Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:37

"Самарқандлик судья август апрелдан кейин келишини билмаслигини исботлади"


"Судьяни саводсиз деб аташ судга нисбатан ҳурматсизлик ёки ҳақорат ва бу ҳолат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишига тўла асос бўла олади. Лекин, судья саводсизлигини расмий ҳужжатлар орқали асослаб берилсачи? Оддий бир мурожаат орқали одамлар тақдирини ҳал этаётган судьяларнинг ўз ишига қанчалик масъулият билан ёндашаётганликлари ва уларнинг билим даражасини аниқлашга ҳаракат қилдик", деб бошланган самарқандлик блогер Мирзо Субхановдан Озодликка 12 ноябрь куни Озодликка келган мактуб-мақола.

Блогернинг мақоласини OzodMaktub рукнида эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Мақолага илова қилинган ҳужжатлар нусхалари ҳам блогер томонидан тақдим этилди.

Озодлик блогернинг мақоласида келтирилган фактларни, OzodMaktub рукни форматидан келиб чиқиб, қўшимча ўрганмади.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллифнинг сарлавҳаси, имлоси ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.

***

Судлар саводсизлигига ким масъул?

Самарқанд шаҳар маъмурий суди раиси О.Пардаевнинг 2019 йил 05 августда чиқарган ҳал қилув қароридан норози бўлиб юқори турувчи инстанция Самарқанд вилоят маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат этилган эди. Асос сифатида судья О.Пардаев чиқарган қарорда давлатга етқазилган моддий зарар ҳолатига эътибор қаратилмаганлиги кўрсатилган.

Ариза юзасидан 1 ноябрь куни берилган расмий жавоб хатига эса на кулиш ва на йиғлашнинг иложи бор. Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёровнинг ёзма билдиришича «Биринчи босқич судининг (Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 05 АВГУСТдаги) қарори вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 01 АПРЕЛдаги қарорига асосан ўзгаришсиз қолдирилган» экан. 2019 йил августдаги қарор кассация тартибида 2019 йил апрелда қайта кўриб чиқилишининг имкони борми?

Самарқанд вилоят маъмурий суди хати
Самарқанд вилоят маъмурий суди хати

Балки бу ҳолат техник хато бўлиши мумкинлигини тахмин қилдик, лекин бу ҳолатни бошқа бир суднинг масъул ходими ҳам расмий ҳужжат орқали тасдиқлади. Хусусан, Самарқанд вилоят маъмурий суди масъул ходими З.Холиқуловнинг «шахсий» далолатномасида ҳам шу ҳолат яъни: «Биринчи босқич судининг (Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 05 АВГУСТдаги) қарори вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 01 АПРЕЛдаги қарорига асосан ўзгаришсиз қолдирилган»лиги билдирилган:

Самарқанд вилоят маъмурий суди масъул ходими далолатномаси
Самарқанд вилоят маъмурий суди масъул ходими далолатномаси

Маъмурий суд масъул ходими суд раисидан ҳам илгарилаб кетиб давлат органларидаги иш юритиш амалиётида мавжуд бўлмаган бир кишилик «Далолатнома» тузган.

Далолатнома бир кишилик бўлиши мумкинми?

2015 йилда қайта чоп этилган «Иш юритиш» китобининг 192-саҳифасида қуйидагиларни ўқиш мумкин: «Далолатнома - … бўлиб ўтган (содир бўлган) воқеа, ҳодиса, иш-ҳаракатни ёки мавжуд ҳолатни тасдиқлаш, унга гувоҳлик бериш мақсадида БИР НЕЧА КИШИ томонидан тузилган ҳужжат». Бу дегани Далолатнома бир киши томонидан расмийлаштирилмайди, бир киши томонидан Маълумотнома ёки Хабарнома расмийлаштирилиши мумкин:

"Иш юритиш" китобидан кўчирма
"Иш юритиш" китобидан кўчирма

Август ва апрель ойларининг кетма-кетлигини ёки Далолатнома билан Хабарноманинг фарқига бормайдиган судьялар одамларнинг тақдирини қандай ҳал қилиб келаётган эканлар? Судлар саводсизлигига ким масъул?

Мирзо Субханов

XS
SM
MD
LG