Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:40

Тельман Гдлян: Мен ўзбек халқини эмас, ўғрибошиларни қамаганман


Тельман Гдлян
Тельман Гдлян

Ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлилар Республика бош прокуроридан ўтган асрнинг 80-йилларида “Пахта иши” деб аталган жиноят ишларини тергов қилган москвалик терговчилар Тельман Гдлян ва Николай Ивановга нисбатан жиноий иш қўзғатишни талаб қилмоқда.

Бу борада тарихчи-публицист Шуҳрат Саломов, психология фанлари доктори Маҳмуд Йўлдошев, Қашқадарё вилоят ИИБ сиёсий бўлимининг собиқ бошлиғи, пенсионер Олломурод Исоқулов, заҳирадаги подполковник Шокир Долимов ва ёзувчи Акбар Мирзолар томонидан имзоланган мурожаатни ЎзА ахборот агентлиги 3 май куни эълон қилди.

Зиëлилар мурожаатида ëзилишича¸ "Ўзбекистонда ишларни кўриб чиқиш чоғида Гдлян шахсан ўзи ва унинг тергов гуруҳи қонунларни қўпол равишда бузиб келишган, ўзбек халқига нисбатан зўравонлик, ўзбошимчалик, таҳқирлаш, ҳақоратлаш ва қадр-қимматини топташга йўл қўйган".

Муаллифлар Халқаро Ҳаага судига мурожаат йўллаш ҳамда Интерпол бюроси орқали Гдлян ва Иванов гуруҳида бўлган барча терговчиларнинг Ўзбекистонга экстрадициясини талаб қилиш таклифини билдирган.

Бу чақириқ ортидан Озодлик шу кунларда Москвада истиқомат қилаëтган 78 яшар Тельман Гдляндан изоҳ сўради. Озодлик билан бир соатдан зиëд суҳбатлашган собиқ терговчи ўзбек-совет коррупционерларини қамаганидан афсусланмаслигини билдирди.

Суҳбат давомида Гдлян "Пахта иши"нинг жамоатчилик учун ёпиқ қолиб келаётган жиҳатларини очиқлади. Тельман Гдляннинг 8 май кунги 1 соатдан кўпроқ давом этган суҳбати унинг Озодликка берган биринчи интервьюси эмас. Бу гал собиқ терговчи Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан боғлиқ маълумотларни ҳам айтди. Гдляннинг айтишича, Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов ҳам "Пахта иши" аталмиш жиноят ишида фигурант бўлган.

Гдлян, шунингдек, ўтган асрнинг 80- йилларида Ўзбекистоннинг мафкуравий раҳбарларидан бўлган Раъно Абдуллаеванинг ўша даврдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов билан "ишқий муносабатлари бўлгани"га оид иддаоларни ҳам айтди. Озодлик бу иддаолар нишони бўлган Раъно Абдуллаева фикрини ҳам ўрганди.

Жорий йилнинг 8 майида Озодлик билан суҳбатлашган Тельман Гдлян уни жавобгарликка тортиш талаби битилган баёнотни 30 йил олдин юз берган воқеаларга гуноҳкор излаш¸ мавжуд муаммолардан аҳоли диққатини чалғитиш учун қилинган тадбир деб атади:

- Жамиятдаги тўпланиб қолган муаммолардан жамоатчиликни чалғитиш учун ўйлаб топилган сариқ чақага ҳам арзимайдиган¸ аммо ҳис-ҳаяжон билан тўлдирилган тадбир бу. Ўзбекистондаги иқтисодий¸ ижтимоий ва сиëсий муаммолар ечимини топа олмаган раҳбарият ўтган асрнинг саксонинчи йилларида юз берган жиноят ишларини тергов қилган терговчиларни айбдор қилмоқчи. Мен Ўзбекистон ва ўзбеклар зеҳниятини яхши биламан. Юқоридаги хўжайин буюрмаса бирорта ëзувчи ëки зиëли ўз ташаббуси билан масала кўтариб чиқмайди. Кўтариб чиққанда ҳам миллий ахборот агентлиги буни чоп қилмайди¸ -деди Тельман Гдлян.

