Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:33

OzodDayjest: Ўзбекистонлик профессор мамлакатда адвокатлар ҳалигача чинакам ҳимоячига айланолмаганига эътибор қаратди


Профессор Б. Аҳроров Ўзбекистонда адвокатура институти нуфузини ошириш долзарб масала бўлиб қолаётганини урғулади. Бензин қимматлашуви коррупцияга боғлиқ экани айтилмоқда. YouTube видеопортали ўзбек хонандалари учун ҳам мўмай даромад манбаига айланмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Мутахассис: Адвокатлар ҳозирча чинакам ҳимоячиларга айланганича йўқ

Адвокатлик институтини янада мустаҳкамлаш зарур, чунки айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан тинкаси қуриган фуқарога фақатгина адвокат малакали ёрдам бера олади, деган профессор Баҳром Аҳроров (“Ўзбекистон овози” газетаси, 27 октябрь).

Мутахассисга кўра, шахснинг адвокат билан таъминланмаслиги айрим жиноят қидирув ва суриштирув бўлими ходимларига қўл келади, гумонланувчи ва айбланувчининг айбини оғирлаштиришга сабаб бўлади.

“Гумонланувчи ёки айбланувчи ўз вақтида адвокат билан таъминланса, баъзи номаъқул ҳаракатларнинг олди олинади. Тан оламизми, йўқми, кўпчилик яхши билади, адвокатлар ҳозирча чинакам ҳимоячиларга айланганича йўқ. Шу маънода, адвокатура институти нуфузини ошириш – долзарб масала”, деган Б. Аҳроров.

Таъкидланишича, бунинг учун адвокатнинг қонун доирасидаги имкониятларини кенгайтириш, жиноят-процессуал қонунлардаги айрим нормаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак.

Ўзбекистонда 4 минг нафарга яқин адвокат фаолият юритмоқда. Бу 8250 нафар фуқарога 1 нафар адвокат тўғри келади деганидир. Қиёлаш учун маълумот: АҚШда 256 нафар, Италияда 250, Озарбайжонда 667, Қозоғистонда 4000 нафар фуқарога битта адвокат тўғри келади.

“Ўзбекнефтгаз” тизимидаги коррупция сабаб бензин нархи кескин ўсаётгани айтилмоқда

Ўзбекистонда 23 октябрдан бензин учун янги нарх белгиланди. Бензин йилдан йилга қимматлаётган ва нархнинг ўртача иш ҳақига нисбатан баландлиги аҳолида норозилик уйғотмоқда (“Рост24”, 26 октябрь).

“Нарх кўтарилишининг сабабларини иқтисодчилар турли сабаблар билан изоҳлаши мумкин. Бензин нархининг кўтарилишига яна бир яққол кўриниб турган омил борки, буни тан олмасликнинг иложи йўқ: “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги талон-торожликлар. “Ўзбекнефтгаз” тизимида талон-торожликлар авж олмоқда, дебиторлик қарздорлик кескин ошиб бормоқда, минглаб тонна бензин ва дизел ёқилғилари ноқонуний сотилмоқда, бензин нархи эса ана шу коррупцион схема туфайли кун сайин кўтарилмоқда”, деб ёзган “Рост24” нашри.

Ўзбекистонда бензин нархи Марказий Осиёда энг юқори бўлиб келмоқда. Шунингдек, Россия, Озарбойжон ва Покистонда ҳам бензин нархи Ўзбекистонга қараганда анча арзон.

Шу кунларда Тошкентда АИ-80 маркали бензиннинг ўртача нархи 6000, АИ-92 – 8800, АИ-95 – 9100 сўмни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонлик хонанда ўртамиёна клипдан 40 минг доллар даромад топди

YouTube ўзбек хонандалари учун ҳам машҳурликка эришиш ва мўмайгина даромад топиш воситаси бўлиб қолмоқда (www.daryo.uz, 25 октябрь). Қайд этилишича, YouTube платформасида клипи энг кўп томоша қилинган ўзбекистонлик хонандалар рейтингида биринчи ўринни қорақалпоғистонлик Осман Наврўзов эгаллаган. Унинг “Любимая” клипи 81 миллион марта томоша қилинган.

“Рости, “Любимая” қўшиғи бунчалик машҳурликка эришишини тасаввур қилмагандик. Агар шундай бўлишини билганимизда сифатли клип суратга олардик. Қўшиқ омад билан бирга катта даромад ҳам олиб келди. Шу кунгача мазкур клипдан 40 000 АҚШ долларидан кўпроқ даромад олганман”, деган хонанда О. Наврўзов.

Хонанда Шаҳзода “Чикко” клипи 62 миллион марта, Севинч Мўминованинг “Не бўлди?” клипи 57 миллион марта томоша қилинган. “Daryo.uz” нашрининг эслатишича, “Не бўлди?” плагиат қўшиқ бўлиб, Севинчдан аввал уни ҳинд, турк ва грек хонандалари ижро этган. Клиплари оммабоп қўшиқчилар қаторида Муниса Ризаева, Шоҳруххон ҳам қайд этилган.

Оригинал клип суратга олиш катта харажат талаб этиши айтилади. Нашр маълумотларига қараганда, Озодбек Назарбеков “Мендурман ўша” клипи учун 15 минг, Лола “Love me” клипи учун 13 минг, Озода Нурсаидова “Аждодлар” клипи учун 10 минг доллар сарфлаган.

XS
SM
MD
LG