Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:13

OzodDayjest: Беруний тумани ҳокимлиги кўзбўямачилик билан ногиронларни таҳқирлади


Иллюстратив сурат.

Бухорода одамларни чув туширган “дуогўй фолбин” қўлга олинди. Беруний тумани ҳокимлиги ногиронларга берилган ер ва уйни тортиб олмоқчи. Андижонда 97 ёшли момо ҳалигача велосипед минишни канда қилмайди.

_____________________________________________________________

Бухорода одамларни бир неча минг долларга чув туширган “дуогўй фолбин” жазоланди

Бухорода ўзини “илоҳий каромат соҳиби” деб одамларни алдаб, уларнинг мол-мулкини қўлга киритишти одат қилган “дуогўй фолбин” қўлга олинди ва унинг иши сайёр суд мажлисида муҳокама этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати босма нашрларга хабар берган. 6 фарзанднинг онаси бўлган фолбин аёл “бахт йўлингиз боғланган, мен дуо қилиб уни очиб бераман”, дея мушкул вазиятга тушиб қолган одамларнинг ишончини кирган. Сўнг “дам солиб бераман” дея хонадон эгаларининг бор-будини олиб, ўзлаштирган. Масалан, “дуогўй фолбин” шундай баҳона билан вобкентлик аёлнинг 5000 доллар пулини ўмариб кетган. Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди раиси Маҳмуд Орипов судланувчина энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима тайинлаган. Фолбин алдов йўли билан ўзлаштирган маблағлар қайтарилганми – бу масалага ойдинлик киритилмаган.

Беруний туманида расмийлар ногиронларга берилган ер ва уйни қайтариб олмоқчи

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Навоий овулида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари маҳаллий ҳокимиятнинг кўзбўямачилиги боис кўчада қолмоқда (“Ҳуқуқ”, 28 июнь). Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчисининг тавсияси билан иккинчи гуруҳ ногиронлари Ирода Юсупова ва Назира Романовага 2 сотих ер, уч хонали уйни тантанали равишда топширилган. Уй топшириш маросими Нукус телевидениеси орқали намойиш этилган, туман газетасида ёритилган. “Афсуски, қувончимиз узоққа чўзилмади. 2018 йил апрель ойи ўрталарида ҳар иккаламизни туман ҳокимлигига чақиришиб, “Бу уйлар сизларники эмас, эгаси бошқа кишилар”, дейишди. Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади, деганлари шу бўлса керак. Бошимиз қотиб қолди. Биз каби ногиронлардан кўзбўямачилик учун фойдаланиш, шундоқ ҳам ярим кўнглимизни таҳқирлаш кимга керак бўлиб қолди?” дейди И.Юсупова ва Н.Романова.

Андижонлик 97 ёшли онахон ҳамон велосипедда юради

Андижон вилояти Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғида яшовчи 97 ёшли Робихон момо Имяминова ҳозир ҳам велосипед минишни канда қилмайди, деб хабар беради “Даракчи” нашри. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилган онахон 75 йилдан бери велосипедда юради. Анча йил олдин ўғилларидан бири онахонга “Катта аёл бўлиб қолдингиз, энди велосипед минмайсиз” дея эътироз билдирган. Шундан кейин онахон касал бўлиб қолган. Ушбу воқеадан кейин фарзандлари Робихон момонинг велосипедда юришига қаршилик қилмаган. “Аксарият инсонлар аёл кишининг велосипед ёки машина ҳайдашига салбий қарашади. Аммо мен бундай муносабатни оқламайман. Аллоҳга шукрки, шу кунларга етиб келишимда велосипед минишимнинг жуда катта аҳамияти бор”, деган 97 ёшли Робихон момо.

XS
SM
MD
LG