Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

OzodDayjest: Тадбиркор: Украинадаги уруш “Ўзбекистонга янги имкониятлар яратиб беради”


Украинадаги урушга қарши намойишлардан бири.
Украинадаги урушга қарши намойишлардан бири.

Ўзбекистонликлар ўртача нархда уй харид қилиш учун неча йил ишлаши кераклиги очиқланди. Олий таълим вазири талабалар унга қандай талаблар қўяётганини ошкор қилди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Тадбиркор Зафар Ҳошимов Украина–Россия можаросининг Ўзбекистонга келтирадиган фойдасидан сўз очди

Таниқли тадбиркор, “Korzinka.uz” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Россия–Украина можароси логистика, банк иши, хизмат кўрсатиш соҳасида муаммолар, рубль қадрсизланиши сабаб Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди (www.gazeta.uz, 7 март).

Бироқ тадбиркор бу қуролли зиддият Ўзбекистонга янги имкониятлар тақдим этишига ҳам ишонади.

З.Ҳошимовга кўра, айни пайтда Россия ва Беларусдаги IT мутахассислари, дастурчилар, креатив сектор, консультантлар, технологлар, аудиторлар, маркетинг, дистрибьюторлик, кўнгилочар бизнес, чакана савдо бўйича мутахассислар бошқа мамлакатларга кетишни кўзламоқда.

“Бу – бизнинг меҳнат бозоримиз учун жуда яхши имконият, айнан мана шундай мутахассисларга бизда жуда катта танқислик бор. Уларнинг нархи қиммат, шунингдек, яқин вақтгача кичик ва ўрта бизнес учун экспертизанинг ўзи мавжуд эмас эди, бу эса ўсиш ва ривожланишни чекловчи омиллардан бири эди”, деб ёзади “Korzinka.uz” асосчиси.

Қайд этилишича, кўплаб давлатлар руслар ва беларуслар учун ўз ҳудудини ёпиши ортидан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сони ошади. Қолаверса, аксар чегарадош давлатлар Россия авиацияси учун ўз осмонини ёпгач, Ўзбекистон авиацияси учун катта имкониятлар очилади.

З.Ҳошимов бу борада озиқ-овқат ва истеъмол товарларига импорт божлари ва акциз солиғини бекор қилиш, логистика йўналишларини диверсификация қилиш, мутахассислар учун соддалаштирилган виза режимини жорий этиш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштиришни таклиф этади.

Тадбиркор, шунингдек, ЖСТга киришни тезлаштириш ва барча давлатлар билан эркин савдо шартномалари тузиш зарурлигини ҳам уқтиради.

Ўзбекистонликлар ўртача нархда уй харид қилиш учун 17 йиллик даромадини сарфлайди

Ўзбекистонда уй-жой нархи одамларнинг даромадига нисбатан анча баланд. Масалан, пойтахт Тошкентда уйли бўлиш учун бир неча ўн мингдан бир неча юз минг долларгача маблағ талаб этилади (“Маҳалла” газетаси, 5 март).

Бу эса одамлар Тошкентда квартира сотиб олиш учун узоқ йиллар ишлашга мажбур эканини англатади. Буни халқаро рейтинглар ҳам кўрсатиб бермоқда, деб ёзади газета.

“Numbeo” халқаро ташкилотининг “Ипотека кредитларига имкониятлар” рейтингида Ўзбекистон 111 та давлат орасида 103-ўринни эгаллаган. Таҳлилларга кўра, ўзбекистонликлар ипотека тўлови учун ўртача даромадининг 3,55 баробарини сарфлаши керак.

“Уй-жой нархларининг жон бошига нисбати 17,42 фоизни ташкил этиб, ўртаҳол ўзбекистонлик ўртача нархдаги уй-жойни сотиб олиш учун 17 йилу 4 ойлик даромадини сарфлайди. Аксар рейтинглардаги “қўшнимиз” Венесуэла ҳам биз билан деярли бир хил кўрсаткичга сазовор бўлган”, деб ёзади газета.

Статистика қўмитасига кўра, 2021 йил давомида республика бўйича жами 64,5 мингта ёки 13,6 млн квадрат метр тураржой фойдаланишга топширилган. Бироқ, тан олиш керакки, янги уйларнинг нархи анчагина қиммат. Кам даромадлилик ва расмий даромадларга эга аҳоли улушининг паст кўрсаткичда қолаётгани эса одамларнинг уй сотиб олиш имкониятини чекламоқда.

“Тўғри, субсидия тизими аҳолига кенг қулайликлар яратмоқда. Аммо субсидия фақат бирламчи бозордан, тўлиқ қуриб битказилган уйни сотиб олишни тақозо этади. Бироқ ипотека бозорида ҳали қурилиши битмаган, қурилаётган, халқ тилида айтганда, “кадастри йўқ” уйлар энг катта талабни яратмоқда”, деб ёзади “Маҳалла” газетаси.

Олий таълим вазири талабалар унга қандай талаблар қўяётганини ошкор қилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Бухоро давлат университетида ўтказилган йиғилишда ОТМларда яратилган шароит ва дарс сифатини танқидий баҳолаб, ректорларни яна бир бор фаолликка чақирди (www.kun.uz, 6 март).

“Бугун талаба биздан нима сўраяпти? Мен деярли барча ОТМларга бориб, бирор раҳбар, бирор ўқитувчисиз учрашув ўтказяпман. Қаранг, талабалар мендан нимани сўраяпти? Сифатли таълимни. Ахир, биз бунга мажбурмиз-ку. Шунинг учун ойлик оламиз-ку. Шунинг учун бўйинбоғ тақиб юрибмиз-ку”, дейди вазир.

Олий таълим етакчиси ОТМларда хона етишмаётганига ҳам эътибор қаратган.

“Ҳозир раҳбарлар кўпроқ контингент билан кўпроқ пул топишга қизиқади. Чунки улар бино қуриб, мақтаниши керак. Таълим сифати билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ”, дейди у.
Қайд этилишича, олий таълим масканларида янги адабиётлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Қолаверса, спорт зал ва спорт жиҳозларига ҳам эҳтиёж катта.

“Ҳали янги ҳафтада бўладиган йиғилишда баъзи ректорларимиз айюҳаннос солади, биз шунча иш ўрни яратамиз, цех очамиз дея. Бу ёғини қилиб қўй аввал. Ҳамма нарсани қоғозга ўраб бўладими? У талаба эртага мактабга ишга боради-ку. Билиб қўйинг, ўқитувчи ўзини ўнглаб олмаса, талабада дарсни ташлаб чиқиб кетишга ирода пайдо бўлади. Кечирасиз, домла, бу дарсингиз тўғри келмайди, мен дарслар учун пул тўлаяпман, дейди. Ўқитувчини шарманда қилиб чиқиб кетади”, дейди вазир.

А.Тошқулов номзоди 2021 йил январь ойида депутатлар томонидан олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига маъқулланган. Унга қадар у Термиз давлат университети ректори ҳамда Сенат аъзоси бўлган. Ўшанда мазкур тайинловга изоҳ берган президент Шавкат Мирзиёев “Тошқулов қишлоқдан, у қишлоқ “ҳиди”ни билади, муаммоларни билади”, деган эди.

XS
SM
MD
LG