Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:36

"Сомон Эйр" компанияси ўзбекистонлик ҳамкасбларидан узр сўради


Тожикистондаги “Сомон Эйр” авиакомпаниясининг тижорий директори Алишер Рустамов ва бошқа масъул ходимлар Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича 20 феврал кунги биринчи парвознинг амалга ошмай қолиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан четлатилди. Айни пайтда компания йўловчилардан ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасбларидан узр сўради.

Бу ҳақда компания матбуот учун хабарномасида маълум қилингани тўғрисида Озоди радиоси хабар қилди.

Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича 20 февралга режалаштирилган учоқ парвози Ўзбекистон томонининг айби билан амалга ошмагани тўғрисида душанба куни "Сомон Эйр" компанияси хабар қилган эди.

20 февралга режалаштирилган парвоз Душанбе билан Тошкент ўртасида мўлжалланган мунтазам қатнов доирасида “Сомон Эйр” компанияси амалга оширадиган биринчи рейс бўлиши, унда Душанбедан Тошкентга 26 йўловчи учиши керак эди.

“Сомон Эйр” авиакомпанияси 21 феврал, куннинг иккинчи ярмида эълон қилган хабарномада айтилишича, “компания раҳбарияти содир бўлган воқеа юзасидан ўз суриштирувини ўтказган ва “Сомон Эйр” томонидан тегишли ҳужжатлар тўплами Ўзбекистон томонига ўз вақтида жўнатилмаганини аниқлаган. Юзага келган вазият учун масъул тижорий директор Алишер Рустамов етакчилигидаги барча шахслар жазоланди ва лавозимларидан четлатилди”.

“Сомон Эйр” авиакомпанияси баёнотида, шунингдек, икки авиакомпания - "Сомон Эйр" ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ўртасида барча ташкилий масалалар ҳал қилинаётгани, Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналишидаги парвозлар яқин кунларда амалга оширилиши кутилаётгани айтилган, деб хабар қилди Озоди радиоси.

Душанбе ва Тошкент орасидаги авиапарвозлар бундан 25 йил муқаддам - 1992 йилда, Тожикистонда бўлган фуқаролар уруши туфайли бекор қилинган эди.

XS
SM
MD
LG