Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2021, Тошкент вақти: 09:31

Путиннинг кейинги бошоғриғи рус коммунистлари бўлмоқда


Коммунистик партия сентябрда Думага ўтган сайловларда энг катта ютуқни қўлга киритди. Кремль бу партияни жиловлаб туриш учун қаттиқ уринади, деб ёзмоқда “Bloomberg” нашри.

Коммунизм шарпаси яна Россияни безовта қилмоқдами? 1996 йили пост‑совет президентлик сайловида кучлар тенг келгани боис, иккинчи тур сайловлар ҳам ўтган, ўшанда Коммунист партия жиддий хатар бўлиб кўринган эди. Путин президентликка келгандан кейинги 20 йилда бу партия мулойим мухолифат ролини ўйнаб келди ва Кремлга демократик сайлов ўйинини ўйнашига ёрдам берди. Аммо ҳозир келажак анча мавҳум бўлиб қолди.

77 ёшли собиқ совет мафкурачиси Геннадий Зюганов 1996 йилда Борис Елцин билан муваффақиятсиз беллашган, аммо шундан кейин радикал авантюралар қилмай ўз вазифасини бажариб келди. Бироқ коррупция, ижтимоий адолат, Кремль танқидчиси Алексей Навалнийга қилинган муносабат юзасидан анча дадил овозлар ҳам янграй бошлади. Охирги икки ҳафтада электрон овоз беришдаги қаллобликлар ҳақида гапиришди.

Норозиликни ифодалаш йўллари деярли ёпилган Россияда Коммунистик партия қизил байроқ кўтарган пенсионерлардан бошқаларнинг ҳам эътиборини тортди. Партия ажойиб тарзда юриш қилди ва сентябрдаги Дума сайловларида овозларнинг 19 фоизини қўлга киритди. 2016 йилда 13 фоиз овоз олган эди. Навальний тарафдорлари тактик овоз бериш кампаниясини ўтказганини ҳисобга олганимизда ҳам бу катта илгарилаш саналади.

Сайлов тизимининг ҳукмрон партияга қулай тузилганига қарамай, коммунистлар Давлат Думасида қўшимча яна 15 та ўринни қўлга киритиб бошқа рақиб блоклардан ўзиб кетди.

Қизил ва бошқалар

Узоқ вақт муросасоз бўлиб келган Коммунистик партия анча ташвиш келтирадиган кўринади. Эътиборли воқеалардан бири охирги икки ҳафтада партиянинг Москвадаги сайловларда етакчилигини йўққа чиқариш учун электрон овозлар ўчириб юборилганидан ғазабланган партия расмийлари “адолатли сайловлар учун” митинг ўтказди. Зюгановнинг ўзи бу митингда қатнашмади, у Путин ва Думадаги бошқа партия лидерлари билан учрашувда эди.

Омма эътибори учун кураш

Коммунистлар 2020 йил охирларидан яна оммавийлаша бошлади.

2018 йилги президентлик сайловида коммунист номзод сифатида Путин билан беллашган магнат Павел Грудинин ўз фермасидаги ишчиларнинг ҳаёти ва советлар хатоларидан ўрганиш ҳақида гапирган эди. Сайловолди нутқларидан бирида у Путин бошқарувини Леонид Брежнев давридаги турғунликка қиёслаганди. У Коммунист партия рўйхатида учинчи ўринда турган бўлса ҳам, Кремль кутганидан кўра яхшироқ натижа кўрсатган эди. Аммо охирги сайловда уни, ўзининг айтишича, унга тегишли бўлмаган хориждаги мулкларни баҳона қилиб, сайловга номзодини қўйишмаган.

Яна бир номзод жануби‑ғарбий Россиядаги Саратовдан 36 ёшли Николай Бондаренко бўлиб, унинг “YouTube”да 1.6 миллиондан ортиқ обуначиси бор. У пенсияларнинг оширилиши етарли бўлмаганини кўрсатиш учун бир ой 3500 рубл (50 доллар) га яшаб тажриба ҳам ўтказган ва натижаларини эълон қилган эди.

Шу йил бошларида Бондаренкони Навальнийни қўллаб ўтказилган намойишда қатнашганликда айблаб қўлга олишди. У Дума спикери Вячеслав Володин билан сайловда беллашиши лозим эди, аммо унинг номзодини камроқ баҳсли ҳудудга ўтказиб юборишди.

На Бондаренко, на бошқа бирортаси Путин билан беллашиш у ёқда турсин, Коммунист партиянинг ўзини назоратга ола биладиган қудратга эга эмас. Ҳозирча, партия Зюганов раҳбарлигида Кремль билан аҳил яшамоқда.

Сталинизацияни маъқулловчи муросасиз бу одам тизим ичида мухолифат сифатида қулай ўрнашиб олган бўлиб, баъзида ўз тарафдорларига маъқул келиш учун ички муаммоларни гапириб қолади, ташқи сиёсат каби баҳсли соҳалардан ўзини четга тортади. Қаригани, обрўси кетганига қарамай, у партия назоратини қўлдан бермоқчи эмас.

Аммо бу партия ҳамон Кремлнинг бемалол бўлишига халал беради. Коммунист партия ичдан турфа хил, ундаги айрим гуруҳлар Кремль электоратининг бир қисмини еб кетиши мумкин. Шунингдек, бу партиянинг ижтимоий ва тарихий илдизи уни “хориж таъсирида” деб айблашларига имкон бермайди. Камига Совет Иттифоқини соғинувчилар анчагина топиладиган мамлакатда коммунистлар осонгина эътироф қозониши мумкин. Уларга қарши кескин репрессия жиддий оқибатларга сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Лондондаги Бирлашган хизматлар институти тадқиқотчиси Марк Галеоттининг айтишича, бу партия Россияда Кремлга боғлиқ бўлмаган ягона кучли сиёсий машинага эга. Бу қудратдан фойдаланадиган лидер партия тепасига келадими ёки йўқ, аниқ эмас.

Кремль таваккал қилиши эҳтимоли паст. Партиянинг дангалчи аъзолари ҳам Путин, ҳам Зюгановнинг босимига учрайди. Зюганов лавозимини топширишга қарор қилса, Москва имкониятдан фойдаланиб, партияни социал‑демократик жабҳадан узоқлаштириб, ўзига фойдалироқ ва муросасизроқ қанотда ушлаб турадиган одамни ўтқазишга уринади. Исёнчилар чекка ҳудудларга жўнатилади. Кремлнинг режаси камида шу. Аммо 2024 йилги президентлик сайлови яқинлашар экан, партия режа бўйича ҳаракат қиладиган кўринмаяпти.

XS
SM
MD
LG