Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2018, Тошкент вақти: 20:21

Алишер Усмонов Alibaba билан бирга Россияда улкан Интернет- бозор "қурмоқчи"


Алишер Усмонов рафиқаси Ирина Винер билан

Алишер Усмоновнинг “МегаФон” ва USM Holdings компаниялари Alibaba Group, РФПИ жамғармаси билан ҳамкорликда Россияда улкан Интернет магазин яратишга киришишини РБКга билдирди. Кузатувчилар янги қўшма корхона “Яндекс.Маркет” ва Сбербанкнинг Интернет бозоридаги якка ҳокимлигига чек қўйиши мумкинлигини айтмоқда.

11 сентябрь куни “МегаФон”, Mail.Ru Group, Alibaba Group, РФПИ жамғармаси ҳамкорлигида электрон коммерция соҳасида йирик қўшма корхона тузишга киришиши тўғрисида эълон қилинди.

Асосий ташаббусчи ва инвестор бўлиб чиқаётган “МегаФон” ва Mail.Ru эгаси, миллиардер Алишер Усмонов Alibaba Group асосчиси миллиардер Жек Ма билан ҳамкорлик Россия иқтисодиётида катта ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини башорат қилди:

- Электрон савдо-сотиқ соҳасидаги глобал лидер билан ҳамкорлик Россия иқтисодиётидаги рақамли ислоҳотлар учун катта аҳамият касб этади. Хитой компанияси билан ҳамкорликни ҳисобга олсак, ишонаманки, бу келишув Россия-Хитой ҳамкорлигидаги катта салоҳиятга эга бўлади.

Алишер Усмонов электрон коммерция учун Россияда кенг йўл очилгани ва у жуда даромадли бизнес эканига эътибор қаратди.

Хитойлик бизнесмен Жек Ма Alibaba Group ширкатини 1999 йилда тузган
Хитойлик бизнесмен Жек Ма Alibaba Group ширкатини 1999 йилда тузган

Асли ўзбекистонлик миллиардер янги савдо майдончаси халқаро санкциялар туфайли жиддий инқирозга юз тутаётган Россия компаниялари учун янги бозорларга йўл очишига ишонч билдирди.

Шарқий иқтисодий форум доирасида Хитойнинг Alibaba Groupи билан имзоланган шартномага кўра, янги корхона AliExpress Russia деб ном олади. Ширкат акцияларининг катта қисми (акцияларнинг 48%) Alibaba Groupда қолади, МегаФонга 24%, Mail.Ru Group-га — 15% ва РФПИ-га — 13% улуш берилишига келишилди. Яъни россиялик ширкатлар AliExpress Russia-нинг 52 фоизига эгалик қилиб келади.

Ҳамкорлар янги компаниянинг бошланиш нархини 2 млрд АҚШ долларига баҳоламоқда.

Alibaba Group янги лойиҳага ўзининг Россиядаги бизнеси – AliExpress ва TMALL ҳамда барча молия активларини топширади. Mail.Ru мазкур бизнесга ўзининг маблағи ва Pandao Хитой товарлари бозорини тақдим этади.

Мутахассислар AliExpress Russia Россияда энг йирик онлайн-савдо бозорига айланишини башорат қилмоқда. Бу қўшма корхона яқиндагина Яндекс-Маркет, OZON.ru ва Сбербанк билан ҳамкорликда ишга туширилган интернет-савдо лойиҳасининг асосий рақобатчисига айланиши айтилмоқда.

Алишер Усмонов, янги онлайн-бозорни ўзига тегишли ижтимоий тармоқлар – ВКонтакте, Одноклассники ва Mail.ruга сингдирмоқчи экани тахмин қилинмоқда. Усмоновнинг медиа- ва Интернет империяси бир ойлик аудиторияси, айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина ВКонтактеда 97 миллион, Одноклассникида эса 71 миллион одамни ташкил этади.

Бугунга келиб Россияда e-commerce савдоси умумий савдо ҳажмининг 5 фоизинигина ташкил этиши айтилади, ваҳоланки ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 10-15 фоиздир.

Қўшма корхона 2019 йилнинг биринчи чораги охирларига тўлиқ ишга тушиши режалаштирилди.

Бироқ, экспертлар онлайн-савдо гигантларининг пайдо бўлиши майда ва ўртаҳол Интернет-магазинлар касодига олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоғлантирмоқда.

Бундан 5 йил олдин Алишер Усмонов Apple компаниясининг 100 миллион долларлик акцияларини сотиб, Хитой технология компаниялари, жумладан Alibaba-га пул тиккан эди.

Эслатиб ўтамиз, келиб чиқиши чустлик бўлган Алишер Усмонов 9 сентябрь куни Тошкентда ўзининг 65 йиллик юбилейини нишонлади. Айрим хабарларга кўра, Ўзбекистонга Усмоновни қутлашга оламнинг турли чеккаларидан ўнлаб олигархлар, давлат ва жамоатчилик арбоблари йиғилди.

Ундан олдинроқ эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Усмоновни "Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлаганди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG