Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:34

OzodDayjest: Тошкентдаги юзлаб журналист “уйсиз” қолиши мумкин


Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев миллий журналистиканинг “оч биқини”га мушт туширгани иддао қилинди. Атоқли актриса Тўти Юсупова оиласидаги кетма-кет жудоликлар ҳақида сўзлаб берди. Тошкентдаги “Матбуотчилар уйи” биноси кимошди савдосига қўйилди.

________________________________________________

Ортиқхўжаев ўзбек журналистикасининг “оч биқини”га мушт туширди


Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳақоратлаб, уларни йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев миллий журналистиканинг “оч биқинига” мушт туширгандек бўлди (www.xabar.uz, 18 ноябрь).

“Бу ҳолатдан ким ютди? Ҳеч ким! Ҳокимнинг обрўcига обрў қўшилдими? Йўқ, аксинча, амалдорнинг маънавий қиёфаси хиёл очилди, холос. Иккинчидан, нафақат “Kun.uz”, балки энди тетапоя бўлаётган журналистиканинг “оч биқини”га мушт тушдики, ким билсин, унинг заҳри қачон кетаркин?.. Мағлубиятнинг энг каттасини эса жамият тортмоқда. Зеро, айни можаро ва унинг кутилмаган якуни Ўзбекистоннинг имижига ижобий таъсир этмаслиги аниқ”, деб ёзади нашр.

Ж. Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини мамлакатдаги партиялар ҳам қоралаган. Бу борада, шунингдек, ЕХҲТ, АҚШ ҳамда Буюк Британия элчихоналари хавотир изҳор қилди. Аммо ҳозирга қадар Тошкент шаҳри ҳокими бу борада на узр сўради, на унга бирор чора кўрилди.

Атоқли актриса Тўти Юсупова бошига тушган кулфатлар ҳақида илк бор очиқ сўзлади


Ўзбекистон халқ артисти, Миллий академик драма театри актрисаси Тўти Юсупова ҳаёт йўлидаги қийинчиликлар, яқинларидан бирин-кетин жудо бўлгани ҳақида сўзлаб берди (www.human.uz, 19 ноябрь).

“Қаршиликларга қарамасдан, турмуш ўртоғим билан ҳаётнинг паст-баландини бирга босиб ўтдик. Бир-биридан забардаст икки ўғлимни тупроққа қўйдим. Тўнғич ўғлим бизнес билан шуғулланарди, ичагига кучли инфекция тушиб, 42 ёшида оламдан ўтди. Иккинчи ўғлим ўпкасидан шамоллаб, 38 ёшида вафот этди. Бу – Оллоҳ берган синов! Катта ўғлимдан уч нафар қиз, кичигидан икки нафар ўғил ва бир қиз қолди”, деб ҳикоя қилади актриса.

Т. Юсупова 30 ёшида бева қолган иккинчи келинини ўзи турмушга узатган, аммо тақдир уни яна синашда давом этган.

“Бироқ келиним кўп яшамади, мия саратони касаллигидан 34 ёшида вафот этди. Бундай кўргиликларга чидашнинг ўзи бўлмайди. Инсонда сабр-матонат кучли бўлиши керак экан”, дейди атоқли санъаткор.

“Матбуотчилар уйи” биноси яна кимошди савдосига қўйилди


Тошкент шаҳридаги ўнлаб газета-журнал таҳририятлари жойлашган “Матбуотчилар уйи” биноси кимошди савдосига қўйилди (“Ҳуррият”, 20 ноябрь). Қайд этилишича, 18 722 квадрат метрдан иборат маъмурий бинони сотишга доир иқтисодий суднинг ижро ҳужжати мавжуд. E-ijro auksion очиқ аукцион порталида бино 18 миллиард 750 миллион сўмга баҳоланган.

Ушбу бино бир муддат аввал ҳам сотувга қўйилганди. Жамоатчиликнинг фаол қаршилиги оқибатида “Матбуотчилар уйи”нинг кредит гарови бекор қилинган ва бино Тошкент шаҳри ҳокимияти тасарруфида қолдирилганди. Бу борада расмий агентлик сайтида “Қарзга ботирган бошқалар, “уйсиз” қолаётган журналистлар” номли мақола ҳам эълон қилинганди.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG