Линклар

19 феврал 2018, Тошкент вақти: 02:49

Ақтўбе қурбонлари: “Бола-чақага бир-икки сўм кўпроқ қолсин, деб автобусда йўлга чиқишганди”

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани, Чиндавул қишлоғида яшовчи Улуғбек Дадабоев Қозоғистонда 18 январь куни рўй берган автобус ёнғинида Россиянинг Самара шаҳридаги қурилишларда ишлаган икки синфдош дўсти ҳам ҳалок бўлганини Озодликка айтиб берди.​

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобусда чиққан ёнғинда ҳалок бўлган наманганлик меҳнат муҳжирлари Қаҳрамон Хотамов ва Зоҳиджон Имомалиевларнинг мактабда бирга ўқиган дўсти Улуғбек Дадабоев Озодлик билан суҳбатда фожеадан икки кун олдин марҳум синфдошлари билан бирга чойхонада ўтиришгани, улар бола-чақасига бир-икки сўм кўпроқ пул қолдириш учун Россияга автобусда йўлга чиқишганини айтди.

Улуғбекка кўра, 30 ёшли Қаҳрамон Хотамов ва Зоҳиджон Имомалиевлар Янги йилни оиласи билан кутиш учун Ўзбекистонга декабрь ойи бошида автобусда таътилга келишган, "бола-чақага бир-икки сўм кўпроқ пул қолсин", деб Самарага қайтишга ҳам автобусда йўлга чиқишган.

- Самарага кетишидан бир кун олдин бирга чойхонада гап қилиб ўтирдик. Жуда хурсанд эди иккалови ҳам. Янги йилни фарзандлари билан кутишга келишганди. Иккаловини ҳам учтадан фарзанди бор. Қаҳрамоннинг катта ўғли, 7 ёшда, мактабга боради, кичиги эмизикли. Зоҳидхоннинг ҳам 3 боласи бор. Россияга пул топишга кетаётганликлари учун ҳар бир сўм қадрли-да. Поездга қараганда автобус икки баравар, самолётга қараганда тўрт баравар арзон экан-да. Шунинг учун, бир-икки кун автобусда ўтирсак-ўтирибмиз, бола-чақага бир-икки сўм қолсин деб, булар автобусда йўлга чиқишганди, ким билибди бунақа бўлишини - дейди Улуғбек.

Улуғбекнинг айтишича, Қаҳрамон Хотамов ва Зоҳиджон Имомалиевлар Самарада 5 йилдан буён қурилишда ишлаб келишган.

Улар Россияда бу йил ёзда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати учун қурилаётган "Самара-Арена" стадиони қурилишида ҳам қатнашишган.

- Самарада футбол чемпионати учун қурилаётган “Самара- Арена” стадиони қурилишида ҳам қатнашган экан булар. Ёзда шу стадионда жаҳон чемпионати ўйинлари бўлар экан. Шу ҳақда фахрланиб гапириб беришганди. Эртага 20 январь куни уларнинг жасадлари қолдиқларини олиб келишар экан. Бугун жума намозида уларнинг қариндошларига таъзия билдирилди. Тошкентдан одамлар келиб, уйига таъзия билдириб кетишди, - деди Улуғбек.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистонда автобус ёнғинида ҳалок бўлган 52 кишидан 31 нафарининг шахси аниқлангани, уларнинг деярли барчаси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан эканини маълум қилди.

Вазирлик эълон қилган рўйхатдан маълум бўлишича, шахси аниқланган қурбонлар Тўрақўрғон туманинг “Катта қурама”, “Ўзбекистон”, “Бозорбоши”, “Чиндавул”, "Шоҳидон" қишлоқларидан, бир нафари эса Наманган шаҳридан.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, вилоят ишчи комиссияси томонидан Тўрақўрғон туманида фожиа қурбонларининг оилавий шароитини ўрганиш, оила аъзоларига тиббий-психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Самара - Чимкент автойўлининг Қозоғистондан ўтадиган қисмида 18 январда 57 киши бораётган автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар одам ҳалок бўлган, 5 нафар одам ёнаётган автобусдан қочиб чиқишга улгурган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG