Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

ЎзМТРК ходимлари: Раҳбарият уйдаги гапни кўчага ташиганларни қидирмоқда


Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев
Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон МТРК раҳбарияти телерадиокомпания ходимлари фаолияти устидан назоратни кучайтиришга тушди. МТРКнинг бу ҳақда хабар қилган бир-биридан мустақил бир неча ходимига кўра, раҳбариятнинг бундай чораларга қўл уришига марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда айтилмаслиги лозимлиги тўғрисидаги огоҳлантиришнинг кенг жамоатчиликка ошкор бўлгани сабаб бўлган.

МТРК ходимларидан олинган бу маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг, ҳозирча, имкони бўлмади.

22 июнда Озодлик Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилингани ҳақида хабар берганди.

МТРК телекўрсатувлари режиссёрларидан бирининг 24 август куни Озодликка айтишича, МТРК раҳбарияти "ҳамма информациялар ташқарига чиқиб кетаётгани"дан ташвишга тушган:

"Икки кундан буён Ислом Каримов ҳақидаги хабарлар қаердан чиқяпти деган суриштирувлар бўляпти. Бугунги мажлисда ҳам шу масала кўтарилди. Яна гўё ҳамма информациялар ташқарига чиқиб кетаётгётгани ҳам жиддий масалага айланган".

МТРКдаги исми сир қолишни сўраган бошқа бир ижодий ходимнинг маълум қилишича, телеканаллар директорлари билан суҳбатлар ўтказилган:

"Директорлар ва муҳаррирлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказилаяпти. Ишдан бўшатилган одамларнинг рўйхатлари олинаётган экан. Чунки, раҳбариятнинг тахмин қилишича, Ислом Каримовга запрет қўйилгани ҳақидаги хабарни айнан ўшалар берган бўлиши мумкин экан".

Озодлик суҳбатлашган МТРК ходимларига кўра, 24 август куни бўлиб ўтган йиғинда телерерадикомпаниянинг баъзи раҳбарлари томонидан персонал устидан назоратни кучайтириш, ишга олиш ва бўшатиш масалаларини ҳал қилиш учун Хавфсизлик масалалари бўйича раис ўринбосари вазифасини қайтадан тиклаш таклифи ҳам илгари сурилган.

Аммо бу масалада узил-кесил қандай қарор олингани Озодликка маълум эмас.

Шу йилнинг апрелида МТРК устидан МХХ ходими кураторлигига батамом барҳам берилган эди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг МТРК ходимларидан бирига таяниб айтишича, МТРК раҳбарияти ходимларни Ислом Каримов исмини эфирда тилга олмаслик ҳақидаги огоҳлантириш бўлмаганига ишонтиришга ҳаракат қилган.

- Бугун миллий телерадиокомпанияда мажлис бўлган. Масжлис мавзуи Мустақиллик байрамини ёритиш, бошқа масалалар дейилган. Лекин кўпроқ кейинги пайтда телевидениедан чиқиб кетаётган ҳар-хил ахборотлар масаласида қанақадир назоратни кучайтириш керак деган таклиф қўйилган. Ҳозирги мажлисда қисқа айтиб ўтилибди, хорижий радиоларга президент Ислом Каримовни улуғлашни бас қилиш тўғрисидаги гаплар қаердан чиқиб кетди, аслида бундай нарса йўқ эдику, деган гаплар бўлибди. Ҳолбуки, телерадиокомпаниянинг номи ошкор қилинмаслик шарти билан гапираётган ходимлари бор. Ҳақиқатан шундай бўлган, яъни Ислом Каримов номини имкон қадар камроқ ишлатиш, унинг номини улуғлашни бас қилиш тўғрисида кўрсатма бўлган, - деди Абдураҳмон Ташанов.

ЎзМТРК таркибидаги каналлардан бирида режиссёр бўлиб ишлайдиган Олимжон Тўхтаназаровнинг айтишича, МТРК мажлисида "фақат кўрсатувларни чиройли қилиб тайёрлаш" масаласи кўрилган, холос:

- Фақат кўрсатувларни чиройли қилиб тайёрлаш, халққа манзур бўлиш ҳақидаги, мисол учун, ўзимиздаги техник камчиликлар ва кўрсатувларни яна халқнинг дилига етиб боришига нималар қилиш керак, ўша халқнинг муаммоларини ечиш учун нима қилиш кераклиги муҳокама қилинди.

50 яшар Олимжон Тўхтаназаров май ойида президент Шавкат Мирзиёев номзодини Нобель мукофотига тавсия қилиш ташаббуси билан чиққан эди.

ЎзМТРКнинг ходимларидан олинган маълумотлар юзасидан телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG