Линклар

Шошилинч хабар
20 январ 2022, Тошкент вақти: 16:10

Якунига етмаган валюта ислоҳоти "қора бозор"ни яна кун тартибига чиқарди


Валюта айирбошлаш шохобчаси, Тошкент

30 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев валютани ноқонуний сотиб олиш ва сотганлик учун жазони нисбатан юмшатувчи қонунни имзолади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖтК) ўзгартиш, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хорижий валюта “қора бозорлари” жонланаётгани ҳақидаги хабарлар ва Марказий Банкка қаратилган айбловлар манзарасида киритилди.

Озодлик гаплашган молиячи ва банкирлар мамлакатда Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан бошланган валюта ислоҳоти якунига етмагани, солиқ ва бож тўловларидан яширилган даромадлар "қора бозор" орқали банкларни четлаб ўтишда давом этаётганини айтишади.


Президент фармони билан тасдиқланган ўзгартишга биноан, валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун 15 суткагача қамоқ жазоси берилади. Аввал бу жазо тўлиқ 15 суткани ташкил қилган.

Бу эса сўнгги бир неча кун ичида яна ижтимоий тармоқларда валюта айирбошлаш тартибига оид муаммолар баҳсларга сабаб бўлган бир кезда рўй берди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев 27 ноябрь - шанба куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида АҚШ долларини алмаштира олмагани, чунки банклар ёпиқ эканидан шикоят қилгач, бошланиб кетди.

Facebook орқали жонли ёйин қилган Кушербаев, шанба ва якшанба дам олиш кунлари бўш вақти бўладиган аҳоли бозор-ўчар учун валюта айирбошлашга эҳтиёж сезиши, аммо эҳтиёж қопланмагани боис, аҳоли валюта “қора бозори” хизматидан фойдаланишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилди.

“Ҳозир банкка кириб, нега қилмаяпсиз, десам: “Операция қиладиган компьютеримизни ўчириб қўяди” деяпти. Шанба-якшанба куни, билмадим Марказий банк ўчирадими, хуллас ўчириб қўяркан. Ҳозир мен нима қилай энди?! Ҳозир мен бозордан-бошқадан “қора бозор”ни қидириб топиб, шанба кунида, валютани айирбошлайманда, кейин жиноятчига айламан, сиз шароитни яратиб бермаганингиз учун! Ҳозир мен жавобгар бўлсам, Марказий Банк ҳам мен билан бирга жавоб беради”, деди депутат тармоқдаги видеосида.



Кушербаевнинг бу чиқишига Марказий Банк ҳануз муносабат билдирмади. Аммо Адлия вазирлиги Олий Мажлисдаги халқ вакилининг кўра-била туриб қонунни бузгани ва буни кенг жамоатчиликка ошкора намойиш қилган ҳолда содир этганини қоралади:

“Депутат Расул Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди”.

Айни пайтда вазирлик ўз баёнотида депутатни бу каби муаммоларни Қонунчилик палатасидаги ваколатлари орқали - таклиф ва лойиҳалар, қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш орқали ҳал қилишга чақирди.

"Кушербаев тўғри айтяпти"

Озодликка маълум бўлишича, ҳозирча Расул Кушербаевга нисбатан бирон чора кўрилмаган.

Марказий банкнинг Тошкентдаги туман бўлимларидан бирида ишлайдиган мулозимнинг айтишича, Расул Кушербаев тилга олган муаммоларда қисман жон бор, аммо аҳвол депутат айтганчалик ваҳимали эмас:

“Янгийўл туманида шанба куни ишлайдиган шохобча бўлгани албатта яхши, фуқароларга қулайлик. Лекин ҳозир барча ҳудудларда валюта айирбошлаш билан тижорат банклари шуғулланяпти. Улар дам олиш куни учун битта ходим ажратса, унга икки ҳисса ойлик бериши керак, шунга яраша кирим-чиқим бўлиши керак. Лекин унақа эҳтиёж йўқ менимча, бўлса тижорат банклари очиб, фойда кўрарди. Бу ерда депутатнинг Марказий банкни айблаши асоссиз”.

Айни пайтда депутатнинг бу чиқиши тармоқларда яна хорижий валюта айирбошлаш ва йўқолмаётган “қора бозор” масаласини ўртага чиқарди.

Аксар тармоқ фойдаланувчилари ва фаоллар депутатни қўлламоқда, у тилга олган ҳолатларни тасдиқламоқда - банкоматларнинг етишмаслиги, носозлиги, дам олиш кунлари етарлича маблағ алмаштиришнинг имкони йўқлиги ва мавжуд шохобчаларда ҳам одатан навбатлар кузатилишини таъкидламоқда.

Бундан бироз муқаддам, таниқли хонанда Шохруҳхон ҳам хорижий валюта айирбошлайдиган банкомат пулини “ютиб юборгани”дан шикоят қилган эди.

Тармоқларда тарқатган видеосида хонанда, унинг иши тушган банк машинасига эгалик қиладиган "Буюк ипак йўли" банки бир неча кун ичида пулини қайтариб беришини билдиргани, аммо бу ҳол нақд пулга жиддий эҳтиёжи бўлган мижозларни қийин аҳволга солишини танқид қилди.


Тошкентдаги банклардан бирида ишлайдиган ходим бу каби муаммолар республика бўйлаб кузатилаётгани, айниқса банк машиналари етишмаслигию носозлигидан шикоятлар ошаётганини эътироф этди.

Унинг фикрича, бу ҳол валюта “қора бозорлари” пойтахт ва республиканинг йирик туман марказларида ҳануз сақланиб қолаётгани, яъни президент Мирзиёев даврига келиб конвертация очилса-да, бозорнинг эркинлашмагани бу воқеликни йўқота олмаётир.

“Тошкентнинг Олой, Чорсу бозорларида 100, 1000 ёки 5000гача бўлган суммани алмаштириб берадиган валютчиликлар ҳали ҳам бор, шанба-якшанбани билмай ишлашади. Вилоят, ҳатто районлардаги йирик бозоларнинг ҳам норасмий валютчиликлари бор, бемалол топиб, алмаштириш мумкин. Конвертация очиқ, одамларда қўрқув йўқолган. Мамлакатга доллар фақат банк орқали кириб келмайдику, муҳожирлар, катта кичик бизнес вакиллари қайдсиз, бож ва солиқдан яширилган йўллар билан доллар олиб киради ва олиб чиқади. Бу сумманинг каттагина қисми валютачилар орқали алмаштирилади. Шунинг учун, Кушербаев тўғри айтяпти - “қора бозор”ни "оқартириш" орқалигина бу ҳолатни назоратга олиш мумкин”.

Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирида савдо қиладиган тадбиркор ҳам ўзи ишлаб турган туман марказий буюм бозорида бир нечта банк борлиги, аммо улар шанба-якшанба кунлари ишламаслигини айтади.

Тадбиркорга кўра, у ҳафтанинг иш кунларида ҳам хорижий валютани “қора бозор”да алмаштиришни маъқул кўради.

“Менда телефони бор, ҳар сафар телефон қиламан ва савдо дўконимга келиб, алмаштириб беради. Мана бугун алмаштирдим, 1 минг 75 сўмдан. Бизда ўзи “қора бозор” умуман тўхтагани йўқ. Исталган суммани бемалол алмаштиришяпти тадбиркорлар. 5-6 минг долларгача алмаштирасиз, янаям каттароқ сумма бўлса, олдиндан айтасиз, қилиб беришади. Банкдан 10-15 сўм арзон, лекин навбат йўқ, ортиқча вақт сарфлаш йўқ, асаббузарлик йўқ, суриштирув йўқ”, дейди фарғоналик тадбиркор.

Унинг айтишича, бозорларда “отнинг қашқасидай” таниқли бўлган "долларчилар" хизмати қулай ва узлуксиз экани харидорларга маъқул. Гарчи қонун билан тақиқланган бўлса-да, бу хизматнинг йўқолмагани унга ҳануз эҳтиёж борлигидан далолат:

“Аслида шу бозорни қонунийлаштириб қўйиш керак. Йиллардан бери айтилади бу гап. Мана, биздан 10 километр у ёғи Қирғизистон, валюта бозори хусусий бизнесда. Исталган пайтда бемалол алмаштириб олишингиз мумкин. Бизда ҳам шу бозорни қонунийлаштириб, лицензия бериб, отнинг калласидай солиқ солиб, давлат ҳам фойда кўрсин, халқ ҳам”.

Тошкентдаги давлат ташкилотларидан бирида ишлаётган молиячига кўра, “қора бозор”нинг йўқолмаётганига асосий сабаб - мамлакатда кичик ва катта кўламдаги бизнеснинг солиқ ва бож тўловларидан яширилган фаолиятига изн бериб қўйилганидир.

“Теневой бизнес” дейилади-ку. Яъни солиқ ва бож тўловларидан яширилган ёки мутасадди идораларнинг “кўз юмиши” ёрдамида қилинаётган бизнес. Бу бизнеснинг хорижий валюта тушумлари ва бу суммани у ёки бу валютага алмаштириш “қора бозор” орқали бўлади, ҳар доим. Бу бозор формасини ўзгартирган ҳозир. Олой бозорига борсангиз, гувиллаб югуриб келадиган майда алмаштирувчилар озайган. Лекин йирик суммадагиларнинг ўз манзили бор, таниш-билиш орқали бориб алмаштиришади. Шунинг учун ҳам, унда-мунда хабарлар чиқиб қолади “фалон миллион долларни машинада Қирғизистонга олиб ўтаётганда қўлга тушди”, деб. Энг муҳими, кўланкадаги бизнес ва бу бизнес яшаши учун ҳукм сураётган муҳитни ўнглаш керак”, - дейди исмини сир сақлашни сўраган молиячи.

Мирзиёев даврида ҳам, худди марҳум президент Ислом Каримов даврида бўлгани каби, аҳолининг асосий қисми учун ягона кирим - хориждан яқинлари юбораётган АҚШ доллари ёки еврода юбораётган пул жўнатмалари бўлиб қолмоқда.

Иқтисодчиларга кўра, валюта айирбошлаш эркинлашгани билан иқтисодиёт ҳануз эркинлашмаган, унинг бутун бошли секторлари ҳануз давлат монополиялари ҳамда ижро ҳокимиятига яқин молия - саноат гуруҳлар томонидан назорат қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG