Линклар

Озодлик Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида оммавий пахта терими бошланганини аниқлади. Мамлакатнинг шимолий вилоятларида эса пахта кеч очилгани сабаб, оммавий терим 10 сентябрдан бошланиши айтилмоқда. Озодликнинг айрим туманлардан олган хабарларига кўра, ҳокимлар пахта теримига бюджет ташкилотлари ишчиларини мажбуран жалб этишга киришган. Вилоятдаги олийгоҳлар талабалари ҳам ҳар эҳтимолга қарши тайёр бўлиб туриш ҳақида огоҳлантирилган.

Жанубдаги терим ҳозирча муаллимларсиз бошланди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги коллежлардан бирида ишлайдиган ўқитувчи пахта терими оммавий бошланганини айтар экан, бу йил пахта теримига муаллимлар жалб этилмаётганидан хурсанд эканлигини билдирди:

-Мана ҳозир пахта терими бошланди, лекин бизларга бир оғиз ҳам пахта ҳақида гап келмаган. Кейин мен эринмасдан, қишлоқ мактабларини ҳам суриштирдим. Уларнинг айтишларича, теримга чиқмаслик ҳақида қатъий қарор келган. Ҳозир фермерларнинг ўзи ҳар килограммига 400 сўмдан бериб, маҳалла одамларига тергизяпти экан. Иккинчи теримга 600 сўмдан қиламиз, деб ваъда беряпти экан. Агар ҳақ берса, халқнинг ўзи териб беради, - дейди коллеж ўқитувчиси.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги қишлоқ врачлик пункти шифокори Йўлдош Хўжаев ҳам, пахта теримига чиқиш ҳақида ҳозирча гап бўлмаганини айтди:

- Мактабни, дўхтир ва ҳамшираларни чиқармаймиз, дебди. Маҳаллада уйда бўш ўтирган аёлларни чиқарар экан. Ўтган йил уйма-уй юриб, ҳамманг пахтага чиқ деб, қувиб юрарди. Бу йил пахтада аввалги йиллардагидек ваҳима йўқ. Лекин, бу ҳали якуний хулоса эмас, терим бошлансинчи, кўрамиз, - дейди Йўлдош Хўжаев.

Қорқалпоғистонлик шифокорларга теримга тайёрланиш буюрилди

Аммо, пахта теримига тайёргарлик кўраётган баъзи шимолий вилоятларда маҳаллий ҳокимлар бюджет ташкилотлари ишчиларига теримга тайёр бўлиб туриш ҳақида оғзаки буйруқ берган:

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирининг исми сир қолишини сўраган шифокорига кўра, ҳоким тиббиёт ходимларининг теримга чиқариш ҳақида селектор йиғилишида гапирган:

“Ҳокимиятдаги мажлисда шифокорлар ва ҳамширалар ҳам 8 сентябрдан пахта теримга чиқади, деб буйруқ берган. Бу ҳақда ўша мажлисда қатнашган шифокорлар айтишди. Шу пайтгача, бу ҳақда индамай келишаётганди”, деди шифокор.

“Талаба, тайёрлан!”

Бухоро давлат тиббиёт институти талабасининг Озодликка ёзишича, улардан пахта теримига чиқиш ҳақида тилхат ёздириб олинмоқда:

“Бизда, Бухорода ҳоким талабаларни пахтага олиб чиқмаймиз, деб айтган эди. Бир ой олдинроқ. Энди талабаларни кейинги ҳафтадан яна пахтага олиб чиқиш кутилмоқда. Биздан “пахта йигим теримида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қиламиз деган хатга қўл қўйдириб олишяпти. Шу кунгача домлаларимиз пахта бўлмайди деб бизга ҳар куни айтишарди. Ҳар доимгидек кучи етганлар сохта медсправка тахлайди ёки пул бн масалани ҳал қилади. Оддий табақага мансуб оилаларни фарзандлари эса пахта теради. Дала шароити ҳаммага маълум. Ўтган йили охирги кунларда ҳаттоки ейишга нон қолмади, ғўзапоялар йиғиштирилаётган бир пайтда бизга 20 кг пахта топиб келишимиз буюрилган эди. Шу кунлар яна қайтиб келишини ўйласак, юрагимиз орқага тортади”, деб ёзди талабалардан бири.

Бухоро тиббиёт институтининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири, талабалардан тилхат ёздириб олинаётганини инкор қилар экан, лекин пахтага чиқиш-чиқмаслик масаласи савол остида турганлигини айтди:

“Бу борада аниқ бир нарса дея олмайман. Ҳар ҳолда раҳбарлар тайёр бўлиб туринглар, 15 сентябрда маълум бўлади, деб айтишяпти. Биз ҳам талабаларга шундай деяпмиз”, деди мулозим.

“Ҳокимнинг бюджет ташкилотлари теримга чиқади деганини ёзиб олганман”

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокими ўтказган йиғилишда “муаллим” сифатида иштирок этган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, ҳоким пахта теримига жалб қилинадиган боғча ходимлари рўйхати борлигини айтган:

“Биз Паркент туманида бир қанча мактаб ва боғчаларда бўлдик. Боғча мудиралари ҳокимият томонидан пахтага чиқадиганлар рўйхати туздирилганини айтишди. Булар, асосан, боғча қоровуллари, фаррошлар, техник ходимлар. Душанба куни эрталаб соат 7даги ҳокимиятда бўлган мажлисга “муаллим” сифатида киришга муваффақ бўлдим. Ҳоким Неъматжон Абдуллаев пахта теримига чиқадиган рўйхатлар ҳақида сўраб, “охирги муддат чоршанба куни”, деди. Конкрет мисол, тумандаги 17-боғчадан 11 киши чиқарилиши сўралган экан. Менда буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор”, деди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳукумат, бу йил мажбурий пахта терими бўлмайди, деган

Ўзбекистонда шу пайтгача пахта теримига бюджет ташкилотлари ишчи ва ходимлари, тадбиркорларнинг мажбурий чиқарилиши кузатилган.

Аммо, Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг, қишлоқ хўжалик ишларига ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбурий жалб этилиши мамлакат телевидениесида ва йиғилишларда бир неча марта танқид қилинди.

Халқаро пресс клуб ўтказган йиғилишларда Наманган, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари ҳам бу йил бирор нафар ўқитувчи ва шифокор пахта теримига жалб этилмаслиги ҳақида ваъда берган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, вазир муовини Эркин Муҳитдинов АҚШ Сенати халқаро алоқалар бўйича қўмитаси ҳайъати аъзолари билан учрашув чоғида мажбурий меҳнатни тақиқлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 8 август кунги баённома қарори имзоланганини ва ўқитувчию шифокорлар пахта теримига чиқарилмаслигини айтган эди.

Озодлик терим жараёнидаги мажбурий меҳнат ҳолатларини кузатиб боради.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG