Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:06

“Президентнинг янги фармони фермер устидан назоратчиларни кўпайтиради!”

  • Озодлик

Президент Шавкат Мирзиëев Сурхондарëда фермер чол билан учрашди.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг фермер¸ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятига оид 9 октябрь кунги янги фармонига муносабат билдирган ўзбекистонлик фермерлар фикрича, бундан буён фермернинг ҳаёти янада оғирлашади.

Фермерлар Бош вазир сифатида 13 йил қишлоқ хўжалиги соҳасини бевосита бошқарган Мирзиëевнинг сўнгги фармонидан бу тармоқни фалаж қилиб келаëтган фундаментал муаммолар ечимига элтувчи асос топмаганларини афсус билан қайд этишди.

Фармон мазмунига ўтишдан олдин, эътиборингизни қашқадарëлик бир фермернинг айтганларига қаратмоқчимиз.

Косон туманидаги “Серҳосил Жиззах даласи” фермер хўжалиги эгаси Махманазар Абдураҳмонов¸ ўзи ва ўзи каби оддий фермер-деҳқоннинг бирламчи муаммоси ҳокимият ва назорат тизимлари бедодлиги ва босимидан ҳимояланмагани эканини айтади:

- Менга 2016 йилнинг 11 январь куни Косон туман ҳокими жами 32 гектар ерни 49 йилга ижарага бериш ҳақидаги шартномани ҳужжатлаштириб¸ қарор чиқариб берди. Мен 94 тонна пахта топшириш мажбуриятини зиммамга олиб¸ ишга киришдим. Пахтазавод билан шартнома қилдим¸ сельхозхимия билан қилдим¸ МТТ билан¸ ягона дарча¸ солиқ¸ ҳамма ишимни қилиб¸ чигит қўйиб¸ пахта экиб¸ пахталаримни қаторлаб¸ культивация қиламан¸ десам¸ 5 май куни менга бу ер сандан кетган¸ деб қўймаяпти. Ҳоким ўз қарорини ўзи бекор қилиб¸ менга берилган ерни райондаги энг бойвачча қассобга берибди. Ҳа эмиш¸ мен тендерга нотўғри ҳужжат топширганмишман¸ шунга вилоят прокурори протест киритиб¸ ерни мендан бошқага олиб берипти¸ дейди президент Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилган косонлик фермер.

Президентнинг 9 октябрь кунги фармони ҳақидаги янгиликни маҳаллий телевидениедан эшитганини айтган Махманазар Абдураҳмонов¸ “фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш” қоғоздан амалга кўчмай келаëтгани ва янги фармондан кейин кўчиш кўчмаслигини ўз тақдирида синовдан ўтказишини айтади.

Президентнинг устувор йўналишларидан фермернинг устувор йўналишига жой топилмади

Президентнинг 5199-сонли янги фармони “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” дир.

Фармондан мақсад¸ ”деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, тизимда бозор механизмларини жорий этишда, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириб боришда ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар”га барҳам беришдир.

Бу мақсадга эришиш учун фармонда белгиланган етти устувор йўналиш билан танишган тошкентлик пахтачи фермер¸ ундан ўзи каби фермерлар энг муҳим деб билган йўналишни топмаганини айтади.

“Ўзбекистонлик фермерга сув билан ҳаводек зарур нарса бу эркинлик¸ ерга ҳақиқий эга бўлиш. Ҳокимлар қарор чиқариб¸ бунча ерга мана буни экасан¸ дейди. Эк деган нарсаси тўғри келмайди¸ тўғри келадиган нарсани эктирмайди. 30 йилга ижарага берилган бўлса¸ нима экишни ҳоким белгилайди¸ режа қанчалигини ҳоким белгилайди¸ қаерга беришимизниям ҳоким белгилаб беради. Пахта билан ғалладан бошқа нарсани эколмаймиз. Эксак¸ прокуратурани хоҳлаган пайтида ташлаб¸ ерни тортиб олади. Қоғозда фермернинг гўë ҳаққи ҳимояланган¸ амалда эса ҳеч вақо йўқ”¸ дейди шахси сир қолиш шарти билан президент фармонини шарҳлаган Тошкент вилоятининг пахтакор туманидаги фермерлардан бири.