Телман Гдлян билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:37:07 0:00

Ўзбекистонлик бир гуруҳ зиёлиларнинг “Гдлян минглаб ўзбекларни асоссиз қамаган” деган айбловига жавоб берган собиқ терговчи “Мен фақат Рашидов давридаги ўғрибошилардан 62 нафарини қамаганман. Уларнинг айбини¸ улар амалга оширган коррупция кўламини ҳозир ҳам ҳужжатлар билан исботлаб бера оламан. Ўзбекистон ҳукумати мустақил бир комиссия тузиб ишни ўрганса мен ҳамкорлик қиламан. Токи улар ўғри киму¸ тўғри ким деган саволга топсин. Ўзбекистонда пахтани қўшиб ëзиш масаласида минглаб одамлар¸ оддий бригадир ва пахтакорларни мен эмас, маҳаллий прокуратура ва КГБ қамаган. Мен ўзбек халқини эмас ўғрибошиларни қамаганман. Мен учун оддий ижрочилар қизиқ эмас эди. Айнан мен бошқарган гуруҳ¸ маҳаллий прокуратура қамаган мингдан зиëд киши зиммасидан пахта қўшиб ëзиш жиноятини олиб ташлаб, қамоқдан озод қилди. Мен республика раҳбариятидан ўрин олган коррупционер ўғрибошиларни қамадим. Уларнинг ичида Ўзбекистон бошқаруви юқори эшелонидаги ўғирлик ва коррупцияни тизимга айлантирган мулозимлар бор эди¸- деди саксонинчи йилларниннг афсонавий терговчиси.

“Ислом Каримов пахта қўшиб ëзиш жинояти иштирокчиси”

Ўзбекистондаги "Ëшлар" телеканали 2016 йил, 5 сентябрь куни “Куч адолатда” деган ҳужжатли фильмни намойиш қилди. Фильмда марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистонда “Пахта иши”, деб аталган “Гдлян-Иванов қатағонига нуқта қўйган қаҳрамон" сифатида кўрсатилди.

Олдинроқ - 2 сентябрь куни Ислом Каримов хотирасига бағишланиб Форумлар саройида ўтказилган мажлисда сўзга чиққан “Нуроний” жамғармаси вакили Анвар Иноятов Каримовни “Совет даврида Гдлян-Ивановга қарши тура олган жасорат соҳиби”, деб атаган эди.

Озодлик билан суҳбатда Тельман Гдлян “Каримов Совет давридаги “Пахта иши“ доирасидаги терговга қарши бирор бир ҳаракат қилмаган ва уни қаҳрамон қилиш ҳаракатида бўлганлар ғирт ëлғон гапиришмоқда” дея таъкидлади:

- Эътиборингизга Каримов ҳақида кўпроқ маълумотни тақдим қиламан. Ислом Каримов Ўзбекистон ССР молия тизими ва давлат план қўмитасида ишлаган пайтида пахтани қўшиб ëзиш¸ Кремль мулозимларига пора бериш ва пастдаги мулозимлардан пора олиш каби жиноятларнинг бевосита иштирокчиси эди. Агар Михаил Горбачев бизни тергов гуруҳимиз ишини тўхтатмаганида, албатта Каримовни қамоққа олар эдик. Кейинроқ менга маълум бўлишича Каримов оиласи мустақилликдан кейин мамлакатни талашни астрономик қамровда давом эттирган. Унинг қизи Гулнора Каримованинг миллардларни ўмаргани ва хозир жазо ўтаëтгани мени ҳайратга солмади. Қиз ота йўлидан юрди. Мустақиллик даврида мамлакатда кенг қамровли коррупцияни амалга оширганлар мен қамаган 62 нафар мулозимнинг бола чақаларидир. Улар зеҳнияти фақат талаш ва коррупциядан иборатдир¸- деди Тельман Гдлян.

