Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2018, Тошкент вақти: 21:29

Солиқ қўмитаси собиқ раҳбари Ботир Парпиев яна бир лавозимдан бўшатилди


Солиқ қўмитасининг собиқ раиси, генерал-лейтенант Ботир Парпиев.

Солиқ қўмитаси собиқ раҳбари Ботир Парпиев 19 май куни Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг навбатдан ташқари йиғилишида уюшма президенти лавозимидан озод қилинди.

Ўзбекистонлик спорт усталарининг айтишича, спорт федерцияларига раҳбар танлашда шу пайтгача амалда бўлган ёндашувдан воз кечилмоқда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг 23 май куни ўзини таништирмай Озодлик саволларига жавоб берган мулозимининг айтишича¸ Парпиев таэквондо спорти соҳасида кўзга ташланган қатор камчиликлардан сўнг ишдан олинган:

- Навбатдан ташқари конфренцияда қатнашган 38 кишиниинг ҳаммаси Ботир Раҳматович ишдан кетсин, дея қўл кўтариб овоз берди. Яъни бир овоздан қабул қилинди. Йиғилиш қатнашчилари собиқ раҳбарнинг терма жамоаларга иқтидорли спортчилар етказиб бериш¸ мураббийлар малакасини ошириш каби масалаларда йўл қўйган хатоларини санаб ўтишди. Янги бўлган раҳбар Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов олдига айнан шу хатоларни тузатиш¸ Осиё ва Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик таэквондочиларнинг иштирокини таъминлаш вазифаси қўйилди, - деди мулозим. Унинг айтишича, анжуман ишида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари иштирок этган.

Қўмита ҳодими Озодликнинг “Нега Парпиев солиқ қўмитаси раҳбарлигидан бўшатилганидан кейингина таэквондо ассоциацияси президентлигидан озод қилинди?” деган саволига жавоб бермади.

Шу пайтгача у ëки бу раҳбарнинг асосий лавозимидан бўшаши у эгаллаб турган лавозимлар, жумладан, спорт уюшмаларидаги лавозимларини автоматик тарк этишини ҳам англатар эди.

Масалан, марҳум президент Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола-Каримова-Тиллаева ЮНЕСКОда Ўзбекистон элчиси лавозимидан кетгани ортидан Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимини ҳам тарк этган эди.

Лола Каримова жорий йил апрелига қадар гимнастика федерациясига президент бўлган
Лола Каримова жорий йил апрелига қадар гимнастика федерациясига президент бўлган

Спорт клубларини раҳбарлар бошқарадиган тизимга чек қўйилади

Ўзбекистонда 1991-2016 йиллар мобайнида шаклланган анъанага кўра, спорт клублари ва федерацияларига мамлакат бошқарувидаги қудратли мулозимлар бошчилик қилиб келган.

Масалан, 1992 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон футбол федерациясига ўша пайтда Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган генерал Зокиржон Алматов раҳбарлик қилган.

Спорт федерацияси раҳбарлари рўйхатига қаралса, бугун ҳам айни анъана давом этаëтгандай кўринади.

Масалан, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бир вақтнинг ўзида футбол ва бокс федрерациялари президенти сифатида фаолият кўрсатади.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев эса, регби¸ Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева велоспорт федерациясини бошқаради. Шунингдек, федерация раҳбаарлари орасида Салим Абдувалиев каби “қудратли” тадбиркорлар¸ Қувондиқ Санақулов каби корхона раҳбарлари бор.

Тошкентлик спорт устаси Дилмурод Бозоровнинг Озодликка айтишича¸ кейинги пайтларда у ёки бу федерацияга раҳбар тайинлаш бошқа тарафга қараб ўзгарган:

- Ўтган ойда Гимнастика федерацияси президенти Лола Исломовна ишдан олиниб, ўрнига Зарина Аъзамовна сайланди. Зарина Абдуллаева чиновник эмас, спортсмен. Ўқ отиш спорти федерацияси раҳбари Жалолиддин Жайнаковични ҳам мисол қилсак бўлади¸ дейди спорт устаси.

Ўзбекистон давлат бошқарувига яқин мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон раҳбари Мирзиëев бу тизимни ўзгартирмоқчи.

- Апрель ойида бўлган селектор йиғилишида Шавкат Миромонович спорт федерацияларига давлат амалдорларининг раҳбар бўлишини қаттиқ қоралади. Давлат мулозими ўз ишини қилсин¸ спортни эса менежерлар¸ тадбиркорлар бошқарсин деди¸- деди мулозим.

Тошкентлик спорт устаси Дилмурод Бозоровга кўра¸ шу пайтгача кўпгина спорт турлари ўша соҳага раҳбар қилиб тайинланган қудратли амалдор иродаси билан сунъий равишда ушлаб турилган.

-Таэквондо бокс эмас, футбол эмас. Бу спорт тури қудратли генерал Парпиев куч-қудрати билан амал-тақал қилиб юриб турувди. Энди ўз ҳолига қўйилса, ривожланишига кўзим етмайди¸ - деди спорт устаси.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG