Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:12

OzodDayjest: Меҳнат вазири хорижга ишга юборишдаги монополия ва коррупцияни тан олди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Жиззахда маст шифокорнинг айби билан янги туғилган чақалоқ нобуд бўлди. Прокуратура жазони ижро этиш тизимидаги камчиликларни аниқлади. Ўзбекистон меҳнат вазири ҳар йили 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга иш излаб кетишини эътироф этди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Прокуратура ички ишлар жазони ижро этиш тизимидаги камчиликларни фош қилди

Фарғона вилоят прокуратураси вилоят ИИБ томонидан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишида бир қатор камчиликларни аниқлади (“Ҳуқуқ”, 29 ноябрь). Хусусан, вилоят миқёсида ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган 170 га яқин маҳкум ишга жойлаштирилмаган. Шунингдек, маҳкумлар билан профилактика-назорат ишларини олиб боришда кўзбўямачилик қилинган. Бундан ташқари, маҳкумларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши белгиланган маблағ ҳам тўлиқ давлат ғазнасига ўтказилмаган. Қайд этилишича, текширувлар асносида вилоятдаги барча шаҳар ва туман ИИБ жазони ижро этишга масъул назоратчилари кўр-кўрона иш юритганини фош қилинган. Бу эса қайта жиноят содир этишларга сабаб бўлади. Хизмат вазифасини тўлиқ бажармаган ИИБ масъулларига нисбатан қандай чора қўллангани очиқланмаган.

Жиззахлик она чақалоғи ўлимида маст шифокорни айбламоқда

Жиззах вилояти Зафаробод туманида яшовчи 37 яшар аёл чақалоғи ўлимида шифокорларни айбламоқда (“Даракчи”, 29 ноябрь). 12 ноябрь куни соат 6 да аёлда тўлғоқ бошлангач, эри уни туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ мажмуасига олиб борган. Шифокорлар аёл соат 14-16 ларда туғишини айтган. Бу орада туғруқ бўлими бошлиғи тушликка чиқиб, маст ҳолда қайтиб келган. Аёл ўша куни ўғил фарзанд дунёга келтирган, аммо бола 14 дақиқадан кейин вафот этган. Аёлга кўра, туғруқ бўлими бошлиғи маст ҳолда экани, бошқа бир шифокор эса нопрофессионал ҳаракат қилгани боис у чақалоғидан айрилган. Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилоят прокуратураси терговолди текширувлари олиб бормоқда. Бош прокуратура эса текширув устидан назорат ўрнатгани айтилмоқда.

Меҳнат вазири: Ҳар йили 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга ишлагани кетмоқда

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев хорижга ишга юбориш тизимида монополия ўрнатилгани ва бу ҳол коррупцияга олиб келаётганини тан олди. Бир қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, вазир бу ҳақда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. “Ҳар йили 1,5 миллион Ўзбекистон фуқароси Россияга ишлаш учун кетади. Уларнинг 99 фоизи эса тартибсиз равишда кетади. Чунки шу пайтгача давлатнинг ўзи бу жараённи тартибли қилишга рухсат бермаган. Бу иш билан фақат битта агентлик шуғулланган. Бу ўз-ўзидан кўриниб турган монополия. Монополия бор жойда эса коррупция бўлган”, деган Ш. Кудбиев. Қайд этилишича, фуқароларни хорижга ишга юбориш ишига хусусий бандлик агентликларини жалб этиш режалаштирилган. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги узоқ йиллар давомида Россияда ишлаётган ватандошлар сонини камайтириб кўрсатиб келган. Амалдаги вазир эса илк бор бир йилнинг ўзида мамлакатдан 1,5 миллион киши Россияга ишга кетаётганини тан олмоқда. Вазир рус диёридаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг умумий миқдори қанча эканига ойдинлик киритмаган.

XS
SM
MD
LG