Гдлян эътирофига кўра Ислом Каримов Совет давридаëқ коррупцияга аралашган
Гдлян эътирофига кўра Ислом Каримов Совет давридаëқ коррупцияга аралашган

Мафкура котибаси Абдуллаевага қарши иддаолар

Озодлик билан суҳбатда Тельман Гдлян Наврўзни тақиқлаган мафкура котибаси Раъно Абдуллаеванинг Шароф Рашидов билан коррупцион ва ишқий алоқалари ҳақида илгари айтилмаган иддаоларни илгари сурди:

- Мен айтсам иддао бўлади. Ўта катта миқдордаги пора олди-бердисида айбланган Ўзбекистон компартияси идеология секретари Раъно Абдуллаеванинг ўз қўли билан ëзган иқрорномаси менда мавжуд. Бу иқрорномада Раъно Абдуллаева Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ва бошқа вилоят обком секретарларига ўйнаш бўлганини очиқ эътироф қилади. Иқрорномасида Абдуллаева 1967 йилдан то 1983 йилгача "Рашидовнинг севгилиси бўлганлигини" ëзади. Ўша давр учун катта сумма бўлган юз минглаб сўмларни мулозимлардан олиб пора сифатида Рашидовга берганини ҳам Раъно Ҳабибованинг ўзи иқрорномасида ëзган. Бу ҳоним республика аҳолисига одоб-аҳлоқдан насиҳат қилиш билан биргаликда коммунист этикасига тўғри келмайдиган ишларни қилган. Айш-ишрат учун мўлжалланган коттеж таъмирига ўша давр учун мисли кўрилмаган 36минг рубль сарфланган. Умуман мен тергаган мулозимлар юксак аҳлоқ намунаси эмас эди¸ - деди Гдлян..

Раъно Абдуллаева: Гдлянни Худога солдим!

Озодлик бу иддаолар ортидан комфирқанинг собиқ қотибаси¸ Москвадаги Бутирская турмасининг собиқ маҳбусиТошкентда яшаëтган 83 яшар Раъно Абдуллаева билан боғланди.

Суҳбат давомида Абдуллаева Гдляннинг 30 йил ўтиб бу гапларни эслашини “тубанлик “ деб атади:

- Тубанлик бу. Тубанликки чек-чегараси йўқ. Онам айтарди бундайларни Худога сол деб, мен ҳам Гдлянни Худога солдим. Нима қилади эски дафтарни қайта варақлаб. 1990 йилнинг 15 январида СССР Олий суди мени оқлади. Гап тамом вассалом. Негадир менинг оқланганим ҳақида Ўзбек матбуотида гапирмайди. Китобларим ҳам деярли тақиқда. Мен Тельман Гдлянни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги зиëлилар чақириқларини қўллаб қувватлайман¸ деди 1987 йилдан 1990 йилгача ҳибсда сақланган собиқ мулозима.

Раъно Абдуллаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:24 0:00

Ўзбек зиëлилари мурожаатида¸ "Ўзбекистон ҳудудида ўзбек халқига қарши содир этган жиноятларнинг асосий ижрочиси сифатида Тельман Гдлянни жиноий жавобгарликка тортиш Халқаро Ҳаага судига тортиш " талаби илгари сурилади.

"Ўзбеклар иши" ҳақидаги ҳужжатли фильм муаллифи Абдулазиз Маҳмудов Гдлянни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги зиëлилар чақириқларини “абсурд” деб атади:

- Абсурд бу. Биринчидан, Ҳаага трибунали уруш жиноятчилари ишини кўради. Иккинчидан, Россия ватандоши бўлган Гдлянни экстрадиция қилишни талаб қилиш ҳам кулгили. Бирорта суд қарори йўқ. Арзирли исбот ҳам йўқ. Агар Гдлян иши яна кун тарибига чиқса, бугун Ўзбекистон раҳбарлигида бўлганларнинг ота-боболари қилган ўғирликлар яна бир бор эсланиб, яна Гдлян ва Иванов ҳақ экан, деган гап чиқарди. Бу масалани кўтариш раҳбарларга обрў келтирмайди¸ - деди Абдулазиз Маҳмудов.

Киночи Абдулазиз Маҳмудов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:09 0:00

XS
SM
MD
LG