Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:50

“Ёпиқ суд ишини ёпиқ суд кўради”. Хоразмда зўрланган қизлар


Урганчда оилавий меҳрибонлик уйига берилган уч қизни зўрлаган мулозимларнинг енгил жазо билан қутулгани ўзбек ижтимоий тармоқларини остин-устун қилмоқда.

Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши NeMolchi.uz ахборот лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко, 31 март куни оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 вояга етмаган қизнинг вилоят мулозимлари томонидан 10 ой зўрлангани ҳақида ёзди.

Фаолга кўра, мулозимлар жуда енгил жазо олган - уларга 1 ярим йилгача соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, яшаш жойини тарк этиш тақиқланган, холос.

Матвиенконинг бу пости - ижтимоий тармоқ фаолларидан тортиб, президент қизи Саида Мирзиёевани ҳам ўз ичига олган улкан кампанияга туртки бўлди ва бу кампания ой охирида кутилаётган конституциявий референдум арафасида бошланди.

Зўравон мулозимлар

Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида NeMolchi.uz ахборот лойиҳаси хабар қилди.

Nemolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси - Аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.

Унинг фаолларига кўра, қизларни васийликка олган оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари 2021 йил майидан – 2022 йил февралигача уларни амалдорлар билан жинсий алоқага зўрлаб келган:

“2021 йил май ойи бошида у ўша пайтда ҳали 16 ёшга тўлмаган Азизани танлаб, танишларидан бири билан жинсий алоқага киришга мажбурлаган. Қиз бунга қаршилик қилганда мудира ошхонадан ўқлов олиб келтириб, барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг кичик укасини калтаклай бошлади. Қизнинг иродасини синдириб, мудира кейинчалик уни ўзи айтган эркаклар билан ётишга мажбур қилиб келган”.

Меҳрибонлик уйининг эгаси бу жинояти эвазига амалдорлардан моддий рағбат, жумладан "эски принтер, 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими, болалар учун диван, шкаф, ошхона столи ва турли ширинликлар олган".

NeMolchi.uz ахборот лойиҳаси сайтида берилган мақолада айтилишича, 2022 йилнинг сентябрь ойида Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов бу жиноятни содир этганликда айбдор топилган.

Икки мулозимга, 1 ярим йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Чеклов эса, мақолада келтирилишича, соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқмаслик ва яшаш жойини тарк этишни тақиқлашдан иборат.

Оилавий Меҳрибонлик уйининг директори эса 5 ярим йилга қамалган.

Зўравон мулозимларга берилган жазо

Вояга етмаган етим қизларни зўрлаган мулозимлар ҳақидаги илк хабар NeMolchi.uz лойиҳасининг Телеграмдаги каналида шу йил 31 март куни берилди.


Батафсил тафсилотлар берилган мақола ахборот лойиҳаси сайтида эълон қилинди.

Бу мақоладан кўринишича, воқеа 2021 йил майидан – 2022 йил февралигача содир бўлган. Илк суд 2022 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган.

Айбдорларга қўлланилган ЖК моддалари:

  • 128-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш
  • 1281-модда. Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қили
  • 167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш
  • 209-модда. Мансаб сохтакорлиги

NeMolchi.uz ахборот лойиҳаси фаолларига кўра, маҳкамалар ёпиқ ўтган:

“Юқорида тасвирланган ҳолатда уларга нисбатан етарли жазоми? Афсуски, ҳатто идоралар ходимлари орасида ҳам ўзлари бузуқ бўлган вояга етмаган қизлар борлигига ишонадиганлари бор, қизлар эркакларга осилиб, жинсий алоқа қилишни хоҳлашармиш. Ҳеч ким сабаблар ҳақида ўйлашни хоҳламайди. Мамлакатимизда розилик ёши 16 ёшдан бошланишини ҳамма унутган кўринади. Бу шуни англатадики, 16 ёшга тўлмаган шахс билан ҳар қандай жинсий алоқа номусга тегиш деб ҳисобланиши керак”.

Шу пайтгача бу воқеа ҳақида матбуотда бошқа хабар берилмаганди.

Муҳими, 3 апрель тушдан кейин, тармоқларни жунбушга солган бу хабарни эълон қилганидан 5 кун ўтиб Матвиенко афсусда эканини билдирди:

“Жазо жиноятга яраша учун қонунларни ўзгартириш керак, биз шунинг учун курашяпмиз. Мен ўз позициямни аниқ ифода қилодимми-йўқми билмайман. Лекин, бунга ойдинлик киритишга қарор қилдим, чунки менинг постимдан сўнг одамлар чора кўрмаётгани учун давлатдан нафратлана бошлаганида ўзимни айбдор ҳис қилдим”.

Ишни бошидан бери кузатиб келаётган Ирина Матвиенко сўнгги беш кун ичидаги зиддиятли чиқишлари ва 6 ой аввал содир бўлган воқеани нега айнан ҳозир жамоатчиликка очиқлагани сабабини ҳозирча айтмади.

Аммо, Озодликнинг барча саволларига тез орада жавоб беришини билдирди.

Тармоқлардаги норозилик

Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи қизларининг зўрланиши тармоқларда жўровоздаги жиддий норозиликни ўртага чиқарди.

Сўнгги йилларда кўзга кўринган таниқли блогерлару тармоқ фаолларининг аксари вояга етмаган қизларни зўрлаган мулозимлар ва уларга берилган жазони қоралай бошлади.


Фаоллар кўпроқ қуйидаги жиҳатларгага урғу беришди:

  • вояга етмаганларни зўрлаган шахсларга берилган жазонинг енгиллиги,
  • бу шахсларнинг катта лавозимдаги амалдор экани,
  • Бу икки мулозим ишлаган давлат идоралари - Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шу кунга қадар енгил жазога эътироз билдирмагани,
  • тармоқларни жунбушга келтирган бу хабарнинг шу ой охирида бўладиган референдум арафасида пайдо бўлгани.

Ўзбекистон президенти Администрацияси коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳам зўрланган қизлар масаласида чиқиш қилди.

Мирзиёева Ўзбекистонда “ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози эшитилаётгани” ортидан қизларнинг зўрланиши воқеаси кенг жамоатчиликка етиб борди, деб таъкидлади.

Расмий идоралар реакцияси

Хоразмдаги қизларнинг амалдорлар томонидан зўрланганига оид хабардан сўнг тармоқларда кўтарилган фавқулодда шов-шувга расмий идораларнинг реакцияси ҳам фавқулодда ошиғич бўлди.

1 апрель куни Бош прокуратура зўравон амалдорга берилган жазо ҳукми устидан Олий судга протест киритганини маълум қилди. Аммо, баёнотда протест киритилган сана 29 март - хабар тармоққа тушишидан икки кун олдин экани айтилди.

3 апрелга келиб Олий суд матбуот хизмати, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести келиб тушганини билдирди.

Унда 2022 йил 27 декабридаги суд ажримини Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга оид қисмини бекор қилиб, ишни қайтадан апелляция инстанциясида кўриш сўралгани айтилди:

“Ушбу протест Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида жорий йилнинг 6 апрель куни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинади”.

“Зўравон амалдорни қўллаган тизим”

Бош прокуратура ва Олий суд зўравон амалдорларга жазо берилганидан 6 ой ўтиб - бу ҳолат тармоқлар тилига тушганидан кейингина - суд қарорига протест киритгани ҳам жиддий эътирозга сабаб бўлмоқда.

“Мен ҳеч шубҳа қилмайман, Адлиядагилар ҳам, МЧСдагилар ҳам, Хоразм ва республика даражасида буни билишган. Нега ўшандаёқ чора кўришмади, протест киритишмади? Чунки, тизимда амалдорга кескин жазо бериш эмас, кечириб юбориш ёки ўзаро келишиб, биттасини қурбонликка сўйвориш, кейин ишни ёпди-ёпди қилиш амалиёти бор", дейди вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик масаласини ёритиб келаётган тошкентлик журналист.

Исми сир қолиши шарти билан фикр билдирган журналистга кўра, агар бу каби жиноят ишлари суриштирилса, калаванинг учини бунақа зўравон амалдордан бир қанчасига олиб чиқиши мумкин:

"Иккинчидан, ҳозир ҳар икки идорада: “Бизнинг бундан хабаримиз йўқ эди” деб ўтирган амалдорларнинг гапи рост ҳам дейлик. Унда вилоят бошқармаси раҳбари даражасидаги шундай қабиҳ жиноятдан Тошкентдаги ҳамкасблар бехабар қоладиган даражада тизимда аҳвол расво. Хуллас, ҳар қанақа ҳолатда яна шу тизимга тақаляптими?! Буни ўнглаш керак ва бунинг учун иккита оддий ишни қилиш керак: жазони кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш”.

«Газета.uz» колумнисти Юрий Саруханян ҳам бу ҳолатни тизимли муаммо, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, турли ижтимоий муаммоларни қоралашга қаратилган кампанияларнинг вақти-вақти билан пайдо бўлиши ортида одатан, ҳукуматнинг жамоатчилик диққатини кун тартибидаги асл масаладан чалғитиш ёки бошқа бир популистик истаги туради:

“Бундай тизим иши иккита механизмига таянади: популизм ва ўт ўчириш. Баландпарвоз шиорлар, чиройли безалган стратегиялар ва доимий равишда «энг яхши тажрибалар» жорий этилишини эълон қилиш кўринишидаги популизм орқали иш қобилияти ва иштиёқи йўқлигини яширишга ҳаракат қилади. Унинг ҳаракатсизлиги туфайли юзага келган баъзи ҳодисалар жамоатчилик онгини жунбушга келтириб, ижтимоий кескинликни кучайтирганда, у ўт ўчириш билан шуғулланишга мажбур бўлади. Тизимнинг ҳар қандай ҳаракати бошқарилади ва «тепа» билан мувофиқлаштирилиши кераклиги унинг аксарият вақтини у уйқуда ўтказишига олиб келади. Ҳатто ўзининг функционал вазифаларини керак бўлганида эмас, балки раҳбариятга ёқиши учун бажаради”.

Болани зўрлаганга енгил жазо амалиёти

Хоразмда вояга етмаган қизларнинг зўрланиши - Ўзбекистонда анчадан бери мавжуд ва муттасил қоралаб келинадиган яна бир баҳсли масалани яна юзага кўтарди.

Озодликка маълум бўлган қатор ҳолатларда, Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган болаларни, айниқса қизларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 128-моддаси қўлланган.

Жиноят Кодексининг 128-моддаси: Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш

  • “Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш — тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Ўша ҳаракатлар моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Яъни, аксар ҳолларда 16 ёшга тўлмаган болалар гўёки “ўз хоҳиши билан билан жинсий алоқага рози бўлган” деган важга асосланган ҳолда айбланувчиларга ушбу модданинг 1-қисми билан жазо тайинланиши кузатилади.

Бунда жиноятчиларга, жарима тўлаш ва шартли жазони ўташ жазоси тайинланиб, улар одатан қамоққа тушмайди.​

"Хоразмдаги меҳрибонлик уйининг 16 яшар қизи қандай қилиб умрида танимаган бир амалдор билан ўз истагига кўра, жинсий алоқа қилади?! Бунга ишониш мумкинми? Меҳрибонлик уйи эмас, кўчадаги қиз бўлганда ҳам - 16 яшар қиз нимани билади?! Хўп у билмади, дейлик. Бу Адлия бошқармасидаги амалдор буни тушунмайдими?! Хуллас, жудаям саволлар кўп. Менимча, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликка қонунда жазони кучайтириш керак. Жазо кучайса, жиноятчилик албатта камаяди. Кейин оилавий меҳрибонлик уйлари устидан кучли ва аниқ механизмга таянган жамоатчилик назоратини ўрнатиш керак", дейди аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиб келаётган тармоқ фаоли Ақида Хоним.


Ўзбекистон Бола омбудсмани Алия Юнусова, ўз идорасига вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий муносабат ёки зўрлик қўлланганига оид қатор мурожаатлар келиб тушганини айтганди.

Бироз муқаддам Озодликка берган изоҳида у, аксар ҳолларда, жиноят иши нотўғри квалификация қилиниши кузатилишини қайд этган:

“Бизга бир неча мурожаатлар бўлган, улар орасида 6 яшар бола ҳам бор, 9 яшар ўғил бола ҳам бор. Мен бу ҳақда яқинда бўлиб ўтган Сенат қўмитасининг йиғилишида ҳам жазони кучайтириш борасида ўз таклифларимни билдирдим. Ҳозирда ишчи гуруҳ ишламоқда, қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Вояга етмаган болаларга нисбатан бундай жиноятларга жазони кучайтириш зарур деб ҳисоблайман. Яқин орада қонунчиликка ўзгартириш киритилади, аммо бунинг ҳам ўз тартиби бор, ўзингиз биласиз. Биз бу ўзгартиришлар тез орада амалга оширилишида ишончимиз комил, чунки болаларга нисбатан ғайри инсоний муносабатларни қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Ҳозиргача, омбудсман тилга олган қонун лойиҳаси тақдири ва мазмуни ҳақида на унинг ўзи ва на бошқа расмий идоралар маълумот берди.

Жинсий зўравонлик учун жазо

Аслида, суд жараёнида исботини топса, вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун Ўзбекистонда 25 йилгача жазо белгиланган ва бу жазо ЖКнинг 118-моддасида қайд этилган:

Жиноят Кодексининг 118-моддаси: Номусга тегиш

  • “Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш — уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Номусга тегиш: а) шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда; б) яқин қариндошга нисбатан; в) оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан; г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса; д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш — ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшуносларга кўра, аксар ҳолларда вояга етмаган болаларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан 118-модда эмас, балки 128 ёки 129-моддаларнинг қўлланиши - бундай жиноят ишларининг нотўғри квалификация қилинишидан келиб чиқади.

Аммо, бу жиноятни давлат ташкилотлари ёки ҳукумат идоралари ходимлари, амалдорлари содир этган ҳолларда айбланувчиларга атайин енгил жазо қўллаш ҳоллари кузатилади ва одатан, бунда ЖКнинг қайси моддасини танлаш ихтиёри, мавжуд қонунчиликка биноан мутлақ судянинг ихтиёрида бўлади.

Форум

XS
SM
MD
LG