Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Икки адвокатнинг шариатни Конституциядан устун қўйганига оид МХХ иддаоси рад этилди


Uzbekistan - T-shirt on which written Uzbekistan National Security Service
Uzbekistan - T-shirt on which written Uzbekistan National Security Service

Шу йилнинг 25 июлида Тошкент шаҳар адвокатлар палатасининг малака комиссияси икки адвокатнинг касбий одоби ва малакасига оид МХХ мулозими киритган тақдимномани кўриб чиқди ва унда илгари сурилган талабни рад этди.

Озодлик бу ҳақдаги маълумотни тилга олинган палата мулозимидан олди.

Маълум бўлишича, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, подполковник Б. К. палатага киритган тақдимномада адвокатлар касбий малакасизликда ҳамда "исломий давлатда яшашни афзал", деб билишда айбланган.

Адвокатлардан бирининг Озодликка айтишича, уларнинг "исломчиликда" айбланишига ифтор пайтида оғиз очиш учун сув сўрагани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

МХХ зобитининг тақдимномаси

Нусхаси Озодликда мавжуд 3 варақли тақдимномада айтилишича, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси тергов бўлинмаси юритувидаги 9406-сонли жиноят иши бўйича тергов даврида айбланаётган шахснинг адвокатлари “касбий одоби ва малакасига мутлақо нолойиқ тактикани қўллаган”.

Тақдимномани киритган МХХ подполковниги адвокатлардан бирини “давлат органлари фаолиятини Ислом дини қоидалари асосида ташкил қилишни тарғиб қилганликда” ҳам айблаган.

“Курбанов А.К. тергов ва процессуал ҳаракатларда иштироки давомида ислом дини талаблари асосида бошқариладиган давлат тузумини ёқлаб, давлат органлари фаолиятини ислом дини қоидалари асосида ташкил қилишни тарғиб қилиб. “исломий давлат”да яшашнинг “афзалликлари”, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ислом динига эътиқод қилувчи шахсларга бошқа дин вакилларига нисбатан усутунлик бериш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида фикр билдириб келмоқда...”- деб ёзган МХХ зобити адвокатлар Мухтабар Ҳасанова ҳамда Абдуғани Қурбоновларни адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилишни сўрган.

Адвокатга нисбатан билдирган бундай айбловини изоҳлаб беришини сўраш учун МХХ зобити Б.К. билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Адвокат Курбанов А.К. эса, Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Зобит киритган тақдимноманинг юқорида келтирилган парчаси давомида бундай дейилган: “Унга (Курбановга – таҳр.) тергов томонидан бу қарашлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид эканлиги тушунтирилганида, Курбанов А.К. кексайиб бораётгани сабабли Конституция талабларини унутиб бораётганини, “охиратни, қандай дафн этилишни ўйлаб, ислом дини асосида афзал кўраётгани”ни маълум қилиб келмоқда”.

Диний мотив қаердан пайдо бўлди?

Адвокат Мухтабар Ҳасанова Озодлик билан суҳбатда МХХ зобитининг ҳамкасбига нисбатан илгари сурган диний мотивдаги айбловини МХХ тергов изоляторига ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш учун борганларида рўй берган воқеа билан боғлади:

- Рўза кунлари эди. Ҳамкасбим иккаламиз ҳам рўза оғиз эдик. Соат 4 ларда кириб, 10 ларгача қолиб кетдик. Ифтор вақти бўлганида сув сўрадик Б.К.дан. У бизга “Бу диний идора эмас санларга”, деди. Кейин биз рўза тутиш тақиқланмагани, Президентимиз ўзлари ҳам ифторларга қатнашаётганини айтдик. Ўша воқеа туфайли пайдо бўлган бўлса керак, тақдимномадаги диний айблов, - деди Мухтабар Ҳасанова.

Тошкент шаҳар адвокатлар палатаси мулозимининг (исмини айтмасликни илтимос қилди) Озодликка айтишича, МХХ зобити киритган тақдимномани малака комиссияси 25 июлда кўриб чиққан, унда келтирилган важлар тасдиқланмаган ва МХХнинг талаби рад этилган.

МХХ мулозимининг адвокатлар устидан ёзишига нима туртки бўлди?

Бу саволга жавобан, адвокат Мухтабар Ҳасанова “Айбимиз - ҳимоямиз остидаги шахсдан терговчи талаб қилганидай, айбига иқрорлик олиб бермаганимиз бўлса керак”, деди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ИИББнинг наркотрафик ва гиёҳвандликка қарши кураш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, майор С. З. ва бошқа бир неча шахс гиёҳванд моддалар сақлаш ва сотишда айбланмоқда ва бу ишда М. Хасанова ҳамкасби билан айбланувчиларни ҳимоя қилмоқда.

Адвокат Ҳасанованинг иддаосича, жиноят иши сохта гувоҳликлар, зўраки иқрорликларга қурилган, ишда С.З.нинг айби тасдиқланмаган.

Мазкур жиноят иши ҳозирда мазмунан кўриб, ҳал қилиш учун жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судига юборилган.

"Адвокатлар босим остида"

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, адвокатларга МХХ мулозимлари томонидан босим ўтказиш одатга айланиб қолган.

- Нафақат МХХ, бошқа идоралар, масалан, прокуратура, адлия, ички ишлар томонидан ҳам адвокатларга босимлар бўлиб туради. Мен ўзим адвокатларни ҳимоя қилиш процессларида бир неча марта қатнашганман. Бу Ўзбекистонда адвокатура институтининг ҳали ривожланмаганидан далолатдир. Қолаверса, кейинги йилларда адвокатлар ваколатлари бир неча бор қисқартирилди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Адвокатлар таянадиган ҳужжатлар

Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти 1996 йил, 27 декабрда имзоланган “Адвокатура тўғрисида”ги, 1998 йилнинг 25 декабрида имзоланган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунлар билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги “Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ва яна бошқа бир неча ҳужжат билан тартибга солинади.

XS
SM
MD
LG