Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2024, Тошкент вақти: 11:55

Хоразмдаги педофил амалдорлар иши Тошкент судида қайта кўрила бошлади


Тошкентдаги маҳкама зали.
Тошкентдаги маҳкама зали.

19 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати Хоразмда содир этилган педофилия жинояти бўйича суд муҳокамаларини қайта бошлади.

Бу ҳақда Озодликка жинсий зўравонлик қурбони бўлганларнинг яқинлари маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19-моддаси асосида ёпиқ давом этаётган суд мажлиси тафсилотларига кўра, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан айбланмоқда.

Шу йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати жиноят ишини қўшимча айбловлар билан тўлдириш ва тергов қилиш учун бир ой муддатга Хоразм вилояти прокуратурасига юборганди.

Жиноят иши тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасининг айтишича, Хоразм вилояти прокуратураси терговлар давомида педофилия жиноятига қўл урган собиқ амалдорлар иши бўйича бирорта қўшимча айбловлар қўймаган, аксинча, тергов давомида жинсий зўравонлик қурбони бўлган қизлардан Меҳрибонлик уйининг ҳозирда қамоқда бўлган раҳбарига нисбатан кўрсатмалар олган. Гўё, -дейди манба, - қизлар унинг қистови билан амалдорларнинг жинсий эҳтиёжини қондиришган.

Тармоқларда яна педофилия билан боғлиқ ҳолатлар муҳокамади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:37 0:00

Судланувчилар яқинларининг Озодликка айтишича, суд томонидан билдирилган эътирозлар инобатга олинмаган ва жиноят иши эски айблов — Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан судга қайтарилган.

Дастлабки суд тафсилотлари

Адвокатларга кўра, гўё жарбланувчиларнинг адвокати қизларга ўзларига нисбатан жинсий зўравонлик бўлгани ҳақидаги ёлғон кўрсатмаларни ўргатган ва аввалги суд мажлисларида етимхона тарбияланувчилари шунинг учун ҳам ўзларига нисбатан жинсий зўравонлик бўлганини таъкидлашган. Адвокатларга кўра, аслида жиноят ишида жинсий зўравонлик йўқ.

Ҳолбуки, апелляция инстанция суди шу йилнинг июнь-июль ойидаги эшитувларида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий тажовуз аломатлари борлигини, мазкур ҳаракатлар қайта терговларда ўрганилиши лозимлигини таъкидлаб, ажрим чиқарганди.

Ишни ўрганган Ўзбекистон Репсубликаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Алия Юнусова суднинг бу қарорини олқишлаганди. Ижтимоий тармоқлар эса жиноят ишини қайта терговга қайтаришни жамоатчилик ғалабаси ўлароқ баҳолаган.

Мазкур иш тафсилотлари жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан Олий суд ва Бош прокуратура судланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинганини маълум қилган эди.

Бироқ жабрланувчи қизларнинг айтишича, бу гапларнинг барчаси ёлғон, судланувчилар бирор кун ҳам қамоққа олинмаган. Жабрланувчилар давлат идоралари жамоатчиликнинг овозини ўчириш учун ёлғон хабар тарқатганини иддао қилмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Хоразмдаги педофилия иши билан боғлиқ ҳолатда судланувчиларга қўйилаётган айблар уларнинг қилмишига яраша жазо олишига кифоя қилмайди. Башарти, суд ЖКнинг тегишли моддаси билан санкцияда кўзда тутилган энг юқори жазони берса ҳам ҳозирда кечаётган маҳкамадан сўнг педофиллар жазосиз қолиши эҳтимоли катта.

Педофил амалдорлар

«Nemolchi.uz» лойиҳасига кўра, Урганч шаҳридаги Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган».

«Масалан, 2021 йилнинг майида мудира ҳали 16 ёшга тўлмаган Р. ни танишларидан бири билан ётишга мажбурлаган. Қиз буни истамасдан, қаршилик кўрсатган, шунда мудира ошхонадан ўқловни олиб келиб, қизнинг вояга етмаган укасини бошқалар кўз ўнгида калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдирган аёл кейинчалик уни ўзи буюрган барча эркаклар билан ётишга мажбурлаган», деб ёзганди «Nemolchi.uz».

Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи ўз ваколатидан фойдаланиб мудиранинг муаммоларини ҳал этишни ваъда қилган, 2021 йил апрелда унга хайрия мақсадида принтер совға қилган (у Адлия бошқармаси балансида бўлган ва ишда фойдаланилган, кейинроқ яроқсиз ҳолатда чиқарилган).

«Бу каби «хайрия»дан икки ҳафта ўтиб, эркак болалар уйи мудирасидан ўзининг жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришини сўраган. Шунда аёл 17 ёшли етим қиз — А.ни танлаган ва унга овқат бермай қўйган, бошқа болалардан ажратган, ташқарига чиқишини тақиқлаган, кейин бўлса, қизга вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи билан ётиши кераклигини, чунки у А.га 250 минг сўмга спорт оёқ кийимини олиб берганини айтган. Натижада эркак қиз билан ётган, жинсий алоқа учун эса Адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган квартирадан фойдаланган», деб ёзган «Nemolchi.uz».

Икки ойдан кейин, 2021 йил июнда Адлия бошқармаси бошлиғи «мудирадан яна қиз талаб қилган ва ўша квартиранинг ўзида 15 ёшли А., кейинроқ 16 ёшли Д. билан бирга бўлган».

«Бу каби воқеалар қайта-қайта такрорланган… 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат квартирасидан идора бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқалари платформаси сифатида фойдаланилган», дея таъкидланади материалда.

Хоразм вилоят Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ҳам Меҳрибонлик уйи мудирасининг муаммоларини ҳал этишга ваъда берган. Айтилишича, май бошида у ҳомийлик ёрдами сифатида диван, шкаф, ошхона столи совға қилган, болаларга турли ширинликлар тарқатган.

«2021 йил июнда эса ёрдами эвазига жинсий алоқа учун қиз талаб қилган ва юқоридаги 17 ёшли Р. билан Меҳрибонлик уйи ётоқхонасида ётган. Июнь охирида у болалар уйи мудирасига 200 минг сўм бериб, яна қиз билан ётган. Шундан кейин Меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиб, 15 ёшли А.ни жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қизлар бир неча бор ушбу эркак билан жинсий алоқага мажбурланган, учрашувлар Меҳрибонлик уйларининг ўзида ва бошқа жойларда ташкиллаштирилган», дейилади «Nemolchi.uz» хабарида

2022 йилнинг сентябрь ойида мазкур ҳолатларга нисбатан дастлабки инстанция суди Хива туманида кўриб чиқилди ва Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойбергенова ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йилга озодликдан чекланди. Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси декабрда ҳукмни кучда қолдирди.

Судланувчиларнинг яқинларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар апелляция судлов ҳайъатининг навбатдаги мажлислари кейинги ҳафтада давом эттирилади. Озодликка маълум бўлишича, жабрланувчи қизлар Тошкентга олиб келинган ва улар ҳимоя ордерларига эга.

Форум

XS
SM
MD
LG