Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 08:05

OzodDayjest: Жиззахлик қоровул МИБ ходимига арра билан ҳамла қилди


Маълумотларга кўра, 2018 йилда 167 та ҳолатда МИБ ходимларига турли даражада қаршилик кўрсатилган.

19 йилга ноҳақ қамалган тадбиркор адолат талаб қилмоқда. Жиззахда ижара ҳақи ундириш учун борган МИБ ходими қоровул ҳужумига учради. Қозоғистонда битта кинокартина учун ажратилган маблағга Ўзбекистонда 40 та фильм суратга олинаяпти.

_____________________________________________________________

Самарқандлик тадбиркор ноҳақ қамалгани ва мол-мулки тортиб олинганидан арз қилди

Ноҳақ қамалган самарқандлик тадбиркор Ҳалим Муртазоев адолат қарор топиши ва тортиб олинган мол-мулки қайтарилишини талаб қилди (“XXI аср”, 25 апрель). Қайд этилишича, у 1990 йил 6 июнь куни Ургут шаҳрида биринчилардан бўлиб “Рисола” кўп тармоқли савдо, ишлаб чиқариш фирмасини очган. Ҳ. Муртазоевга тегишли 15 та корхона макарон, музқаймоқ, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, эшик-ром, металл панжара, иситиш қозони ясаш каби фаолият билан шуғулланган. Тадбиркор 1999 йилда “Ташаббус” кўрик-танлови республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган. Аммо 2007 йилда унга туҳмат билан жиноят иши қўзғатилиб, 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган, мол-мулки мусодара қилинган. 10 йиллик умрини панжара ортида ўтказган Ҳ. Муртазоев шикоятлар ёза-ёза 2017 йил 31 март куни озодликка чиққан. Тадбиркорга кўра, масъуллар икки йилдан буён ишлаб чиқариш корхоналарини қайта йўлга қўйишига тўсқинлик қилмоқда. Ноҳақ тортиб олинган мулклари ҳам қайтарилмаяпти. “Жиноят кодексининг 15 та моддаси бўйича қўйилган айбларнинг бирортаси бўйича менинг айбим тасдиқланса, такроран яна 19 йилга озодликдан маҳрум этишларига розиман”, деган тадбиркор Ҳ. Муртазоев.

Жиззахда қоровул МИБ вакилига ҳужум қилди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида МИБ ходимига бензин двигателли арра (мотопила) билан ҳужум қилинди, деб хабар беради Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ” нашри. Вилоят иқтисодий суди “Мулла” хусусий корхонасидан “Маржона Сарвиноз” МЧЖ фойдасига 36 миллион сўм ижара ҳақи ундириш ҳақида қарор чиқаради. Мазкур қарорни ижро этиш учун борган МИБ ходимига корхона қоровули бензин двигателли арра билан ташланади. МИБ ходимига қай даражада жароҳат етказилгани очиқланмаган.

Бухоро вилояти Олот туманида эса 71 ёшли М. Собиров ўзбошимчалик билан қурилган иншоотни бузиш ҳақидаги қарорни ижро этиш учун келган МИБ ходими юзига тарсаки тортган ва огоҳлантириш хатини йиртиб ташлаган.

Қайд этилишича, биргина 2018 йилда 167 та ҳолатда МИБ ходимларига турли даражада қаршилик кўрсатилган. Ушбу ҳолатлар бўйича ўнлаб жиноий ва маъмурий ишлар қўзғатилган.

Ўзбек киносида “коммунист қаҳрамонлар” кўпайгани танқид қилинди

Ўзбекистонда тарихий фильмларни суратга олувчи муносиб режиссёр ва сценарийнавислар кам (www.minbar.uz, 24 апрель). “Ўзбеккино” миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Олимжон Давлатов билан cуҳбатда шу ҳақда сўз боради. Қайд этилишича, тарихий мавзуга мурожаат қилаётган айрим қаламкаш ва режиссёрлар ҳатто “Википедия” даражасида маълумотга эга эмас. “Натижада совет замонида тарғиб қилинадиган коммунистлардек бизнинг қаҳрамонларимиз ҳам ҳамиша тўғри қарор чиқарадиган, ҳар бир сўзи айни ҳикмат бўлган қизил қаҳрамонларга айланиб қолади”, дейди О. Давлатов. “Ўзбеккино” вакили миллий фильмлар ўртамиёна эканини ҳам тан олган. “Футболимиз, санъатимиз, адабиётимиз, фанимиз, иқтисодиётимиз, умуман ижтимоий ҳаётимиз ўртача бўлган бир пайтда қандай қилиб киноижодкорлардан “шоҳ асар” талаб қилиб бўлади?!” деган у. Фильмларнинг савияси паст эканига эса бир қатор омиллар, жумладан, маблағ етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Муқояса қилинишича, қозоқлар Тўмарис ҳақидаги битта фильмга 5 миллион доллар маблағ сарфлаган. Ўзбекистонда эса давлат маблағига ишланадиган 20 та фильмга жами 2,5 миллион доллар ажратилади.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG