Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:07

Помпео Қозоғистонни Шинжондаги қатағонлар сабаб Хитойга босим ўтказишга чақирди


АҚШ давлат котиби Майк Помпео (чапда) Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан 2 февралда Нур-Султонда учрашди.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео (чапда) Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан 2 февралда Нур-Султонда учрашди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Қозоғистонни Хитойга Шинжон вилоятида камсонли мусулмонларни сиқувга олаётгани учун босим ўтказишда Вашингтонга қўшилишга даъват қилди.

Инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилотларига кўра, Хитой ҳокимият идоралари мамлакат шимоли-ғарбидаги Шинжон вилоятида истиқомат қилувчи уйғурлар, қозоқлар ва бошқа кўплаб мусулмон этник гуруҳлар вакилларини тинмай кузатмоқда, ўзбошимчалик билан ҳибсга олмоқда ва уларга мажбурий мафкуравий таъсир ўтказишга уринмоқда.

Хитой Қозоғистоннинг улкан савдо шеригидир. Унинг давлат назоратидаги ахборот воситалари кўпинча Шинжондаги мажбурий ушлаб туриш марказлари ҳақида хабар бермайди.

Помпео 2 февралда Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга сафари вақтида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлeуберди билан музокара чоғида ушбу масалани кўтарганини маълум қилди.

Помпео иккала вазир “Қозоғистон чегарасининг нариги тарафидаги Шинжон вилоятида Хитой коммунистик партияси ҳибсга олган 1 миллиондан ошиқ мусулмон уйғурлар ва этник қозоқларнинг оғир аҳволи”ни муҳокама қилганини айтди.

Қўшма Штатлар барча мамлакатларни қатағонга барҳам бериш учун сафимизга қўшилишга чақиради, ‒ деди Помпео. ‒ Биз улардан хавфсиз бошпана беришни ва Хитойдан қочиш истагида бўлганларга бошпана беришни илтимос қиламиз. Инсон шаънини ҳимояланг ва тўғри ишни қилинг.

Шу пайтгача ўз ҳукумати Шинжондаги муаммо бўйича танқид қилишни рад этиб келаётган вазир Тлеуберди бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади. У бунинг ўрнига иқтисодий ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликка эътибор қаратди.

2018 йил августида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тахминан 1 миллион уйғур ва минтақадаги бошқа туб этник гуруҳлар вакиллари “экстремизмга қарши марказлар”да ҳибсда ушлаб турилганини хабар қилган эди.

БМТ яна миллионлаб кишилар “қайта ўқитиш жамлоқлари”га мажбурий жойлаштирилганини маълум қилган эди. Хитой айни марказлар мажбурий ушлаб туриш жойлари эканини инкор этиб келмоқда.

Помпео Қозоғистон раҳбарлари билан учрашиб, АҚШ уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Помпео Ураина ва Беларусга сафар қилишидан олдин Лондонда тўхтаб ўтган эди ва 2 февраль кечаси Ўзбекистонга жўнаб кетиши режаланган.

АҚШ Давлат департаменти тарқатган баёнотга кўра, Қозоғистонга сафардан мақсад “Марказий Осиёдаги тинчлик, тараққиёт ва хавфсизликка умумий содиқлигимиз”ни тасдиқлашдан иборат.

Вашингтон энергия ресурсларига бой Қозоғистонга Россияга қарши Марказий Осиёдаги куч сифатида қараб келади ҳамда АҚШнинг нефть компаниялари Каспий денгизи бўйидаги нефть конларини ўзлаштириш учун шу пайтгача миллиардлаб доллар инвестиция киритган.

Назарбоев Қозоғистонни деярли 30 йил бошқаргандан сўнг 2019 йил мартида истеъфога чиққанини эълон қилди, 66 яшар Тоқаев июнь ойида мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди.

79 яшар Назарбоев ҳокимиятдаги “Нур Отан” партияси ва хавфсизлик кенгаши раиси сифатида мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларини назорат қилиб келмоқда.

У истеъфога чиққандан сўнг мамлакат пойтахти Остона унинг шарафига Нур-Султон деб ўзгартирилган эди.

XS
SM
MD
LG