“Ҳукумат деҳқон-фермерга мана сенга ер¸ қани нима қилмоқчисан¸ нечта одамга иш берасан¸ давлатга қанча солиқ тўлайсан¸ бюджетга қанча кирим келтирасан¸ десинда¸ қолганини бизга қолдирсин. Давлатнинг ҳам¸ бизнинг ҳам мақсадимиз фойда олиш¸ манфаат кўриш. Фермерда манфаат бўлмагандан кейин¸ уни фақат ҳозиргидек таëқ билан¸ қўрқув билан ишлатиш мумкин¸ холос”¸ деб давом этади бу фермер.

Шахси очиқланмаслигини сўраган бухоролик фермерга кўра¸ президент қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишни фермерни маъмурий босим остида ишлатишдан кўрилаëтган даромадни ўзлаштираëтган монополист тизимларни бекор қилишдан бошлаши лозимлиги¸ аммо 9 октябрь кунги ҳужжатда бунинг асари ҳам йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлганини айтади.

Фармон билан танишган бу ва бошқа фермерлар¸ унда фермерлар фаолияти самарадорлигини кузатиб¸ муҳокама қилиб¸ баҳо берувчи назорат тизимларининг янада кучайтирилганидан хавотир билдирдилар.

“Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган”и танқид этилган фармонга кўра¸ 2018 йил ҳосилидан бошлаб¸ ердан самарали фойдаланиш аҳволини текшириш жараëнига энди сенаторлар ҳам жалб этилади.

“Буни мен маъмурий босим янада кучаяди¸ деб тушундим. Ўзи шундоқ ҳам мелиса¸ прокуратура¸ Тошкентдаги вазирлик ва ташкилотлардан бириктирилган деҳқончиликдан хабари йўқ амалдор-вакиллар ундай қил¸ бундай қил¸ деб тинкамизни қуритаëтган эди. Энди улар ëнига сенаторлар ҳам қўшиладиган бўлса¸ умримиз мажлис ва ҳисоб беришга кетарканда! Шундоқ ҳам бошимиз селектор мажлисларидан¸ прокурор ва ҳокимнинг ерингни олиб қўяман деган таҳдидларидан чиқмай қолганди. Энди баттар бўлади шекилли”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган водийлик фермер.

“Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш яхши фикр”

Узоқ йиллар Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳаси бошқарувида ишлаган агроном Аҳмад Хоразмий ҳам Озодлик сўрови билан президентнинг 9 октябрь кунги фармонини ўқиб чиқди.

Бу мутахассис¸ фармондаги муҳим жиҳат сифатида ўз эътиборини “кўп тармоқли фермер хўжаликлари” ташкил этиш ғояси тортганини айтади.

Фармонда фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолаëтгани танқид қилиниб¸ гарчи ижро механизми тилга олинмаса-да¸ уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйиши зарурлиги тилга олинади.

Аҳмaд Хоразмий бундай тажрибани ўзи ўтмишда амалда синаб кўргани ва уни бугун қайта тиклаш фикрини қўллаб-қувватлашини айтади:

- Мен бунга қўшиламан. Деҳқон-фермер аввал фақат хом ашë сотган бўлса¸ энди тайëр маҳсулот сотишга ўтиши мумкин. Бундан уларнинг оладиган даромади ҳам¸ ўз ишига қизиқиши ҳам ортади. Буни биз 80-йилларда қилганмиз. Консерва завод қурдик¸ сутни сепаратдан ўзимиз ўтказдик¸ пахтани чигитдан ажратиб¸ кунжара ва ëғ чиқардик. Буларни қилса деҳқон-фермер бойиши мумкин¸ дейди Аҳмад Хоразмий.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ фермернинг бундай кўп тармоқли комплекс яратиши учун унга қисман бўлса-да эркинлик бериш зарурлигинини ҳам эътироф этади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG