид масалалар, жумладан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги, ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисидаги, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳамда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги жами саккизта амалдаги қонунни бирлаштириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ҳозирланган Ахборот кодекси жорий йилнинг 14 декабрь куни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали”да муҳокамага қўйилди.

Ҳозирга қадар 63 киши қонун лойиҳасига ўз фикрини билдирган.

“Конституцияга зид. Диктатура учун пойдевор”

Кодекснинг ҳаққоний бўлмаган ахборот учун унинг манбаи ва муаллифи қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ҳақидаги 8-моддаси ва ахборотни берганлик учун томонларнинг келишувига мувофиқ ҳақ олиниши назарда тутилган ахборот олиш тартиби ҳақидаги 10-моддаси кўплаб эътирозга сабаб бўлмоқда.

“8-10- моддалар Конституцияга зид. Хуллас ушбу қонуннинг 8 ва 10-моддаларини Конституцияга зидлиги, сўз эркинлигини бўғиши ва халқ манфаатларига тўғри келмаслиги сабабли, қонуннинг ушбу моддаларини олиб ташлашингизни сўраймиз. Агар бу қонун шундайлигича қабул қилинса, эркин фикр шу билан йўқолади. Қайсидир журналист, блогер ёки бошқа шу ишга алоқадор шахс ахборот олишини пуллик қилиб қўйиш бу ўтакетган беъманиликдир. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бундай ахмоқона қонун қабул қилинмаган. Шунинг учун ушбу қонуннинг 8 ва 10-моддаларини олиб ташлаш керак, ёки халқ манфаатларига мос бошқа матн билан тўлдириш керак. Бўлмаса бу қонуннинг ҳаётга тадбиқ қилишнинг умуман кераги йўқ. Ер сотдик, газ,нефтларни сотдик ёки текинга бериб юбордик, сотилмаган нима қолди ўзи?.

Янада аниқроқ қиладиган бўлсак, АОКА Россия Федерациясининг фейклар тўғрисидаги қонунидан илҳом олган кўринади. Жамиятни фикр билдириш, ахборот олиш ва тарқатишини чеклаб ҳеч қачон ривожланишга эришиб бўлмайди. Сизларга фақат репрессив қонунлар бўлса, жамиятни оғзини ёпиш бўлса бўлди. Қачон "одам" бўласизлар? - дея кодекс лойиҳаси остига ўз фикрини ёзиб қолдирган Фарҳод Умаров исмли шахс.

Муслим Шодмонов исмли бошқа бир шахс: кодекснинг 8 ва 10-моддалари ўзгартирилиши ёки олиб ташланиши керак. Моддаларнинг бу холича қолдирилиши бугунги ва келажакдаги диктатура учун пойдевор бўлади деб ҳисоблайман”, - деб фикр билдирган.

“АОКА кодекс лойиҳасини қайтариб олиши шарт!”

Бундан олдин Нью-Йоркдаги “Хьюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбек расмийларини Ахборот кодекси лойиҳасини қайтариб олишга чақирганди.

“Қонун чиқарувчилар мазкур қонун лойиҳасини, фикр эркинлиги ҳамда дискриминацияга йўл қўймаслик тамойили учун жиддий оқибатлар юзага келишини эътиборга олмасдан, қабул қилишга шошмасликлари лозим. Уни кўриб чиқишга киришишдан аввал депутатлар ҳужжатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро меъёрларга тўлиқ мувофиқ келишига амин бўлишлари керак”, дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

“Лойиҳада таклиф этилаётган “бир жинсли шахслар ўртасидаги ғайритабиий муносабатлар пропагандаси”ни тақиқлаш тўғрисидаги дискриминацион моддалар Ўзбекистонда ЛГБТга мансуб кишилар дуч келаётган дискриминация ва стигматизациянинг янада кучайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу моддалар кодексдан чиқариб ташланиши керак”, дейилган HRW баёнотида.

Ҳуқуқ фаоллари кодексда кўзда тутилган ҳар қанақа чекловнинг зарурати асосланган ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрлар талабига мувофиқ бўлишига эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлайдилар.

HRW бу каби муҳим ҳужжат муҳокамаси учун икки ҳафталик муддат ажратилиши етарли эмаслигига ҳам эътибор қаратганлар ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари борлигини эслатган.

Мира Риттманга кўра, ўзбекистонлик қонун чиқарувчилар мазкур Ахборот кодекси журналистлар ва бошқа одамлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаши лозимлигини ёдда тутишлари керак.

“Кодекс лойиҳасидан инсон ҳақларига зид келувчи меъёрларни чиқариб ташлаш ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас”, деган HRW вакиласи.

Cўз эркинлигига таҳдид солиши мумкин қонунлар

Ўзбекистонда “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китоби муаллифи, таниқли журналист Карим Баҳриевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, муҳокамага қўйилган Ахборот кодекси аслида матбуот ҳақидаги амалдаги қонунларнинг тўплами холос.

“Мен танишиб чиқдим. Ҳамма эски қонунларни тўплаб битта кодекс қилишган. Биз шу эски қонунларни такомиллаштириш керак, камчиликларини тузатиш керак деб таклиф киритсак булар, шуларни ҳаммасини жамлаб қўяқолишган. Камчиликлар турибди. Россияда, Қозоғистонда Ахборот кодекси қилишибди, бизда ҳам қиламиз, деб қилинаётган иш. Ўйлайманки, уни бу холида қабул қилишмайди”, - дейди Карим Баҳриев.

Канадада яшови ўзбек журналисти, “Негатив” канали бош муҳаррири Улуғбек Ҳайдаров фикрича, Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш учун мамлакат Конституциясига амал қилинса кифоя.

“Ўзбекистонда цензура йўқ деб мамлакат Конституциясида аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган.Яна шу Конституциянинг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, дейилган. Бош қонунда шундай ёзилган экан яна қанақадир Ахборот кодекси яратиш кимга керак бўлди экан. Ўзбекистонда ҳеч ким бўйсунмайдиган бош қонунда шундай белгилаб қўйилган. Матбуот эркинлиги эса амалдорларга керак эмас. Чунки, матбуот эркин бўлса амалдорларнинг чўнтагидан барака қочади”, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, журналист Абдураҳмон Ташанов Озодлик билан суҳбатда матбуотга оид ҳар қандай қонун сўз эркинлигига таҳдид солиши мумкин дейди.

”Айрим ривожланган мамлакатларда матбуот ҳақида ҳеч қандай қонун ҳужжатлари мавжуд эмас. Улар ҳар қандай қонун сўз эркинлигига таҳдид солиши мумкин, дейишади. Аммо Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳимоялашга қаратилган 12 та қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари мавжуд. Ҳатто яқинда Ахборот Кодекси ҳам умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Кодексда деярли янги гап йўқ. Аввалги қонунлар мажмуасидек кўринди менга. Айни кунларда шууримда Бисмаркнинг гаплари айланиб қолган: “Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди”, - дейди Ташанов.

Канадада яшовчи собиқ журналист Баҳтиёр Шоҳназар кодекс лойиҳасида блогерлар профессионал журналистлар билан тенг кўрилмагани унинг жиддий камчилиги экани ҳақида фикр билдиради.

Ҳужжат муҳокамаси 29 декабрь куни ниҳоясига етиши маълум қилинган.

Кодекс юзасидан билдирилаётган танқидларга муносабат олиш учун Озодлик Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот котиби Азамат Акабировга боғланишга ҳаракат қилди. Лекин, АОКА сайтида келтирилган унинг телефон рақамига кун давомида боғланиб бўлмади.

Форум

XS
SM
MD
LG