Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2021, Тошкент вақти: 23:35

OzodDayjest: Сейсмология институти директори Ўзбекистонда чўлланиш шиддатли тус олганидан бонг урди


Эмлаш жараёнини яхши ташкил эта олмаётган ССВга “икки” баҳо қўйилди. Сейсмология институти директори Ўзбекистонда чўлланиш жараёни жадаллашганидан огоҳлантирди. Ўзбекистон дохил “Осиё Шенгени” 2022 йилдан жорий этилиши мумкинлиги айтилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Шифокор: Ўзбекистон яқин ойларда 2020 йилнинг ёзидаги каби даҳшатни бошдан кечириши мумкин

Шифокор Азизбек Болтаев Ўзбекистонда яқин ойларда 2020 йилнинг ёзида юз берган коронавирус билан боғлиқ даҳшат қайтарилиши кутилаётганини айтди (www.daryo.uz, 21 июнь).

“Мен Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ортиши янги йилга тўғри келади деб тахмин қилгандим. Аммо бу ҳозир содир бўляпти. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Ўтказилган сўнгги тадқиқотларга кўра, бемор коронавирусга чалинганидан кейин унда 7 ойгача вирусга қарши иммунитет пайдо бўлади, кейин эса қонда антитаналар миқдори кескин камаяди ва қайта касалланиш хавфи ортади”, деган шифокор.

Таъкидланишича, бутун дунё мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам шошилинч равишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаши керак.

“Аммо бизда вакцинация билан боғлиқ вазият қандай? Дунё бўйича биринчи вакцинани ўртача 20 фоиздан ортиқ аҳоли олди. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 50-70 фоизни ташкил қилди. Ўзбекистонда 15 июнга келиб аҳолининг узоғи билан 5 фоизи вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланди. Дунё мамлакатларидан беш баравар, қўшни Қозоғистондан эса икки баравар ортда қоляпмиз”, деган А.Болтаев.

Унинг қўшимча қилишича, коронавирус бўйича ҳукумат комиссияси бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига пандемияга қарши чораларини ёмон ташкил этгани, ўтган йилги қийинчиликлардан тегишли хулоса чиқармагани, шунингдек, вакцинация кампаниясини очиқчасига заиф ташкиллаштираётгани учун икки баҳо қўйилиши керак.

Мутахассисга кўра, эмлаш кампаниясини қуйидагилар орқали кучайтириш зарур: вакцина сотиб олиш учун катта молиявий ва дипломатик ресурсларни йўналтириш, анча вақт олдин ваъда қилинган “Спутник V” вакцинасини маҳаллий ишлаб чиқарилишини тезлаштириш, вирусни нейтралаштирувчи антитаналарга эга бўлмаган аҳолининг айрим гуруҳлари (шифокорлар, “формадаги одамлар”, ўқитувчилар/тарбиячилар, давлат хизматчилари) учун вакцинацияни мажбурий қилиш.

Шифокор, шунингдек, ёпиқ муассасаларда оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш кераклигини ҳам қайд этган.

Мутахассис: Ўзбекистон ҳудуди шиддат билан чўлланишда давом этмоқда, тезкор чора кўрилмаса бўлмайди

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Сейсмология институти директори, география фанлари доктори Ваҳоб Рафиқов мамлакатда чўлланиш жараёни жадаллашганидан огоҳлантирди (www.kun.uz, 24 июнь).

“Бу жараён йилдан йилга кучайиб боряпти. Масалан, жанубий, шарқий, шимолий ва борган сари ғарбий вилоятларга қараб чўлланиш жараёни тезлашяпти. Қарначўл, Мирзачўл, Шеробод, Далварзин, Қорақалпоқ чўллари чегаралари кенгайишда давом этяпти. Улар қаторига ўтган йиллар ичида энг ёш бўлган чўл – Оролқум ҳам қўшилди”, деган Ваҳоб Рафиқов.

Рафиқовга кўра, Оролнинг тубидан кўтарилган чанг туз, 300-400 километр радиусда атрофга ёғилмоқда. Ҳар дақиқада Ўзбекистоннинг 9 квадрат метр ҳудуди чўлланиб боряпти. Экологик ва геоэкологик муаммолар кун сайин ўсиб бормоқда. Аммо чўлланишга қарши кураш масаласи ҳозирча кун тартибида эмас. Aгар чўлланишга қарши чора-тадбирлар амалга оширилмаса, 2030-2040 йилларда унумдор ҳудудлар Тошкент ва водий вилоятларидагина қолиши мумкин.

Чўлланишга табиий ва антропоген омиллар таъсир кўрсатади. Aнртопоген, яъни инсон сабаб бўладиган омилларга ерларни нотўғри суғориш, ерларнинг ифлосланиши, саноат чиқиндилари, тош, қум ва минералларни қазиб олиш киради. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиб бориши – чўлланишнинг асосий сабабларидан бири. Чунки одамлар кўпайгани озиқ-овқат ва моддий бойликларга талаб ҳам ошади. Бу эса ердан кўпроқ ҳосил олиш кераклигини англатади. Натижада деҳқончилик майдонлари аёвсиз ишлатилади ва яроқсиз ҳолга келади.

Ўзбекистон ҳам қўшилаётган “Осиё Шенгени” 2022 йилдан жорий этилиши мумкин

Буюк Ипак йўли мамлакатлари учун “Осиё Шенгени” вазифасини ўташи кутилаётган Silk road visa 2022 йилдан бошлаб амалда қўлланила бошлаши мумкин (www.gazeta.uz, 25 июнь). Бу ҳақда Қозоғистон маданият ва туризм вазири Ақтўти Раимқулова Қўқонда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида маълум қилди.

“Албатта, пандемия ўз таъсирини кўрсатмай қолмади, ҳаракатларимиз бир муддат тўхтаб қолди. Озгина вақт йўқотдик, бироқ, иншаоллоҳ, 2022 йилдан виза амал қила бошлаши ҳақиқатга яқин”, деган у.

Қозоғистон вакиласи бу жараённинг тезроқ бошланиши мамлакатлар ўртасидаги кўриладиган чораларга боғлиқлигини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, аввалига Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ягона туристик визани ишлаб чиқишни режалаштирган эди. Мазкур ғоя 2018 йили Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида тилга олинган. Қирғизистон томони ушбу келишув юзасидан аниқ қарорини билдиришни кейинга қолдирди. Шу боис виза борасидаги гап-cўзлар фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон атрофида айлана бошлади.

2021 йил 18 майга келиб, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкент ва Остона ҳукуматлари ягона сайёҳлик визасини ишга туширишга тайёрлиги айтди. “Аниқ санани икки томонлама комиссия белгилайди… Биз барча техник муаммоларни ҳал қилдик, қарор қилиш арафасидамиз. Давлатнинг ички тасдиқлаш тартиб-таомилларидан ўтиб олишимиз керак”, деган Абдуҳакимов.

У “Осиё Шенгени”га Қирғизистон фаол қизиқиш билдираётгани, Озарбайжон билан автоном ўзгаришлар мавжудлиги, Тожикистон, Мўғулистон, шунингдек, бир қатор Кавказорти республикалари ушбу лойиҳага қўшилиши мумкинлигини қайд этган.

XS
SM
MD
LG