Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 18:53

Пахтасининг ярмини 30 йил олдин машинада терган Ўзбекистон нега қуруқ қўл билан қолди?


Бугунги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражаси 1990- йиллар бошидаги кўрсаткичдан бир нечи баробар ортда қолмоқда. Бир вақтлар етиштирилган пахтанинг 2,5-3 млн. тоннасини машиналарда терган давлат бюджет ташкилотларининг мажбурий меҳнати каби дашномлар остида қолмоқда.

Вазиятнинг бу тасвири Озодликка ўзбекистонлик бир мутахассисдан келган мақоладан олинди. Сайтхонларимиз учун аноним қолишни истаган муаллифнинг мақоласини OzodMaktub рукнида беришга қарор қилдик.

Мақола муаллифнинг имлоси ва стилистикаси сақланган ҳолда, лекин баъзи қисқартишлар билан берилмоқда. Мақоланинг қисқартирилган жумла ва абзацлари конкрет амалдорларнинг коррупциялашганига оид иддаолар эди.

Мақолани ўқинг:

***

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини машинсозлигининг ўтмиши, бугуни ва келажаги

Ўзбекистон собиқ СССР даврида Ўрта Осиёда саноати ривожланган давлатлардан бири эди. Жумладан, 17 та йирик қишлоқ хўжалик машинисозлиги корхоналари мавжуд бўлиб, бу ерда асосан пахтачиликда ишлатиладиган турли русумдаги қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарилган, СССР таркибидаги республикаларга етказиб бериш билан бирга 32 та хорижий давлатларга экспорт қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражаси 1990 йиллар бошидаги кўрсаткичдан бир нечи баробар ортда қолмоқда. Бир вақтлар етиштирилган пахтанинг 2,5-3 млн. тоннасини машиналарда терган давлат бюджет ташкилотларининг мажбурий меҳнати каби дашномлар остида қолмоқда.

Хўш бунинг сабаблари нимада? Албатта айтилса, муҳокама қилинса, сабаблар талайгина. Бироқ асосий сабаб, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги машинсозлигини бошқарган раҳбарларнинг нотўғри сиёсати, ўз манфаатини мамлакатни халқ, давлат манфаатларидан устун қўйиши оқибатида бугунги кунларга етиб келди.

Мустақиллик йилларининг бошидан қишлоқ хўжалик машинасозлик корхоналари бирлаштирилиб, “Ўзсельхозмашхолдинг” компанияси ташкил этилди ва Р. Матчонов раҳбарлик қилди. 1995-1996 йилларда АҚШ билан савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиши билан республикага Кейс русумидаги трактор, ғалла ўриш комбайни ҳамда пайта териш машиналарини олиб киришга бел боғланди. Жумладан Р. Матчонов ўша даврдаги Президент маслаҳатчилари Т.Алимов, И. Жўрабековлар билан бирга республикада ширкат хўжаликларида мавжуд Т-4 (Алтай) тракторлари ҳамда пахта териш машиналарини ёппасига металломга мажбурлаб топширтирди.

Шундан кейин, Ўзбекистонда мавжуд заводларни “ўлдириш”, кўпроқ чет элдан техника олиб келиш бўйича “Бош режа” ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич амалга оширилган. Бунда ўша даврнинг бош вазири Ў.Султоновнинг ҳам ҳиссаси бор.

Бош вазир алмашиб, Ш. Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач, қишлоқ хўжалик машинасозлигини ривожлантиришга ҳаракат қилди. Аммо заводлар тўлиқ банкрот ҳолатга келтирилган эди. Лекин Р. Матчонов бу Бош вазирни ҳам 5 йиллик, 10 йиллик заводларни ривожлантириш концепцияси ва бошқа бир қанча ичи ҳаво билан тўлдирилган хужжатлар билан алдаб келди, якуний натижа “0” лигича қолаверди. Чунки булар, ғилдиракни тескари айланишга мослаб қўйган эдилар.

Ундан кейин бу тизимни ривожлантириш Бош вазир ўринбосари У. Розиқулов зиммасига юклатилди. У. Розиқулов ҳам бир қатор хужжатлар қилди, аммо ўзи мутахассис эмаслиги, ёнида “ўғри” мутахассислар маслаҳатчи бўлганлигидан, қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқаришни “пул” ишлайдиган каналга айлантирдилар. Дунё маркаси бўлган фирма ва компаниялар билан ўзларини манфаатлари йўлида музокоралар ўтказишди.

Ўзбекистон бугунги кунга қадар “Кейс” ва “Нью-холланд” маркали техникалардан 2 млрд. доллардан ортиқ техника ва эҳтиёт қисм олди. Агар олинган техникалар суммасидан 10 фоизи республикага қайта инвестиция бўлиб кирганда ҳам, бугун камида 200 млн. АҚШ долларига тенг корхона барпо бўлган бўлар эди. Умумий ҳолда дунё миқёсида савдодаги ёрдами учун бериладиган “беш фоиз”лик бонусни олган жаноблар, ўзларини пулларини санаш билан овора бўлди.

Саидаббос Саидаминов раҳбарлигида республикада ташкил этилган “ЎзКейстрактор”, “ЎзКейсмаш”, ЎзКейссервис” қўшма корхоналарини йиғиндиси 10 млн. АҚШ долларига бормайди. Бу корхоналар номига, фақат 4 дона болт қотиришга мўлжаллаб қурилган, 5 дона ҳам эмас.

Чет элдан техника келтириб сотишни ташкил этувчи гуруҳ И. Каримов даври нихоялаб, янги давр бошланганда, янги Президентга мақтаб-мақтаб собиқ “Ўзсельхозмашлизинг” компаниясини бир неча йил бошқарган Н. Отажоновни “Ўзагротехсаноатхолдинг” раислигига келтиришди.

Н. Отажонов, холдингга раис бўлгач С. Саидаминов, унинг ёрдамчиси М. Бойқуватовни, Матчоновни жиянини тегишли жойларга жойлаштирди.

Н. Отажонов даврида шундай ҳам бошқа давлатларга нисбатан қиммат бўлган техникалар янада қимматлашди. Чунки, барча имконият ва имтиёзлар унга берилган эди. Оддийгина қўшни давлатларда шу русумдаги сотилаётгавн техникалардан республикада гўёки маҳаллийцлашган техникалар 35-50 фоизгача қиммат эди. Бу билан қишлоқ хўжалигини қандай қилиб ривожлантириш, фермерни қандай қилиб бой қилиш мумкин?

2017 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти қишлоқ хўжалик ходимлари кунига бағишланган катта йиғилишда, янги техникалар етказиб беришни ошириш бўйича тўхталиб ўтгани Н.Отажоновга айни муддао бўлди. У дархол Президентнинг 3459-сонли қарорини ва изидан 3712-сонли қарорини тайёрлади. Президентга нима деб ҳисобот бергани номаълум, лекин кейинги харакатлари амалда ўзига яхшигина даромад келтиришни ўйланини кўрсатди. Президент 2018 йил январ ойида 200 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда маблағ ажратишга кўрсатма берди.

Н. Отажонов мазкур қарорлар чиқишидан олдин С. Саидаминов билан “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси нархларни дархол оширди, қарорга бир нечи йиллардан буён “шапка”си олинган лекин хеч ким олмаётган техникаларни рўйхатини киритиб олди ва Президент берган пулларга олиниши мумкин бўлган 10 минг дона техника, техникаларни нархларни ошгани ҳисобига 6 минг донага тушди.

Бу орада Н. Отажонов Президент Администрациясига ўтказилиб, ўрнига М. Каримов холдинг раислигига келтирилди. У дархол С.Саидаминовни бўшатди, янги ходимлар ола бошлади.

Н. Отажонов дархол орага кирди ва С. Саидаминовни Мудофаа саноати қўмитасига биринчи ўринбосар қилиб ўтказишга эришди.

Ўзбекистонда фермерларга 20 минг АҚШ долларидан сотилаётган “Лемкен” плуг Россияда 9 минг АҚШ доллраридан сотилмоқда. Шу каби Кореяда 14 минг доллардан сотилаётган “ЛС” трактори 35 минг АҚШ долларидан, Туркияда 6 минг АҚШ доллари сотилаётган пневматик сеялка 15 минг АҚШ долларидан, Қозоғистонда 60 минг АҚШ долларидан сотилмаётган Нью-холланд хайдов тракторлари 125 минг АҚШ долларидан сотилди.

Агарки, Ўзбекистонда махаллийлаштириш арзонлашиш ўрнига қимматлашса, кимга керак? Бу аҳволда қандай қилиб қишлоқ хўжалиги ривожланади, фермер ёки кластер оёққа туради?

Фермер бечоралар чет эга чиқиш, у ердан техника олиб келишга кучи етмайди. Лекин кластерлар олиб келаяпти, чунки чет элда Ўзбекистондан сезиларли даражада арзон нархларга олаяптилар.

Н. Отажонов буни ҳам йўлини ўйлаб топди. Эркин валюта тақчиллиги бўлаётганлиги сабабли, чет элдан келтириладиган ҳар бир техника учун Бош вазир маслаҳатчиси сифатида ундан сўраладиган тизимни йўлга қўйди ва банкларга кўрсатма юборди. Энди Отажонвни рухсатисиз чет элдан техника ҳам олиб кириш мумкин эмас, чунки ҳамма қиммат бўлсада Отажоновни техникасини олишга мажбур.

Бугун Н. Отажонов томонидан “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси корхонларида номига ишлаб чиқарилаётган, нархи 1,5-2 баробар қиммат техникаларни олишга мажбурлашни янгидан-янги йўллари ўйланмоқда.

Президент қўшни давлатларга расмий ташрифлари давомида, Ўзбекистон қишлоқ хўджалик техникаларини харид қилиш бўйича турли битимлар тузиб келмоқда. Лекин қўшниларимиз ҳам аҳмоқ эмаску, Германия, Туркияда, Италияда, Россияда ва бошқа давлатларда ярим нархига турган техникани нима учун Ўзбекистондан 2 баробар қимматга олиши керак?! Бечора Президент экспорт ошсин деб, барча билан музокоралар ўтказиб юрсаю, Н.Отажоновга ўхшаганлар “от ўйинини” тўхтатмаса, қандаq экспорт бўлиши мумкин?

Хамма билади Н. Отажонов ташқи кўринишдан ўзича иймонли, номозхон одам, лекин қилаётган ишларидан шайтон ҳам уялиб қолаётган бўлса ажаб эмас.

Ўзбекистон бу каби одамларни “буюк” хизматлари соясида на ривожланади, на бу соҳага инвестор келади, на қишлоқ хўжалигида ёрдам беради.

Алвидо, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги. Пешонанг бунчалар шўр бўлмаса!

Муҳтарам Президент! Сиёсатингизга қўллаб-қувватлаётган “ишончли” раҳбарларингизни билиб қўйинг.

***

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG