Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:35

Фарғонада участка нозири паспорт текшираётган пайтда пичоқлаб ўлдирилди


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида участка нозири паспорт текшируви ўтказаётган пайтда пичоқлаб ўлдирилди.

Гувоҳлар ва вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг айтишича, воқеа 18 август куни содир бўлган.

Шу куни Янгиқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини участка нозири бўлиб ишлаган 29 ёшли лейтенант Дониёржон Ортиқов Катпут қишлоғидаги хонадонлардан бирига паспорт текшириш учун келганида шу хонадон эгаси тарафидан пичоқланган.

Воқеадан хабардор катпутликлардан бири Озодлик билан суҳбатда милиция зобити қишлоқда “Тозалаш” тадбири пайти ўлдирилганини айтди.

- Бизнинг қишлоқда ўтган ҳафта махсус тозалаш тадбири ўтказилаётганди. Милиция уйма-уй юриб паспорт текшируви ўтказаётганди. Қишлоғимиздаги уйлардан бирига кирганида орада жанжал чиққан, қандай гап-сўз чиққанини билмайман, пичоқлаб қўйган ходимни, - деди исми сир қолишини истаган катпутликлардан бири.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозими Озодликка Янгиқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини участка нозири бўлиб ишлаган 29 ёшли милиция лейтенанти Дониёржон Ортиқов пичоқлаб ўлдирилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, милиция зобитини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, муқаддам талончиликда айбланиб, қамалиб чиққан Аббос Холиқназаров исмли шахс ҳибсга олинган.

- Паспорт сўраган, у одам эса муқаддам 166- модда, "Талончилик" бўйича судланиб, олти йил қамоқда ўтириб чиққан экан, учта жойига пичоқ уриб ўлдириб қўйган. Ҳозир бу бўйича Олтиариқ туман прокуратураси тергов олиб бормоқда, - деди ички ишлар мулозими.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан куч қўллаш ҳолатлари, кам бўлсада, учраб туради.

Хусусан, ўтган йили феврал ойида Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бошқармаси ходими Тоҳир Ҳайдаров “Фарғона Азот” корхонаси ошпази томонидан пичоқланган, ўнга яқин жойидан пичоқ еган милиция зобити оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

2016 йилнинг январ ойида эса Наманганнинг Ҳаққулобод шаҳрида милиция ходимининг оила аъзоларини ўлдирган 4 шахс 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Шарҳларни кўринг (12)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG