Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2018, Тошкент вақти: 06:55

Ўзбек элчихонасининг ёпиқ дарвозаси олдида мотам тадбири ўтказилди 


20 январ куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида Россияда яшовчи ўнлаб ўзбекистонлик Қозоғистонда автобус ёнғинида ҳалок бўлган ватандошларини хотирлаш маросимини ўтказди. Москвадаги "Ватандош" бирлашмаси президенти Усмонхон Баратов бу ҳақда маълум қилди. Баратовга кўра, маросим пайти элчихонадан ҳеч ким улар олдига чиқмаган.

Москвадаги "Ватандош" бирлашмаси президенти Усмонхон Баратовнинг маълум қилишича, 20 январ куни ўнлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва фаоллар Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг ёпиқ дарвозаси олдида Қозоғистонда ҳалок бўлган ватандошлари хотирасига мотам тадбири ўтказишган.

Улар элчихонанинг ёпиқ дарвозасига гул қўйишди.

"Ватандошлар қаттиқ совуқда ўтказишди ва 20 январни мотам куни деб эълон килишди. Келганларни олдига на элчи на бошка ходимлар чиқди! Қолаверса элчихонадаги Ўзбекистон байроғи мотамга бағишлаб туширилмабди! Элчи учун 52-та ёш Ватандошларни ўлими оддий бир кун экан! Хайф сенга элчи!", - дея баёнот берди Усмонхон Баратов.

Озодлик Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасидан бу борада изоҳ ололмади.

18 январ куни Қозоғистоннинг Ирғиз туманида меҳнат муҳожирлари бўлган автобус ёниб кетиши оқибатида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ёниб кетган, 5 киши омон қолган эди.

Ўзбекистонда расман мотам эълон қилинган эмас. Лекин, Мусулмонлар идораси матбуот хизмати 19 январ куни Қозоғистондаги фожиа муносабати билан Ўзбекистоннинг барча масжидларида Жума намозида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига тиловати Қуръон қилиниб, дуолар қилинганини билдирди.

Мусулмонлар идораси раҳбарлари Наманган вилоятига, ҳалок бўлган инсонларнинг оилаларига ҳамдардлик изҳор этиш учун борганлар.

Ўзбекистон президенти ҳам қурбонларнинг оилаларига ўз таъзиясини билдирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG