Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 07:45

OzodDayjest: Қашқадарёлик 54 ёшли эркак ўзининг тирик эканини исботлай олмаяпти


Иллюстратив сурат.

Қашқадарёлик Анвар Жавҳаров ўзининг тирик эканини исботлаш учун елиб югурмоқда. Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган 24 нафар чор аскари ёдгорлигини тиклаш ғояси танқидий баҳоланди. Четдан божсиз жўнатмалар меъёри 1000 доллардан 25 долларгача камайтирилади.

_____________________________________________________________

Қашқадарёлик эркакдан ўзининг тириклигини исботлаш талаб этилмоқда


Қашқадарёлик 54 ёшли Анвар Жавҳаров ўзининг тирик эканини исботлаш учун елиб югурмоқда (“Даракчи”, 3 октябрь). Қарши шаҳри мудофаа ишлари бўлими мансабдорлари 1998 йилда унинг вафот этгани тўғрисида ҳужжат тайёрлаган. Аммо ушбу сохта ҳужжатни тайёрлаган мудофаа мансабдорларига жиноят иши очиш рад этилмоқда. “Тирик одамни ўлдига чиқариб, инсон тақдири билан ўйнашиш қандай оқибатларга олиб келишини Анвар Жавҳаровнинг тақдири исботлаб турибди. Бир инсон умрининг 10 йиллигини йўққа чиқарган масъулиятсизларнинг жазосиз қолиши ҳам мантиққа зид”, деб ёзади газета.

А.Жавҳаров яна бир ноҳақликка учраган. Қарши шаҳри нотариал идораси нотариуси Р.Ўнгбоева унинг иштирокисиз ишончнома расмийлаштирган. А.Жавҳаровнинг хотини Шаҳодат Шарипова эса ушбу сохта ишончнома асосида эрига тегишли уйни сотиб юборган. Оқибатда А.Жавҳаров бошпанасиз қолиб, 12 йилдан буён ижарада яшамоқда.

Тошкент мудофааси учун жон берганлар қолиб, босқинчи аскарлар хотирасига бутхона тикланмоқда


XIX асрда Тошкентни босиб олишда ҳалок бўлган 24 нафар чор аскари ёдгорлигини тиклаш ғояси танқидий баҳоланди (www.daryo.uz, 1 октябрь). Айни пайтда “Камолон” маҳалласида чор аскарлари қабри устига 1886 йилда тикланган бутхона қайта тикланмоқда.

“Тарихга шунчалар бефарқмизки, Тошкент мудофаасида жон берганларнинг сонини билмаймиз ҳатто. Лашкарбоши Мулла Алимқулни биламизми? У ҳақда на ёдгорлик, на китоб, на бир кино ишланмагач, қаёқдан ҳам биламиз! Шаҳар марказидаги бозорда тўпланиб, Тошкентни ҳимоялаш учун Қуръон билан онт ичган 15 минг мудофаачини билмаймиз. Улар ўз юртини ҳимоя қилиб жон берганлар эди, ўзга юртга милтиқ кўтариб борганлар эмас. Ҳолимиз жуда қизиқ ва ачинарли”, деб ёзади электрон нашр.

Шу билан бирга, мақолада ёдгорлик қайси маблағ ҳисобидан тикланаётгани ҳам савол остига олинган. “Четдан маблағ ажратишган, деб ўзимизни ишонтирайлик, аммо ҳимоячи боболаримизга бирор ёдгорлик ўрната оламизми? Кино ишлай оламизми? Бюджетдан бунинг учун маблағ ажратишга журъатимиз етадими?” дея мутасаддиларни саволга тутади муаллиф.

Хориждан божсиз жўнатмалар меъёри 1000 доллардан 25 долларгача камайтирилади


Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси бепул почта ва курьерлик жўнатмаларини 25 долларгача чеклашни режалаштирмоқда (www.togri.uz, 1 октябрь). Бу ҳақда Тошкентдаги почта ва курьерлик жўнатмалари маркази асосчиси Александр Ли маълум қилган. Олиб кириладиган ҳар қандай техника, кийимлар суммаси лимитдан ошса, божхона тўловлари ундирилади.

Айни вақтда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун божсиз меъёр бир календарь чорак мобайнида 1000 АҚШ долларини ташкил қилади. Юридик шахслар номига келаётган қиймати 100 АҚШ долларига тенг бўлган товарлардан божхона тўлови ундирилмайди. Кўрсатилган меъёрдан ошганда ҳамда жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун маҳсулот олиб кирилганда, товарларнинг барча суммасига нисбатан божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланади.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG