Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 17:57

OzodDayjest: Президентнинг таълим ходимлари малакасини ошириш ҳақида қарори урра-уррачилик билан бажарилмоқда


Дори воситалари савдосини чеклаш ҳақида хат ёзган Урганч прокурори жазоланади. Сирдарёдаги от базаси аянчли аҳволга тушиб қолган. Ўзбек матбуоти таълим ходимлари малакасини оширишда урра-уррачиликка йўл қўйилаётгани ҳақида ёзмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Дори савдосини чеклаш ҳақида хат ёзган Урганч прокурорига нисбатан текширув олиб борилмоқда

“Хоразм дори-дармон” компанияси ва тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига 10 турдаги дори воситалари савдосини чеклаш ҳақида хат ёзган Урганч тумани прокурори Д.Мадиримовга нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда (“Даракчи”, 28 июнь). Бу ҳақда хабар берган Хоразм вилоят прокуратурасига кўра, туман прокурорига нисбатан текширув якунида тегишли жазо қўлланади. Вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда тушунмовчиликларга сабаб бўлган хато маълумот тарқатилгани учун аҳолидан узр сўраган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 июнь куни ёзилган мактубда Урганч прокурори Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 12 нафар бола 10 турдаги дори воситалари (амоксициллин, капесула ва бошқалар)ни қабул қилиши оқибатида вафот этгани, шу боис мазкур дори воситаларининг сотувга чиқармаслик ҳақида огоҳлантирган эди. Прокурор Д.Мадиримов хатига асос бўлган “Қозоғистон воқеаси” аслида рўй бермагани аниқланган.

Сирдарё: Бир пайтлар донгдор тулпорлар етиштирилган мактабда бугун бор-йўғи беш-олтита жайдари от қолган

Сирдарё вилояти спорт мактаби қошидаги от базаси бугунги кунда ўта оғир аҳволга тушиб қолган (“Оила даврасида”, 28 июнь). Ушбу масканда бир пайтлар донғи бутун мамлакатга кетган спортчи тулпорлар етиштирилган. Бугун эса бу ерда бор-йўғи ўнтача жайдари от қолган, холос. Шундан ҳам тўрттаси спортга яроқсиз. “Мажмуани кўздан кечирар эканмиз, бугун от спорти билан росмона шуғулланиш учун бу ерда ҳеч қандай шароит йўқлигини англадик. Наҳотки, бир пайтлар республикага машҳур бўлган база шу аҳволга тушиб қолган бўлса?!” деб ёзади газета. Маҳаллий раҳбарлар эса вазиятни ўнглаш ўрнига от мактабини бутунлай ёпишни режалаштирмоқда.

Таълим ходимлари малакасини оширишда урра-уррачилик ва шошмашошарлик

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги қарори билан мамлакатда педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича янги тизимга асос солинди (“Жамият”, 22 июнь). Бироқ халқ таълими ходимларининг касбий билим ва малакасини ошириш ишларида шошмашошарлик ва урра-уррачилик кузатилмоқда. Малака ошириш курсларида ўқиган педагог Исроил Тиллабоевга кўра, дастур тузишда амалиётчилар ҳамда соҳа ходимларининг хоҳиш-истаги ҳисобга олинмаган. Қолаверса, беш йил ичида бир марта ўтиши кўзда тутилган малака ошириш курси ҳеч қандай фойдасиз тестларни ёдлаш билан ўтиб кетмоқда. Қайд этилишича, янги малака ошириш тизимида фойдасиз юклама ва тестлардан воз кечиб, касбий фаолиятга доир фанларни кўпайтириш лозим.

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG