Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:28

"Суд 20 йил бирга яшамасликни вақтинча келишмовчилик деб ҳисобламоқда"


Озодликка тошкентлик Улуғбек Раҳимбековдан ариза шаклида келган мактубнинг мазмунини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

“Мен – Улуғбек Раҳимбеков, Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш 2/3 даҳасидан мактуб йўлламоқдаман. З.Р. билан расман эр-хотинмиз, аммо 1998 йилдан буён бирга яшамаймиз.

Жорий йил 8 январда фуқаролари ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига никоҳни бекор қилишларини сўраб мурожаат қилдим. Суд даъво аризамни ғайриқонуний тарзда рад қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига шикоят билан мурожаат қилдим. Аммо шаҳар суди мурожаат “20 йил муддат бирга яшамаслик вақтинча келишмовчилик ҳисобланади ва оилани барбод қилишга сабаб бўла олмайди” деган важни келтириб, аризани рад қилди.

Олий судга шикоят ёздим. Олий суд судьяси Т.Қурбонов “У.Раҳимбековнинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта куриш учун асослар мавжуд эмас” деб жавоб берди.

Аммо барибир никоҳни бекор қилиш масаласи ҳал этилмади. Судья Т.Қурбонов томонидан 27.07.2018 йилда чиқарилган 12-4050-18-сонли ажрим халқаро ва миллий қонунларга зид ҳисобланади.

Боз устига, судья ўз ажримида мени маъмурий ҳуқуқбузар деб топилганимни қайд этган. Ҳолбуки, Олмазор тумани маъмурий судининг 24.03.2018 йилдаги қарорига кўра, МЖТКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли менга нисбатан очилган маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган.

Расман никоҳимдаги аёл билан 20 йилдан бери бирга яшамаймиз. Қолаверса, у менга маълум қилмасдан Туркияга кетиб 1 йилу 4 ойда қайтиб келди.

Бу ҳолат эса судьялар ҳимоя қилаётган эр-хотинлик муносабатларига хиёнатдир. Шу ва этика юзасидан маълум қилинмаган бошқа сабабларга кўра хотиним билан қонунан ажрашишни истайман. Назорат тартибида берилган шикоятим Ўзбекистон Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилсин”.

XS
SM
MD
LG