Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:42

Путин жисмоний шахсларни «хорижий агентлар» деб эълон қилувчи қонунни имзолади


Президент Путин Кремль тарғиботчиси бўлган Russia Today телевизион канали бош муҳаррири Маргарита Симоньян билан - 10 декабрь, 2015
Президент Путин Кремль тарғиботчиси бўлган Russia Today телевизион канали бош муҳаррири Маргарита Симоньян билан - 10 декабрь, 2015

Россия президенти Владимир Путин 2020 йил тугашидан 2 кун олдин парламент томонидан аввалроқ қабул қилинган ва мавжуд чекловларни кучайтириб, янги чекловларни жорий қилувчи қатор қонун лойиҳаларини имзолади.

Имзоланган қонунлар орасида жисмоний шахсларни, яъни Россия фуқароларини «хорижий агентлар» деб белгилаш имонини яратувчи қонун ҳам бор. Қонун юридик маълумотлар расмий интернет-порталида аллақачон нашр этилди. Шу сабабдан унинг кучга кирганини хулоса қилиш мумкин.

Қонунга кўра, сиёсий фаолият билан шуғулланадиган ёки Россиянинг «ҳарбий-техник фаолияти соҳасида атайин маълумот йиғиш» билан машғул ҳамда бунинг эвазига чет элдан маблағ оладиган фуқаролар «хорижий агентлар» деб белгиланиши мумкин. Сиёсий фаолиятга эса митинглар уюштириш, сайловларни назорат қилиш, партиялар фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликка ўзгартириш киритиш тўғрисида «оммавий чиқиш» қилиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисида «фикрларни тарқатиш» мисол бўла олади.

Ўз фаолияти қонунда белгиланган мезонларга мос келадиган шахслар уларни «чет эл агентлари» рўйхатига киритишлари учун ўзлари мурожаат қилишлари керак бўлади.

Шунингдек, рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари ҳам «чет эл агентлари» деб топилиши мумкин.

Қонун талабларини бузганлар жавобгарликка тортилади. Бундай шахслар аввал маъмурий, кейин эса жиноий жавобгарликка тортилади.

Жиноий жавобгарлик тўғрисида чоршанба куни Путин алоҳида қонун лойиҳасини имзолади. «Чет эл агенти» сифатида рўйхатдан ўтишдан қочганлар жаримага тортилади ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Ушбу қонун 2021 йил 1 мартдан кучга киради.

Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинишидан олдин Россияда жисмоний шахслар оммавий ахборот воситаларига тенглаштирилиб, «хорижий агент» деб белгиланиши мумкин эди.

Икки кун олдин биринчи марта беш нафар фуқаро «хорижий оммавий ахборот воситалари агентлари» рўйхатига киритилди. Улар орасида ҳуқуқ ҳимоячиси Лев Пономарёв ва журналистлар бор.

Путин, шунингдек, Россия оммавий ахборот воситаларига қарши цензурага қўл урган чет эл ижтимоий тармоқларини блоклаш имконини берувчи қонун лойиҳасини ҳам имзолади. Эндиликда бош прокурор Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда ахборот ресурсларига «Россия оммавий ахборот воситаларига қарши дискриминация қилувчи нашр» мақомини бериши мумкин. Қонун лойиҳаси YouTube, Twittter ва Facebook каби сайтларга ҳам тадбиқ этилади.

Бу орада «Роскомнадзор» мамлакатга YouTube сайтига муқобил сайт ишлаб чиқиш кераклигини айтди. «Роскомнадзор» АҚШ сайти бўлмиш YouTubeда контентни цензура қилишда қатор муаммоларга дуч келаётгани маълум.

Идора 29 декабрь куни эълон қилган баёнотда «Россияда тўғридан-тўғри рақобатчи йўқлиги сабабли, YouTube ҳануз алмаштириб бўлмайдиган ресурс бўлиб қолмоқда», дейилади.

Баёнотда русларнинг хорижий ижтимоий тармоқларга қарамлигини камайтирадиган «оммабоп эквивалентга» эҳтиёж борлиги қўшимча қилинди.

Россияликлар контент учун тобора кўпроқ YouTube ва Instagram сингари хорижий ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётгани туфайли Кремль мамлакатда ахборот тарқалишини назорат қилиш имкониятини йўқотмоқда.

Путин мамлакатдаги асосий телеканаллар назорати Кремль қўлида бўлгани учун йигирма йиллик фаолияти давомида ўз рейтингини сақлаб қолишга муваффақ бўлиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG