Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2018, Тошкент вақти: 20:11

“Кўнгилли терим отрядлари” тузиш учун норасмий пахта солиғи солинмоқда


Озодликка айни кунларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан юборилган ўнлаб хабарларга кўра¸ 2018 йилги пахта терими мавсуми учун давлат идорасида ишловчилардан тортиб¸ якка тартибдаги хусусий тадбиркор ва йирик корхоналаргача норасмий “пахта солиғи” солинмоқда.

Озодлик суриштируви давомида аниқланишича¸ Андижон¸ Наманган¸ Қашқадарë¸ Жиззах ва Тошкент вилоятларида терим отрядлари тузишга масъул идоралар томонидан мактаб етакчилари учун ойига 400 минг сўм қилиб белгиланган “пахта солиғи” миқдори якка тадбиркор учун 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача¸ иккита хизматчиси борлар учун 1 600 минг сўм қилиб белгиланган.

Ҳокимлик ва Давлат солиқ қўмитаси расмийлари бундай ўлпон мавжудлигини инкор қилди ва “коррупция ва тамагирлик” деб таснифланадиган бу каби ҳолатлар ҳақида Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ишонч телефонига хабар қилишни сўради.

"Пахта ўлпони"

Тошкент вилояти туманларининг биридан Озодликка юборилган хабарга туман солиқ инспекцияси ходими ва тадбиркор ўртасидаги ўзаро суҳбат аудиоси илова қилинган.

Бу аудиоëзувда солиқ инспектори якка тадбиркордан пахтага ўзи чиқмаслиги учун одам ëллашга 1 миллион 200 минг сўм тўлашни сўрайди. Буйруқ ëки таҳдиддан кўра¸ “ëлворишга” яқин оҳангда сўралаëтган бу маблағ¸ суҳбатдан аëн бўлишича¸ тадбиркорни ўз дўконини ëпиб¸ пахтага чиқишдан олиб қолиш мақсадида¸ битта ëлланма ишчига бир ой учун тўланадиган пулдир.

Суҳбатда тадбиркорнинг ўзи савдо камайиб кетган бир пайтда¸ бунча пулни тўлаш оғирлик қилиши¸ иккита фарзандини контрактга ўқитаëтгани ва бундай ўлпондан озод қилишни сўраб¸ солиқчига зорланиши эшитилади.

Бу зорланишга жавобан солиқчи ҳам¸ на бу буйруқ¸ на бу маблағни ўзи ўйлаб топмагани¸ тадбиркорларнинг ўз дўконида ишини давом эттиришини таъминлаш учун ҳам ўз ўрнига битта одам пахтага чиқариши кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Бу аудиоëзувни юборган тошкентлик тадбиркор Озодликдан¸ “бу элга келган тўйми” ¸ тадбиркор ўз ўрнига пул тўлаб одам чиқарсин деган янги қонун чиқдими¸ илтимос изоҳ беринглар"¸ деб сўраган.

Давлат Солиқ қўмитаси жавоби

Бу мурожаат ортидан Озодлик Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати билан боғланди. Қўмита расмийси¸ пахта учун на расмий¸ на норасмий солиқ мавжудлиги¸ тадбиркордан ўз ўрнига одам чиқариш ëки пул беришни талаб қилаëтган солиқчилар устидан қўмита ëки Бош прокуратура ишонч телефонларига шикоят қилишни тавсия қилди:

- Агар шунақа ҳолат бўладиган бўлса¸ Давлат солиқ қўмитасининг ишонч телефони бор 244 9898 рақами. Яна ўзимизнинг ички хавфсизлик бўлимимиз бор¸ айнан шунақа коррупция ва тамагирлик ҳолатлари билан шуғулланадиган. 248 98 00 рақамига телефон қилишсин. Шунақа ҳолат аниқланса¸ уларга тегишли чора кўрилади. Бундан ташқари Бош прокуратуранинг реклама ролиги кетаяпти ҳар куни. У ерда ҳам мажбурий меҳнат ҳақида хабар беришга ишонч телефонлари бор.

Солиқчи изоҳи

Озодлик устидан тадбиркорлар шикоят қилган Тошкент вилояти туманларидан бирининг солиқ инспектори билан боғланиб¸ вазиятни тушунтиришни сўради.

Ҳақиқатни айтгани учун жазоланишдан чўчиган бу расмий¸ шахси сир қолиш шарти билан Озодликка бор аҳволни тушунтириб беришга рози бўлди.

“Бош вазирнинг фармойиши бор¸ вилоят ҳокимининг фармони бор¸ район ҳокимининг фармони бор пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олиш учун терим отрядлари ташкил қилиш ҳақида. Районимизда тўртта сектор бор – ҳоким¸ прокурор¸ ИИБ ва солиқ инспекциясига бўлиб берилган. Шу секторларга 4000 кишилик терим отряди тузиб¸ ўзимизникидан ташқари¸ қўшни туманларга ҳам юбориш топширилди. Солиқ секторига 1000 дан ошиқ одам топиш буюрилди. Ҳар битта отрядда 150 тадан теримчи бўлиши керак¸ мени отряд бошлиғи қилиб қўйди. Бир томондан¸ ҳеч кимни мажбур қилма¸ дейди¸ бошқа томондан 150 одамни қандай қилиб бўлса ҳам топиб¸ пахтага олиб чиқасан¸ бўлмаса ишингни топшир¸ дейди. Қаердан оламан бунча кўнгиллини? Тадбиркорга олдинги замондагидай¸ дўконингни ëпиб¸ далага чиқ деëлмайман. Дўкон ëпилса¸ савдо тўхтайди¸ демак солиқ ҳам тушмайди. Менинг асосий ишим давлат бюджетига белгиланган солиқ тушумларини топширишку! Шунга тадбиркорларга ялиниб-ëлвориб¸ ватан учун¸ халқ учун шу пулни беринглар¸ мен ҳам қутулай¸ сизлар ҳам қутулинглар шу давлат босимидан¸ деб юрибман”.

Ўлпон нархи қандай белгиланмоқда¸ одам қаердан топилмоқда?

Озодлик гаплашган Тошкент вилояти туманларидан биридаги терим отрядига бошлиқ этиб тайинланган солиқ инспектори¸ якка тадбиркорга солинаëтган 1 миллион 200 минг сўмлик ўлпоннинг қаердан келиб чиққанини ҳам тушунтирди.

“Бу нархни халқнинг ўзи белгилаган. Мардикор бозорга чиқсангиз¸ бир кунлик дала ишлари учун 40 мингдан камига рози бўлмайди. Шуни 30 кунга кўпайтирсангиз¸ 1 миллион 200 минг келиб чиқади. Мен бу пулни қўлимга ҳам олаëтганим йўқ. Тадбиркорни кўндириб¸ солиқ идорасига олиб келаяпмиз. Бу ерда¸ водийдан келган опалар ўтиради – улар йиллардан бери ўз районидан аëлларни тўплаб¸ Тошкент вилоятига тахта тердиришга олиб келади. Ана шу опалар билан ўтириб¸ шартнома тузишади. Шартномада¸ “мен фалончи тадбиркор¸ ватаним¸ халқим тараққиëтига ҳисса қўшиш учун теримчи ëллайман ва унга шунча ҳақ тўлайман”¸ деб ëзилади. Ўз ихтиëрим билан¸ деган ибора бўлиши шарт. Тўлов нақд бўлади ва опалар пулни санаб олади. Ëлланма теримчи шундан кейин менинг отядимга ўтади ва мен уни турар-жой¸ уч маҳал овқат билан таъминлашим шарт”¸ деди Озодлик билан шахси сир қолиш билан гаплашган Тошкент вилояти туманларидан бири солиқ инспектори.

"Бу йил отряд деган бало чиқди..."

5 сентябрь куни пахта йиғим-теримига бағишланган ҳукумат селекторида Бош вазир Абдулла Арипов бу йилги пахта йиғим теримига 2 миллион 639 минг теримчи жалб қилиниши ва шу мақсадда мамлакат бўйича жами 26 мингдан ортиқ "кўнгилли отряд" ташкил этилишини билдирди.

Жойлардан Озодликка келаëтган хабарлардан¸ 32 миллионлик Ўзбекистонда пахта теришга ўз ихтиëри билан борадиган 2,5 миллиондан кўп одамни топишнинг имкони йўқлиги боис¸ бу йил ҳукуматнинг расмий ва норасмий баëнот ва ҳаракатларидаги жарлик янада кучайган.

“Бу йил “кўнгилли отряд” деган балоси чиқти. Отряд шаклланмаса ишдан бўша¸ ëки мен сенинг ўзингни текшираман¸ деган гап бўлаяпти прокуратурадан. Ўқитувчи чиқмасин¸ ўрнига одам юборишга пул берсин дейди. Телевизорни очсангиз¸ прокуратура мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди¸ деб турипти. Мажбуран пахтага олиб чиқсак¸ бизнинг устимиздан мажбурий меҳнатга жалб қилаяпти деб ёзишса! Мажбурламасак¸ ҳеч ким пахтага чиқмаса? Биз кичкина ташкилотлар қайси йўлни тутайлик? “ дейилади Наманган вилояти Косонсой тумани солиқ инспекторидан келган хабарда.

“Ўзимиз одамларни пахтага мажбурлаб¸ яна ўзимиз улардан “ҳеч ким мажбурламадими?” деб сўраймиз”

Самарқанд бандликка кўмаклашиш маркази ходимининг Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан билдиришича¸ бу идоранинг ҳар бир хизматчисига битта маҳалладан камида бештадан кам таъминланган фуқарони “кўнгилли терим отряди”га жалб қилиш топширилган.

“Ҳеч ким пахтага боришни хоҳламайди. Шаҳарликларни айтмаса ҳам бўлади. Телевизорда мажбурий меҳнатдан воз кечасан¸ дейди¸ бош вазир ўринбосари селектор ўтказиб¸ “камида 500 одамни отрядга юборасан”¸ деб зуғум қилаяпти. Мажбурлаб туриб¸ “ўз хоҳишим билан бораяпман” деб ëзма тилхат ҳам олар эканмиз. Биттадан машина совға қилса ҳам пахтага бормайди одамлар¸ чунки пули кам¸ шароити оғир¸ овқатлари гўштсиз. Яна ухлаган уйгаям пул тўлайсиз. Менга ўнта маҳалла бириктирилган¸ камида 50 та одам отрядга олиб чиқишим керак. Уйма-уй юрибман сарғайиб¸ биронта одам ўз хоҳиши билан бормайди. Пахтани эккан фермернинг ўзи терсин¸ деб мени қувиб солишмоқда. Бизлар олдин одамларни мажбурлаймиз¸ кейин пахта даласига уларнинг олдига бориб¸ “сизларни ҳеч ким мажбурламадими”¸ деб теримчилардан сўраб ҳам чиқамиз”.

Ҳукумат нега "икки юзлик" пахта сиëсати юритмоқда?

Ўзбекистонда пахта етиштириш¸ айниқса¸ уни териб олишда давлат томонидан болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши сурункали тарзда халқаро майдонда танқидларга учрагани ортидан¸ Тошкент ҳукумати бу сиëсатини ўзгартириш босими остида қолди.

Умумий қиймати бир триллион долларга тенг бўлган йирик Ғарб ширкатлари болалар ва мажбурий меҳнат ишлатилгани боис ўзбек пахтасига бойкот эълон қилди¸ ўзбек пахтаси АҚШ Меҳнат вазирлиги "қора рўйхати"га киритилди.

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш учун сўраган ярим миллиард долларлик кредит ажратилиши учун болалар ва мажбурий меҳнатнинг тўхтатилишини шарт қилиб қўйди.

Ана шу босимлар остида Тошкент раҳбарлари 2014 йили терим пайтида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлади. Икки миллиондан ошиқ бола теримга чиқарилмагани ортидан¸ асосан қўлда териладиган ўзбек пахтасини терувчилар сафи сийраклашди. 2014 йилдан 2017 йилга қадар асосан¸ бюджет ташкилотлари¸ ўқитувчи ва врачлар далага ҳайдалган бўлса¸ 2018 йилга келиб¸ президент ва Бош вазир даражасида ўқитувчиларнинг пахтага чиқиши ҳам тақиқланди.

2018 йилга келиб¸ асосий урғу "кўнгилли терим отрядлари" тузиб¸ унга аҳолининг ишсиз ва кам таъминланган қатламини ташвиқот ва ҳар кило пахта учун нисбатан яхшироқ ҳақ тўлаш асосида жалб қилиш пахтани териб олишнинг мақбул усули сифатида қабул қилинди.

Аммо ишга яроқли аҳолисининг каттагина қисми¸ норасмий маълумотларга кўра¸ хорижга меҳнат муҳожиратига чиқиб кетган Ўзбекистонда ҳукумат айтган 2,5 миллион кўнгилли теримчини топиш на демографик ва на иқтисодий реалликка тўғри келмагани боис¸ кузатувчилар¸ ҳукуматнинг янги кўринишдаги эски мажбурий меҳнатдан фойдаланишдан ўзга чораси йўқлигини айтмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG