Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:42

Тошкентда киракашларга қарши рейдларда лицензияси йўқларнинг машиналари олиб қўйилмоқда


Аҳолиси сони 3 миллиондан ошадиган шаҳарда эса 9000 атрофида таксига эҳтиёж бор.
Аҳолиси сони 3 миллиондан ошадиган шаҳарда эса 9000 атрофида таксига эҳтиёж бор.

Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда шу кунларда лицензиясиз ишлаётган киракашларга қарши кенг миқёсли рейдлар ўтказилмоқда.

Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда ноқонуний одам ташиш билан шуғулланувчиларнинг автоуловлари жарима майдончаларига олинаётгани, ўзлари жаримага тортилаётганини тўғрисида жойлардан келаётган хабарларни асдиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил январида бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида "киракашларни солиққа тортиш давлатга, халққа қарши амал бўлишини" таъкидлаган эди.

Пойтахт Тошкентнинг автобус бекатлари, такси тўхташ жойлари ҳамда йўлларнинг бошқа қисмларида тўхатилган автомашиналар, агар уларда ноқонуний равишда одам ташилгани аниқланса, жарима майдончасига олиниб, ҳайдовчилар йирик миқдорда жаримага тортилмоқда.

Ўз исмини айтишни истамаган тошкентлик киракаш ҳайдовчилардан бири бу ҳақда Озодликка гапириб берди:

- Ҳар қадамда инспекция ходимлари. Одам олганингизни кўрса, тўхтатиб, машинани жарима майдончасига олишяпти. Бир ой муддатда лицензия қилишга мажбурлашяпти. Бунга қўшимча 7 миллион сўм жарима ҳам тўлаттиришяпти. Машинани ойига 250-300 долларга ижарага олганмиз. Машина бир ой жарима майдончасида турса, шу тургани учун ҳам машинанинг эгасига ижара пули тўлашга тўғри келяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 1 январь амалга кирган "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш бўйича чора тадбирлар тўғрисида"ги қарорда киракашлик қилиш учун лицензия олиш кўрсатилган.

Лицензияни эса Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги беради.

Ушбу агентлик мулозими Озодлик билан суҳбатда ўз машинасида таксичилик қилувчилар такси парклари билан шартнома тузиши лозимлигини айтди.

- Лицензия олиш учун бирон МЧЖга ҳайдовчи бўлиб ишга кириши керак. Улар билан шартнома тузса лицензия берилади. Якка тадбиркор бўлиб лицензия олиб бўлмайди.

Тошкент шаҳридаги такси паркларидан бирининг мулозими паркка ишга кирган ҳайдовчи кунига 16 минг сўмдан пул топшириши кераклигини айтди:

- Ҳар ой 16 минг топшириши керак. Кўп ишласа ёнига қолади. Бундан ташқари ойлик ҳам қилиб берамиз. Киракаш бир кунда топширадиган пулининг 50-60 фоизини маош қилиб ўзига қайтарамиз. Бундан ташқари бу иш стажига ҳам кириб, нафақа жамғармасига у учун пул ҳам ўтказилади.

Аммо, машинаси жарима майдончасига олиниб, иши бир неча миллионлик жарима тўлаш билан тугашига қарамасдан кўпчилик лицензиясиз одам ташишда давом этмоқда.

- Чунки лицензия олиб ҳайдаш зарарга бўляпти. Лицензия олгандан кейин таксопаркга кунига 15-20 минг сўм тўлаш керак. Машина арендаси кунига 40 минг сўм. Кунига 60-70 минг сўмлик газ тўлдириш керак. Бундан ташқари йилига лицензия учун Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги​га 5 миллион сўм тўлаш лозим. Қўшимча даромад солиғини ҳам тўлаш керак бўлади. Куни билан машина қувиб, ёнимизга ҳеч нарса қолмайди лицензия олсак, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Ўзбекистонда ишсизлик ва маошларнинг камлиги машинаси бор одамларнинг киракашлик билан шуғулланишга мажбур қилмоқда.

Машинаси йўқлар эса тирикчилик қилиш учун уни ижарага олиб одам ташийди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил январь ойидаги ҳукумат мажлисида киракашларни солиққа тортиш давлатга, халққа қарши амал бўлишини такъкидлаган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев киракашлар ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:33 0:00

"Эртага ундан солиқ олсак кимга қарши бу? Давлатга қарши, халққа қарши. 200 миллиард йўқотибмиз, 300 миллиард йўқотибмиз, бошқа ердан топса бўлади шуни, лекин у оддий одамни уч йил оёққа қўйиб олайлик", - деган эди президент Мирзиёев киракашларни назарда тутиб.

Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги маълумотига кўра, пойтахт Тошкентда ҳозирги кунда лицензияга эга таксилар 2500 тани ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG