Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 01:45

OzodDayjest: Парламент кўп миллион долларлик қарз номақбул ишлатилаётганига эътироз билдирди


Ўзбекистон Олий Мажлиси.

Наманган ҳокими халқ пулига қимматбаҳо машиналар олинаётганини оқлашга уринди. Айримлар қоидабузарлик ҳақида хабар берганларни сотқин деб атамоқда. Ўзбекистондаги аксар йирик ишлаб чиқариш объектлари ҳали-ҳануз ўз юкини давлатнинг елкасига юклашдан орланмаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Шавкат Абдураззоқов ҳокимларга қимматбаҳо машиналар нима учун кераклигини тушунтиришга уринди

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳокимликларнинг бюджетдан қимматбаҳо автомашиналар олиши масаласига тўхталди (www.kun.uz, 5 апрель).

“Мана, яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори келди. 110 миллион аҳолига эга катта бир ҳудуднинг раҳбари Наманганга келиш бўйича таклифимизни қабул қилди. Шу каби яна бошқа кўплаб хорижий меҳмонлар ташриф буюради. Мана шундай меҳмонлар юртимизга келганида, уларни оддий машинада олиб юрмаймиз-ку! Бундай чиқимлар ўзини оқлайди, сабаби, бирор инвестор ё хорижий ҳамкор келганида, албатта, уларни қандай кутиб олишимизга ҳам эътибор беради, мана шундай жиҳатлар ҳамкорлигимизга таъсирини кўрсатади”,- деган ҳоким Абдураззоқов Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

У, айни чоқда, ҳоким бўлиб келганидан кейин машина сотиб олмаганини қайд этган.

Наманган раҳбарининг қимматбаҳо машиналар хусусидаги изоҳи Телеграмдаги Davletov.uz каналининг эътирозига сабаб бўлди.

“Эҳ, ҳокимбува, қани эди, қиммат ва комфорт машиналар, кимўзарга меҳмоннавозлик учун инвестор, инвестиция келганида, ҳар бир туманга 10 тадан Prado ва бошқа қимматбаҳо машиналарни олиб бориб қўярдик. Афсуски, инвестор учун қиммат машина, иззат-икром, “ҳокимнинг ўзим жавоб бераман” деган гапи эмас, аввало, қонун устуворлиги, суд мустақиллиги ва кучли фуқаролик жамияти керак. Агар инвестицияси қонун ва институтлар билан кафолатланган бўлса, инвестор ўз машинаси билан келади, ҳокимликка қадам ҳам қўймаслиги мумкин. Қолгани ўзимиз ўйлаб топган нотўғри ёндашув”, - деб ёзди Davletov.uz канали.

Бўйинтуруқ ташқи қарзни жалб қилишга ким бош-қош бўлган эди?

Ўзбекистондаги аксар йирик ишлаб чиқариш объектлари ҳали-ҳануз ўз юкини давлатнинг елкасига юклашдан орланмаяпти (“Миллий тикланиш” газетаси, 7 апрель).

“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Ҳисоб палатасининг 2020 йилги ҳисоботи эшитилган анжуманда шу жиҳат қайд этилди. Депутатлар, хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятига кескин эътироз билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировга кўра, Хитойнинг 156,4 миллион доллар қарзи эвазига барпо этилган Ангрендаги резинотехника заводи йилига 3 млн дона шина ишлаб чиқариши ва шиналар маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг импорти ўрнини қоплаши керак эди. Аммо айни пайтда завод атиги 15 фоиз қувватда ишламоқда. Омборда эса 100 мингта шина сотилмай турибди.

“Сабаби доимгидек сифат талабга жавоб бермайди. Сўнгги икки йилда “UzAuto Motors” 60 млн долларга яқин шина импорт қилган”, - дейди А.Қодиров.

Қарзнинг тўғри ишлатилиши муҳимлигини таъкидлаган сиёсатчи бундай хатолар ислоҳотларга жиддий зарар етказишини қайд этган.

“Ангрен шина заводини ким давлат раҳбарига презентация қилганди? Бўйинтуруқ ташқи қарзни жалб қилишга ким бош-қош бўлганди? Нега ўтган йили минглаб ўзбекистонликларнинг ҳаётини асраш учун жалб қилинган юзмиллиардлаб маблағлар Ангрен шина заводи деган қора туйнукка йўналтирилди? Буям майли, каучук плантациялари деган аср махинацияси ортидан миллиардларни ўзлаштирганлар устида ким турганди? Нега улар шу яқин атрофда, яна энг юқори лавозимларда? Нега улар қамалмайди? Нега улар қусмайди?” - дея ушбу ҳолатга муносабат билдиради иқтисодий мавзуларга ихтисослашган блогер Отабек Бакиров.

Парламент ва жамоатчилик эътирозлари ортидан Ҳисоб палатаси шина заводи иши бўйича тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.

Қоидабузарлик ҳақида хабар йўллаш сотқинликми – ИИВ мулозими масалага муносабат билдирди

Фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидабузарлигини видеога олиб ИИБга йўллаш ва бунинг учун муайян миқдорда пул мукофоти олиш масаласи ижтимоий тармоқда баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда (“Ҳуррият” газетаси, 7 апрель).

Айримлар қоидабузарлик ҳақида хабар берганларни сотқин деб атамоқда. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Эрали Бозоров ушбу масалага муносабат билдириб, қоидабузарликлар ҳақида хабар йўллаётганларни ватанпарварлар деб атади.

“Нима учун Германияда чекилган тамаки қолдиғини кўчага ташламайди? Чунки уларда жарима катта. Ўша ердаги хоҳлаган бир кўча ҳаракати қатнашчиси ўша ҳолатни расмга ё видеога олиб полицияга хабар қилади. Нимага биз нонни ерга ташламаймиз-у, тамаки қолдиғини ташлаймиз? Чунки нонни ерга ташласак, Худодан қўрқамиз. Агар қонундан ҳам озроқ қўрққанимизда эди, тамакини ҳам ерга ташламаган бўлар эдик. Қонундан қўрқсак эди, бу каби ҳолатлар юз бермасди”, - дейди полковник Э. Бозоров.

ИИВ расмийсига кўра, ҳозирча йўлларни камералаштириш 10 фоизга ҳам етгани йўқ. Бу эса ахборот-технологияларини жалб қилиш борасидаги ишларни жадаллаштиришни тақозо этади.

“Битта ЙҲХ ходимига 70 километр йўл тўғри келади. Бу дегани инспектор 70 километр масофа оралиғидаги ҳамма ҳолат ва ҳодисалардан воқиф бўлмоғи керак. Ваҳоланки, бунга ҳозир бизнинг кучимиз етмаяпти. Қанча кўп ахборот-технологияларини жалб қилсак, кўнгилсиз воқеаларнинг шу қадар олди олинади”, - дейди у.

Таъкидланишича, келажакда ЙҲХ ходими кўчада хизмат олиб бормайди, йўл ҳаракати фақат видеокамералар орқали назорат қилинади.

Расмий статистикага кўра, 2020 йилда 6983 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган ва оқибатда 1962 киши ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG