Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2020, Тошкент вақти: 22:51

ОzodTa'sir: Сирдарёлик фермерларга пахта пули тўлаб берилди


Фермерлар Оқ олтин туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шавкат Умматовдан ҳосил пулини тушириб беришни талаб қипяпти

Сирдарё вилоят, Оқ олтин тумани фермерларига 2019 йил пахта пули юз фоиз тўлаб берилди.

Озодлик 23 январь куни туман ҳокимлиги ва "Агробанк"нинг туман бўлимига пахта пулини берилишини талаб қилиб борган фермерларнинг банкда тўполон қилгани ҳақида хабар берган эди.

Оқ олтинлик фермерлардан бирининг айтишича, 24 январь куни барча фермерларнинг пахта пули уларнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилган:

"Мақола чиққан куннинг эртаси "Сардоба" пахта тозалаш заводи бош бухгалтери банкка бориб, реестрни банкка тақдим қилди. 24 январь куни тушгача барча фермерларнинг ҳосил пули юз фоиз ҳисобларига тушириб берилди. Фермерлар хурсанд. Сизларга катта раҳмат".

23 январь куни "Сардоба" пахта тозалаш заводи бош бухгалтери ва банк бошқарувчиси фермерлардан туман марказида фонтан қурилиши учун 5-6 миллион сўмдан пул ўтказишга рози бўлсагина, пахта пули тўланишини айтгандан сўнг, фермерлар бундан норози бўлиб, банкда тўполон кўтарган ва банк қўриқчилари уларни ташқарига ҳайдаб чиқарган эди.

Фермерлардан бири улар билан гаплашган банк бошқарувчиси ва бош бухгалтер уларнинг қонуний пули тўланиши учун "ноқонуний" талаб қўйганини 23 январь куни айтган эди:

"Ҳокимнинг топшириғи шундай, 5-6 миллиондан фонтан қурилишига ўтказиб берасизлар, ёрдам бермасаларинг, фонтанни қурмасак бўлмайди, деди. Шунда ёши катта бир фермер, майли ёрдам берамиз, лекин буғдойнинг пулидан фонтанга деб олган эдиларинг у қаерга кетди, деди. Шунда банк бошқарувчиси у пулларинг пахтада автобуслар одам ташигани учун автобазага ўтказиб юборилди, фонтанни энди қурамиз, деди. Ярим одам кўнгандай бўлди, ярми кўнмади, тўполон бўлиб кетди. Кейин милиция ҳаммани банкдан чиқариб юборди".

Бош бухгалтер ва банк бошқарувчиси бундай талабни туман ҳокими Дилмурод Фозилов буйруғи деб тақдим этган эди.

Сўнгги бир ой ичида фермерларга 2019 йил учун пахта пулини бермаётган пахта тозалаш заводлари ва кластер корхоналари ҳақида Озодликка шикоятлар оқими кўпайди.

Озодлик 14 январь куни Андижон вилояти фермерлари давлатга сотган пахта пулини “Ўзпахтасаноат” корхоналаридан ололмаётгани, "Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси бу муаммо уч-тўрт куни орасида ҳал қилинишини айтгани ҳақида хабар берган ва 15 январдан бошлаб фермерлар ҳисобларига пул тушган эди.

Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтганидан Озодликка арз қилди.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG