Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:40

Тошкент тиббиëт марказларидаги юзлаб врачлар вилоят касалхоналарига раҳбар лавозимларга жўнатилади


Суратда: вилоятлардаги тибббиëт муассасаларига юбориладиган мутахассислар рўйхати.

Ўзбекистон президентининг мамлакат тиббиëт тизимини ислоҳ қилишга қаратилган танқидий чиқишлари ортидан республика тиббиëт марказларидаги юқори малакали ходимларни вилоятларга жўнатиш ҳаракатлари бошланди.

Озодлик суҳбатлашган врачлар бу тадбирни “врачларни сургун қилиш”, деб атар экан, “тиббиëт марказларини заифлаштирадиган” салбий оқибатларига ҳам эътибор қаратишди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда сўзга чиққан Республика Бош вазири Абдулла Арипов республиканинг барча вилоят марказларидаги вилоят шифохоналари бош врачлари ўрнига пойтахт Тошкентдаги республика марказий шифохоналарида бўлим мудири бўлиб ишлаётганлар тайинланишини айтган.

Бош вазир вилоятлардаги бош врачларга "дам берди"

Айни мажлисда қатнашган республика ихтисослашган тиббиëт марказларидан бирида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайдиган 32 яшар онколог врачга кўра, “вилоятлардаги ўнлаб тажрибали бош врачлар волюнтаристик тарзда¸ адолатсизларча” ишдан бўшатилган.

- Мен Бош вазирдан вилоят шифохоналарида бош врач булиб ишлаётганларнинг тақдири нима бўлади, деб сўрадим. Бош вазир “улар хоҳлаган жойига бориб ишлайверсин”, деди. Кўпчилик бош врачларни танийман. Тажрибали врачлар. Уларнинг тақдирига қора чизиқ тортилиши яхшилик аломати эмас,- деди суҳбатдош.

Рўйхат тузиб бўлинди! Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ!

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайдиган мулозимлардан бири вилоятлардаги тибббиëт муассасаларига юбориладиган мутахассислар рўйхати тузилганлигини Озодликка маълум қилди.

Мулозимга кўра¸ рўйхат 34 варақдан иборат. Мулозим шу рўйхатнинг илк уч варағини Озодлика жўнатди. Бу уч варақда Тошкент шаҳрида жойлашган республика миқëсидаги 9 та ихтисослашган тиббиëт марказларининг 52 нафар олий тоифадаги ва профессор унвонига эга мутахассислари вилоятлардаги касалхоналарга раҳбарликка тавсия қилинганини кўриш мумкин.

Бу рўйхатга кўра¸ масалан, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиëт маркази химиотеарпия бўлими раҳбари¸ тиббиëт фанлари доктори¸ профессор Дониëр Пўлатов Хоразм вилоят онкология диспансери раҳбар қилиб юборилади.

Врачлар норози

Озодлик мана шу рўйхат бўйича Қорақалпоғистонга юборилаëтган врач исми айтилмаслиги шарти билан суҳбатлашди.

Саратон касаллиги бўйича Марказий Осиëдаги саноқли мутахассислардан бири бўлган ва республика миқëсидаги тиббиëт марказларидан бирида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайдиган бу врач ўзининг Қорақалпоғистонга юборилишини “сургун”, деб атади ва бу мажбурият тиббий марказ учун салбий оқибатлар касб қилишига эътибор қаратди:

- Мен президентнинг тиббиëт ходимлари билан учрашувида ҳам, Бош вазир ўтказган мажлисда ҳам қатнашдим. Фикрим битта. Республика миқëсидаги тиббиëт марказларининг йиллар давомида малака ошириб етук мутахассис сифатида шаклланган ходимларини узоқ вилоятларга юбориш салбий оқибатларга олиб келади. Биринчидан, улар врачликдан узоқлашиб амалдорга айланишади. Прораблик¸ қишлоқ хўжалик ишлари¸ пахта тердириш ва касалхона ҳўжалиги каби ишлар билан шуғулланган мутахассис, пировардида, ўз касбий салоҳиятидан маҳрум бўлади. Қолаверса, оилам билан Тошкентни ташлаб, Нукусга бориш мен учун катта стрессдан иборат¸ дейди суҳбатдош.

"Ватанпарварлик тренинги"

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги мулозимнинг Озодликка айтишича¸ “Тошкентдаги шароитларга ўрганиб қолган мутахассисларнинг вилоятларга бормаслик учун оëқ тираши ватанпарварлик эмас”.

- Шу боис, биз бу мутахассисларни вилоятларга юбориш олдидан улар билан суҳбатлар ўтказяпмиз. Тренинг машғулотлари ҳам режаланган. Уларга имтиëзли шароит яратиш борасида иш олиб бораяпмиз¸- дейди мулозим.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевнинг Озодликка айтишича¸ Республика соғликни саклаш вазирлиги лойиҳаси доирасида Фаргона вилоятида тренинг ўтказаëтган гуруҳ 21 июль куни зудлик билан Тошкентга чақирилган.

Эргашевга кўра¸ улар вилоят марказий шифохоналарига жўнатиладиган номзодлар билан машғулот ўтказишга сафарбар қилинган.

Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимининг айтишича, 22 июл куни Фарғона вилоятидаги марказий шифохоналарнинг 13 нафар бош врачи Тошкентга чақирилган.

Мулозимнинг айтишича¸ улар вазифасини янги раҳбарга топшириш учун махсус буйруқ асосида йўлга чиққан.

Бу маълумот юзасидан қўшимча информация олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яна бир марта боғланишнинг, ҳозирча, иложи бўлмади.

Шарҳларни кўринг (12)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG