Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:46

OzodDayjest: Келинини 32 марта пичоқ уриб ўлдирган қайнона 13 йилга қамалди


Аҳолининг кўп қисми ижтимоий таъминот ололмаётгани сабаби очиқланди. Ўзбекистондаги энг бозори чаққон актёр гонорар камлигидан нолиди. Сурхондарёлик қайнона арзимас оилавий можаро сабаб келинини ваҳшийларча ўлдирди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Аҳолининг кўп қисми ижтимоий таъминот ололмаётгани сабаби очиқланди

Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаб, мазкур тизим турли вазирлик ва идоралар орасида тарқоқ ҳолда экани, координация, интеграция ва ягона давлат сиёсати йўқлигини маълум қилган (“Маҳалла” газетаси, 22 январь).

“Бундан ташқари, ижтимоий ҳимоянинг расмий таърифи қабул қилинмаган. Аҳолининг кўп қисми ҳалигача ижтимоий таъминотга эриша олгани йўқ. Ижтимоий ёрдам дастурлари етарлича қамровга эга эмас. Масалан, илгари болалар нафақалари барча болали оилаларга қаратилган бўлса, бугунги кунда улар фақат кам таъминланган оилаларга йўналтирилади. Бироқ бундай оилаларнинг аксарияти нафақаларни тайинлашнинг жуда қатъий талабларига жавоб берса-да, кўп ҳолларда нафақаларни турли сабабларга кўра олиш имкониятига эга бўлмаяпти”, деб ёзади “Маҳалла” газетаси.

Бу борадаги вазифалар турли вазирлик ва идораларга тақсимланган, лекин уларнинг ҳеч бири бутун тизимни тўлақонли қамраб олмайди.

Масалан, соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронлиги бўлган инсонларга, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига қарайди; халқ таълими вазирлиги махсус мактаб интернатлари, меҳрибонлик уйларига жавобгар; бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ногиронлиги бўлганларни меҳнатга йўналтириш билан шуғулланади; пенсия жамғармаси эса ногиронлик нафақалари билан ишлайди. Афсуски, улар орасидаги идоралараро ҳамкорлик суст.

“Ижтимоий таъминот тизимининг самарасиз ишлаш сабабларидан яна бири – ёрдам кимга кўпроқ кераклиги ҳақида маҳалла ҳам, биронта давлат органи ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Ҳар бир давлат ташкилоти ўзининг алоҳида рўйхатини мустақил юритади, ягона тўлиқ тизим мавжуд эмас”, деб ёзади нашр.

Таъкидланишича, соҳада ягона идоранинг ташкил этилиши ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламни кўпроқ қамраб олиш ва бюджет маблағини 20-30 фоиз тежаш имконини беради.

Ўзбекистондаги энг бозори чаққон актёр ва унинг кунлик гонорари маълум қилинди

Шу кунларда ўзбек киносидаги энг қиммат актёр Жавоҳир Зокиров ҳисобланади, деб хабар беради “Daryo.uz” нашри.

Унинг бир ижодий куни 500 АҚШ долларига баҳоланади. Аммо актёрни ролга кўндириш, у билан ҳамкорлик қилиш осон эмас. Ижодкорнинг ўзига хос феъл-атвори ва принциплари бор.

Кейинги ўринни Бобур Йўлдошев банд этган. Унинг кунлик гонорар миқдори 400-500 АҚШ долларини ташкил этади. У билан ишлаш қийин эмас: суфлёрга зарурат туғилмаслиги учун сценарийни ёд олади ва суратга олиш майдончасига ўз вақтида келади.

Кўп гонорар олаётган актёрлар сафида Йигитали Мамажонов (300-400 доллар), Муҳаммадисо Абдулхаиров (300 доллар) ва Адиз Ражабов (200-300 доллар) ҳам эътироф этилган.

Айни чоқда, энг бозори чаққон деб кўрилган актёрлар гонорар миқдори камлигидан нолиган.

“Россияда шартномалар билан шуғулланадиган агентим бор, у ҳаммасини ўзи ҳал қилади. Ўзбекистонда ҳам агент ёлламоқчи бўлдим. Аммо ўйлаб қарасам, оладиган пулим агент ёллашга арзимайди. Гонорарлар жуда кам, бизда ўз актёрларига эмас, бошқаларга ишонч билдиришни яхши кўришади”, дейди Жавоҳир Зокиров.

Бобур Йўлдошев ҳам шундай фикрда.

“Россиялик агентим бир кунлик съёмка учун 1500-1700 АҚШ долларига шартнома қилади. Чунки агентлар қанча кўп пулга шартнома қилишса, ўзи кўпроқ манфаат топади. Бизда эса бу тизим ҳали йўлга қўйилмаган. Шўрлик актёрлар рол ўйнаш билан бирга молиявий масалаларни ҳам ҳал қилади”, дейди у.

Сурхондарёда “тапочка” можароси сабаб мудҳиш қотиллик рўй берди

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Денов тумани суди ўз келинини 32 бор пичоқ санчиб ўлдирган Жумагул Ходжаковани 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 27 январь). Истиқбол маҳалласида яшовчи оила бошига кулфат ёғилишига “тапочка” можароси сабаб бўлган.

2021 йил 16 июль куни Баҳодир Ходжаков ва турмуш ўртоғи Замира Сувонова фарзандига ёзги оёқ кийими (тапочка) олиб беради. Эр-хотин уйга келганда, Замиранинг қайнонаси “нега арзон тапочка олдиларинг” дея қайта-қайта дашном беради.

“Келиннинг жонидан ўтиб кетганиданми, ўғлининг кийимларини йиртиб ташлаб хонасига кириб кетади. Шу онда қайнона ошхонага кириб, сариқ ҳамда қора рангли пичоқни олиб, уч нафар набираси кўз ўнгида келинига 32 марта пичоқ санчади. Келин воқеа жойида вафот этади”, деб ёзади газета.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар клиник шифохонасининг 291-сонли хулосасида қайнона Жумагул Ходжакова ўзини англай олиши, тўғри кўрсатма бериши ва мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги қайд этилган.

Шу тариқа қотилликда айбдор деб топилган аёл узоқ йилга озодликдан маҳрум этилган. Замира Сувонованинг уч нафар норасида фарзанди етим қолган.

Маҳаллий матбуот Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида кекса қайнота келинининг қотилига айлангани ҳақида ҳам хабар берган. Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани суди раиси Ашурали Тошевга кўра, оилавий жанжал сабаб маст ҳолда келинини пичоқлаб ўлдирган эркакка 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG