Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Қатл ҳукми ижросини 56 йил кутган япониялик оқланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

26 сентябрь куни Япония суди қарийб 60 йил аввал қотилликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинган Ивао Хакамадани оқлади.

Айни пайтда 88 ёшга тўлган Хакамада 1968 йили бошлиғи, унинг рафиқаси ва икки фарзандини ўлдириш, шунингдек, унинг уйини ёқиб юборишда айбланиб, осиб ўлдиришга ҳукм қилинган эди.

Даставвал айбловни бўйнига олган япониялик кейинроқ тергов жараёнида унга нисбатан қийноқ қўллангани айтиб кўрсатмаларидан воз кечган.

Ивао Хакамада қамоқда 56 йил давомида ҳукм ижросини кутди. Бу қатлга ҳукм этилганлар орасида қайд этилган энг узоқ муддатдир.

2014 йили жиноят ишига доир янги фактлар ўртага чиққач, иш қайта терговга юборилди, Хакамада эса озодликка чиқарилди.

Орадан ўн йил ўтиб, маҳкама судланувчига нисбатан қўйилган айбловни сохта ва асоссиз деб топди. Суд қарорида, хусусан, Хакамададан жисмоний ва руҳий тазйиқ орқали иқрорлик кўрсатмаси олингани қайд этилган.

Маълум бўлишича, қонга бўялган либосдаги ДНК намунаси айбланувчига оид бўлмаган, терговчилар кўйлакни қонга текизиб жиноят жойига ташлаб қўйган.

Узоқ йиллик тутқунликда жисмоний ва руҳий саломатлиги издан чиққан Ивао Хакамаданинг ўзи суд мажлисида қатнашмаган. Маҳкамада унинг манфаатларини 91 ёшли опаси Хидеко Хакамада ҳимоя қилган.

XS
SM
MD
LG