Линклар

Кучли довул оқибатида Тошкентда камида бир одам дарахт тагида қолиб ўлди

  • Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Ўзбекистон бўйлаб 17-18 октябрь кунлари юз берган кучли довул оқибатида ўнлаб уй томи ва тунука деворларининг одамлар устига қулагани хабар қилинмоқда. Гувоҳларнинг Озодликка хабар қилишича¸ 18 октябрь куни Тошкентда бир одам устига дарахт қулашидан олган жароҳат оқибатида касалхонада жон берган.

18 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 57 ёшли одамни дарахт босиб қолган.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, кучли шамол туфайли дарахт босиб қолган чалажон одамни тез ёрдам олиб кетган ва у 16-сонли шаҳар касалхонасида жон берган.

"Шамол ёмғир аралаш бўлгани учун бу одам дарахт тагида турган ва бу дарахт одамнинг устига ағдарилган. Уни 16-горболницага олиб боришди, ўша ерда жон таслим қилди", - деди Озодликка гапирган тошкентликлардан бири.

16-сонли шаҳар касалхонасининг ходими Озодлик билан суҳбатда шифокорларнинг дарахт остида қолган аёл ҳаётини сақлаб қолишга уринишлари бесамар бўлганини айтди.

- Гуллола деган ёлни олиб келишди, дарахт босиб қолган, ўлди, - деди касалхона ходимаси.

Шунингдек, шаҳарнинг бир қанча жойида уйларнинг тунука томлари кучли шамол натижасида одамлар устига қулаган ва оқибатда бир қанча одам жароҳатланган.

Бухорода ўнлаб машиналарни дарахт босиб қолди.
Бухорода ўнлаб машиналарни дарахт босиб қолди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирга қадар табиий офат талофатлари ҳақида расмий билдирув қилгани йўқ.

Вазирликнинг исми сир қолишини истаган мулозими Озодликка табиий офат оқибатида бир одам ҳалок бўлгани ва ўнга яқин одамнинг майда жароҳат олганини тасдиқлади.

Вазирлик мулозимига кўра¸ 17 октябрь куни Бухорода беш қаватли бинонинг тунука томи тушиб одамлар устига тушиши оқибатида¸ етти одамга енгил жароҳат етган, учта машина шикастланган.

Озодликка Бухородан юборилган видеотасвирда уйнинг томи ўпирилиб, пастга қулаётганини кўриш мумкин.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, турар-жой биносининг 720 метр квадратлик тунука томининг 410 квадрат метрини шамол ўпирган.

Бухорода уйларнинг тунука томи одамлар устига қулаган.
Бухорода уйларнинг тунука томи одамлар устига қулаган.

Ўзбекистон гидрометереология маркази маълумотига кўра, 17 октябрь куни шамол тезлиги Хоразм ва Бухорода секундига 35-40 метрни ташкил этган.

Сирдарё ва Тошкентда эса 18 октябрь куни шамолнинг тезлиги секундига 23 метр бўлган.

"Ҳозир шамол пасайишга ўтди. Шунга қарамай аҳолини уйдан чиқмай ўтиришга чақирамиз" - деди Озодликка Ўзбекистон гидрометереология маркази мулозими.

Озодлик Ўзбекистон бўйлаб кузатилаëтган кучли шамол еткизган талофат тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG