Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:59

Қирғизистонлик ўзбекларнинг "Бегойим" фонди Мирзиёевга мурожаат қилди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Боткен вилоятидаги ўтказиш-назорат маскани.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Боткен вилоятидаги ўтказиш-назорат маскани.

Қирғизстоннинг Жалолобод шаҳридаги “Бегойим” жамоатчилик ёшлар адабий фонди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат йўллаб, қирғиз-ўзбек алоқаларини жонлантириш масаласини кўтарди.

Интернетда эълон қилинган мурожаатномада икки давлат ўртасидаги чегара пунктларида назоратнинг қаттиқлиги оддий халқ қариндош-уруғчилик ришталарининг узилиш даражасига олиб келаётгани тўғрисида сўз юритилган.

Шунингдек, Ўзбекистондан бадиий китобларнинг аввалгидек келмай қолиши этник ўзбекларни миллий адабиётдан олислашга мажбур қилаётгани белгиланган.

“Бегойим” жамоатчилик ёшлар адабий фондининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган очиқ хати 19 июлда ташкилот раисаси Раънохон Мамитованинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди.

- Нимага муҳтожлик сезсанг, ўша муаммога кўпроқ кўнгил бураркансан. Биздаги асосий муаммоларнинг бири – бадиий китоблар етишмаслиги. Мен мактабларга бориб, кутубхоналарга кираман. Вақтим тиғиз бўлса ҳам кираман. Совет давридаги социализм мавзусидаги китоблар чанг босиб ётибди. Кутубхоначилардан ўзбекча эртаклар ёзилган китоблар бор-йуқлиги ҳақида сўрайман. “Қанийди бўлса, китоб токчаларига териб қўймасмидик”, дея жавоб беришади,- дейди Раънохон.

Мурожаатномада чет давлатлардаги этник ўзбекларни эсдан чиқармаслик илтимоси айтилиб, бу борада қирғиз ҳокимияти юргизаётган ишлардан андоза олиш кераклиги ҳақида ҳам сўз бўлади. Расмий Бишкекнинг юргизаётган ишлари мақталиб, ҳукумат сўнгги йиллари этник қирғизларга эътиборни кучайтираётганига урғу берилган. Олий ўқув юртларида ўзбекистонлик қирғизларга 100 ўрин ажратилгани ёзилиб, Ўзбекистон ҳам қирғизстонлик ўзбекларнинг келиб ўқишига шароит яратиши лозимлиги тилга олинган.

Ўзбекистон 2010 йили Қирғизстон билан чегарада назоратни кучайтирган. 2013 йилдан бошлаб қариндош-уруғлар фақат телеграмма орқали қатнаб қолишди. Оддий халқ аввал деярли барча назорат пунктларидан ўтиб юрган бўлса, ҳозирда учта катта постдангина қатнашади. Сўнгги йилларда икки давлатдан бири бирига қиз узатиб, келин олган урф-одатлар деярли тўхтаб қолди. Чегара муаммоси йўқ пайтда у ёки бу давлатга келин бўлиб тушган аёллар орасида яқинлари, хатто ота-онаси оламдан ўтса, бора олмай қолганлари анчагина. Бу масала “Озодликда” аввал ҳам бир неча бор кўтарилган.

Тошкентга йўлланган очиқ хат қирғиз жамиятида турлича таҳлил қилина бошлади. Баъзилар буни бошқа давлат ишига аралашиш сифатида қабул қилиб, нотўғри дея бахолашяпти. Қирғиз-ўбек алоқаси ҳақида қатор мақолаларнинг муаллифи, публицист Жўлдўш Турдубоевнинг фикри қуйидагича:

- Бу иложсизликдан ёзилган мурожаат. Шунга мажбур бўлишди-да. Буни ёмон фикрда қабул қилмаслик лозим. Асосийси, шу очиқ хатни провокация сифатида ишлатмаслик керак. Хар-хил олди-қочди гапларни қўшиб, муаммо қилиб юборишмаса бўлди.

Турдубоевнинг фикрича, худди шу каби муаммолар ўзбекистонлик қирғизларга ҳам тааллуқли ва бу масалага ҳукуматлар эътибор қаратиши керак.

Қирғизстон билан Ўзбекистон ўртасида бир неча йил музлаб турган алоқа 2016 йилнинг кузида, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг жонлана бошлади. Маданий учрашувлар ташкил этилиб, чегараларни аниқлаш борасида музокаралар тез-тез ўтмоқда. Аммо чегара пунктларидаги қаттиқ назорат, телеграмма системаси қачон олиниши даргумон.

Қирғизстон вице-премьер-министри Жениш Разаков хукуматлараро музокаралар натижали ўтаётганини айтиб, аммо юқорида айтилган муаммолар, асосан телеграмма системаси қачон биратўла олиниши белгисиз эканини билдирди. Сабаби, бу қоидани Ўзбекистон киргизган:

- Музокараларнинг бошлангани биз учун катта муваффақият. Учрашувлар мунтазам равишда, ой сайин бир Қирғизстонда, бир Ўзбекистонда ўтказиляпти. Аммо ишлар хали бери кўп. Қачон охирига чиқишини айта олмаймиз.

Қирғизстонда этник ўзбеклар ҳалқнинг 14 фоизини тузади. Асосан Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида яшашади.

Мирзиёевга очиқ хат йўллаган “Бегойим” жамоатчилик ёшлар адабий фонди 2007 йилдан бери ишлайди. Икки юзга яқин аъзоси бор. Раисаси Раънохон Мамитова овози Тошкентга етиб, истаклари ижобат бўлишидан умидвор:

- Жуда ишонмасак ҳам, умид бор. Чегарани тўлиқ очишмасаям, енгилликларни яратишса... Бир пайтлар келиб, бу муаммолар ҳал бўлади, албатта. Аввалгидек, Тошкент-Жалолобод поезди қатнаб қолса яхши бўларди.

Ҳозирда Қирғизстонда ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган 43, ўзбек тили аралаш ўқтиладиган 100 дан ошиқ мактаблар бор. Ўш ва Жалолободдавлат университетларида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедралари ишлайди. Аталган икки вилоятда ўзбек тилида расмий ҳафталик газеталар чоп этилади. Бундан ташқари “Интимақ” телерадиоканалида ўзбек тилида кўрсатув ва эшитиришлар кунига эфирга берилади. Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек драма театри мувафақиятли ишлаб келмоқда. Ҳафтасига Бишкек-Тошкент йўналишида самолет учади.

Санжар Эралиев, "Азаттиқ" радиоси мухбири

XS
SM
MD
LG