Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2020, Тошкент вақти: 21:11

Хорижга чиқиш паспортини олиш ҳам ур-йиқит билан бошланди


Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида паспорт учун навбат.

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортларига ариза топшириш ур-йиқит билан бошланди. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари олдида узун навбатлар юзага келди.

Тошкентнинг 11 туманида янги жорий этилаётган хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжатларни қабул қилиш 4 январдан, 7 январдан эса, вилоятларида янги паспорт учун аризаларни қабул қилиш бошланди.

1 январдан хорижга чиқмоқчи бўлганлар икки йилга бериладиган ОВИР стикерлари ўрнига 10 йилга бериладиган хорижга чиқиш паспортини олишлари керак бўлади.

Ўзбекистоннинг пойтахт Тошкентдан ташқари деярли барча ҳудудларидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МФР) бўлинмалари олдида шу кунларда турнақатор навбатлар юзага келган.​

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда Самарқанд, Гулистон, Урганч, Термиз шаҳарларидаги МФР бўлинмалари олдида тиқилинч юзага келганини кўриш мумкин.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун ариза топширгани Самарқанд шаҳар МФР идорасига борган самарқандлик Бахшулло Орипов ўз бошидан кечирганларини Озодликка сўзлаб берди:

“Бугун саҳарда, соат 6га келиб навбатга 169инчи бўлиб ёзилдик. 70 одамга ариза топширишга талон берди, қолганларга жавоб бериб юборди, эртага келасизлар деди. Одамлар бир кун олдин бориб, ОВИРни (идоранинг эски номи - таҳр.) олдига ётиб олишяпти. Олдин ОВИР стикери учун навбатга турган бўлсак энди ҳудди шу идорани олдида хориж паспорти учун турибмиз”.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги МФР бўлинмаларида ҳам хориж паспортига ариза топшириш асаббузарликлар билан кечмоқда.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри МФР бўлинмасига борган сирдарёлик Ориф Иноғомов:

“Бардак, ур-тўполон бўлиб ётибди. Паспортга анкетани 20 минг сўм тўлаб тўлдиряпмиз. Ўзимиз тўлдириб борсак, қабул қилмас экан. Паспорт учун пул тўлагани "Ипотека банк"га жўнатяпти, банк эса ишламаяпти. Шу бўйи бугун сарсон бўлиб, аризани топширолмадик. Эртага навбатга ёзилиш учун саҳарда яна борамиз. Ҳозир топширсак феврал ойида бўлиб қолар, деяпти унда ҳам аниқ эмас экан. Олдин ОВИР стикери учун навбатга турдик, биометрик паспортни ҳам ур-йиқит қилиб олдик, энди хорижга чиқиш паспортига ҳужжат топшириш ҳам шундай бўляпти​”.

Лекин, пойтахт Тошкентдаги ОВИР бўлимларида хориж паспорти олишда муаммо кўринмайди.

1 январдан хорижга чиқмоқчи бўлганлар 10 йилга бериладиган хорижга чиқиш паспортини олишлари керак бўлади.

Ҳозирда амалдаги биометрик паспортида муддати битмаган чиқиш визаси бўлган фуқаролар, чиқиш визаси стикерининг муддати битгунича бемалол четга чиқиши мумкин.ОВИР муддати тугамаганлар тугагунча ҳозирги паспорти билан юриши мумкин.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2018 йил 16 август куни имзолаган фармонида паспортлар 10 иш кунида расмийлаштирилиши, хизматлар электронлаштирилиши ва ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан хориж паспорти олиш бўйича юзага келган вазият юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиевнинг маҳаллий нашрларга билдиришича, Хорижга чиқиш паспорти Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни ичида берилиши керак.

Ўзбекистон халқаро талабларга жавоб бермайди, деган важ билан 2011 йил январидан паспортларини алмаштира бошлади. Биометрик паспортлар 2015 йил охиригача алмаштириб бўлиши лозим эди.

2015 йил охиригача биометрик паспортга тўлиқ ўтилмагач, паспорт алмаштириш муддати 2018 йилнинг биринчи ярмигача узайтирилди.

Бироқ катта маш-машалар билан алмаштирилган паспортлар 10 йил ҳам амал қилмасдан яна алмаштириладиган бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари қўлларидаги жорий биометрик паспорт билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар, шу жумладан Россияга чиқишлари мумкин.

Шунингдек, аввалги биопаспорт билан унда мавжуд бўлган стикер муддати тугагунга қадар бошқа мамлакатларга ҳам чиқиш мумкин.

XS
SM
MD
LG