Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2024, Тошкент вақти: 02:28

OzodDayjest: МБ расмийси сўм деноминацияси муқаррар эканини айтди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

“Лоббизм анқиб турган қарор” лойиҳаси танқидга учради. Андижонлик аёл чақалоғини ҳожатхонага ташлаб ўлдирди. Марказий банк расмийси пул алмашиши ҳақидаги гап-сўзларга аниқлик киритди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Президентнинг пойабзал корхоналарига имтиёз бериш ҳақидаги қарори лойиҳаси кескин танқидга учради

Ўзбекистон президентининг пойабзал ва теридан маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқдаги машҳур блогерларнинг кескин танқидига учради. Ҳукумат порталида муҳокамага қўйилган лойиҳани “лоббизм анқиб турган қарор”, деб атади Davletov.uz.

“Қонунчиликни жуда ўйинчоқ қилиб юборишди бу лоббистлар… Энди аёллар оёқ кийимига ҳам давлат божини оширишмоқчи. Ичкаридаги ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари беришмоқчи… Ўзбекистонга кирадиган аёллар оёқ кийими оқими қора йўлларга ўтиб кетади. Ичкарида нарх кўтарилади”, деб ёзди блогер Нозим Сафаров.

“Ҳурматли аёллар! Сифатли туфлилар, лодочкалар, босоножкалар – хуллас, яхши пойабзал кийиш ҳуқуқимизга зарба беришмоқчи! Қачонгача бир йилга етмай пошнаси узилиб, оғзи очиладиган оёқ кийимларда юрамиз? Қачонгача лоббистлар фойдасига халқ пул тўлайверади?”, деб ёзди блогер Шаҳноза Соатова.

Блогер Азиза Умаровага кўра эса, янги бож имтиёзларисиз ҳам Марказий Осиё бўйича Ўзбекистонда пойабзал жуда қиммат бўлиб қолмоқда.

Марказий банк расмийси пул алмашиши ҳақидаги овозаларга аниқлик киритди

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов пул алмашиши ҳақидаги овозаларга аниқлик киритди (“XXI аср”, 13 июнь). “Пулнинг қадрсизланиш даражаси, нолларнинг сони кўпайиб бораётгани бундай саволларни келтириб чиқариши аниқ. Биз биринчи навбатда транспортировка, ҳисоб-китоб харажатларини камайтириш ва қулайлаштириш мақсадида 50 000 ва 100 000 сўмлик пул чиқардик. Деноминацияни амалга оширишдан мақсад – нолларнинг сонини камайтириш. Яъни 10 минг сўм ўрнига 10 сўм ёки 100 сўм чиқарилади. Қачондир деноминация бўлади. Аммо аниқ вақтини айта олмайман. Балки беш йилдан сўнг бўлар, балки 10 йилдан сўнг”, деган Марказий банк расмийси.

Чақалоғини ҳожатхонага ташлаган аёлга ҳукм ўқилди

Андижон вилояти Хўжаобод туманида мудҳиш ҳолат рўй берди: аёл янги туғилган фарзандини ҳожатхонага ташлаб юборди (“Даракчи”, 13 июнь). 3 фарзанднинг онаси бўлган 38 ёшли аёл тўртинчи бор ҳомиладор бўлганини ён-атрофдагилардан яшириб юради. 2019 йил январь ойида тўлғоқ келган пайтда эса туғруқхонага бориш ёки дояларни ёрдамга чақириш ўрнига уйидаги ҳожатхонага киради. Ўша ерда қиз фарзанд дунёга келтиради, сўнг уни целлофанга ўраб, ҳожатхонага ташлаб юборади. Сўнг эри билан Сурхондарё вилоятига кетади. Ҳуқуқ идоралари жиноятни қисқа фурсатда фош қилган. Аёлнинг исми ва унинг нега бу мудҳиш ишга қўл ургани сабаби очиқланмаган. Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси Муҳайёхон Турдиевага кўра, ЖКнинг 99-моддаси (онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши) бўйича айбланган аёлга 1 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG