Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Бош прокуратура тадбиркорнинг ёнини олиб, Олий судга протест билдирди


Фарғонадаги Марказий универсал магазинга доир Озодлик февралда хабар қилган хўжалик иши қайта кўриладиган бўлди.

Бош прокуратуранинг Олий хўжалик суди раёсатига киритган протестида бу иш бўйича аввал қабул қилинган учта суд қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралди.

54 яшар тадбиркор Ҳамидилло Топволдиев 10 млрд. сўмлик мулки – Фарғона шаҳридаги Марказий универсал магазин биносидан ажралиб қолганидан, унинг кўргиликлари ортида вилоят ҳокими турганидан Озодликка арз қилган эди.

Бош прокуратуранинг Олий хўжалик суди (ҳозирда Олий суд) раёсатига протести 2017 йилнинг 20 апрелида имзолангани Озодликка бугун маълум бўлди.

Протестда Олий хўжалик судидан Фарғонадаги Марказий универсал магазин бўйича, биринчи инстанция судининг 2015 йил, 3 мартидаги, апелляция инстанцияси судининг 2016 йил, 9 мартдаги ҳамда кассация инстанция судининг 2016 йил, 4 майдаги қарорларини бекор қилиш сўралган.

Ҳамидилло Топволдиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:01 0:00
Бевосита линк

Можаро фабуласи

Марказий универсал магазин билан боғлиқ ишнинг фабуласи,мулкнинг эгаси – Ҳамидилло Топволдиевнинг айтишича, будир:

Топволдиев ЦУМни реконструкциялаш учун банкдан 3 млрд 750 млн сўмлик кредит олган ва эвазига ЦУМ биносини гаровга қўйган. Кредитни олгач, 5 млрд. сўмлик иш бажарган. Яъни кредитдан ташқари ўз маблағини ҳам сарфлаб, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширган. Сўнг кредитни қайтариш билан боғлиқ мураккабликлар пайдо бўлган. Иш судга ошган. Дастлабки суд Топволдиевнинг сарф-ҳаражатларини ҳисобга олмасдан, кредит бериш учун белгиланган баҳони бошланғич баҳо деб олиб, ЦУМни соттириб юборган. Натижада умумий баҳоси 10 млрд. сўм бўлган ЦУМ 4 млрд. сўмга сотилиб кетган.

Ишнинг тафсилотларига тўхталмаймиз.

Прокуратура бу ишга нега эътибор берди?

Ҳамидилло Топволдиев Озодликка февралда мурожаат қиларкан, вилоят марказидаги Марказий универсал магазин биносидан ажралиб қолганидан арз қилган ва “мулкимдан ажралиб қолишим ортида вилоят ҳокими ва унинг укаси турибди”, деб иддао қилган эди.

Озодлик материали эълон қилинганидан кўп ўтмай, мартда Фарғона вилоятига Ўзбекистон Президенти девони таркибида янги ташкил қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш хизмати" раҳбари Турсунхон Худойберганов боради ва Ҳамидилло Топволдиев унинг қабулида бўлади.

- Турсунхон Худойберганов мени ўзи билан бирга келган Бош прокурор ўринбосарига рўпара қилди. Мен унга ҳамма ишни тушунтириб айтдим. Вилоят ҳокими рейдерлик усули билан мулкимизни босиб олганини, суд ишларига аралалашганини айтиб бердим, деди тадбиркор.

Ўша учрашувдан сўнг Бош прокуратура бир ойнинг атрофидаги вақт ичида Топволдиевнинг мулки билан боғлиқ ишни ўрганиб чиқди ва 20 апрелда Олий хўжалик судига протест киритди.

Марказий универсал магазин билан боғлиқ янги судлов қачон ўтиши ҳозирча маълум эмас.

Умид...

Ҳамидилло Топволдиев адолат қарор топишига умид қилмоқда.

- Агар орага пора аралашмаса, Бош прокуратура ўз протестида деталларигача кўрсатиб берган камчиликларни суд инобатга олади ва адолат қарор топади, деди Ҳамидилло Топволдиев.

Фарғона вилоят ҳокими ёки унинг вакилининг Топволдиевнинг иши юзасидан ҳар қандай кўринишдаги изоҳини эшитишга ва тингловчига етказишга тайёрмиз.

...ва иштибоҳ

Тадбиркорнинг иши билан Озодликнинг бу ҳақдаги материали февралда эълон қилинганидан сўнг фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам шуғуллангани маълум бўлди.

Янги суд ишининг перспективаси тўғрисида фикр билдираркан, Эргашев бундай деди:

- Масаланинг бир нозик жиҳати бор. Топволдиевнинг иши бўйича протест билдирилган қарорларни чиқарган Олий хўжалик судининг собиқ раиси шу кунда Олий суд раиси бўлиб ўтирибди. Лекин бу соҳада ислоҳотлар кетаяпти. Президент айтаётган гаплар чиндан ҳам амалга ошадиган бўлса, Топволдиев ишни ютиб чиқиши мумкин, деди Абдусалом Эргашев.

Тадбиркорни сизланг...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Андижон вилоятига қилган сафари давомида қилган маърузасида ҳуқуқ-тартибот идоралари, жумладан прокурорлар янги иш ўринлари яратиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошираётган тадбиркорларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиши, уларга “сиз” деб мурожаат қилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG