Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Қирғиз расмийлари: “Ҳизб ут-Таҳрир” аёллар ва болаларни йўлдан урмоқда


Бишкек, Қирғизистон. Иллюстратив сурат.
Бишкек, Қирғизистон. Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) сўнгги икки ойда “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг бир неча аъзосини қўлга олди. Улардан икки нафари қўшни давлат фуқароларидир.

Охирги марта навбатдаги йиғин чоғида ташкилотнинг Чуй вилоятидаги етакчиси ва аъзолари қўлга туширилганди. Йиғин иштирокчиларининг аксари ўсмирлар эканлиги жамоатчиликнинг хавотирларини кучайтирди. Диний масалалар бўйича экстремистик гуруҳлар янги одамларни, жумладан аёллар ва болаларни ўз тарафига оғдириб олишнинг турли усулларини ўйлаб топаётганини эслатишмоқда.

МХДҚ хабарига кўра, Чуй вилоятидаги йиғинда қатнашган ўсмирларни “Ҳизб ут-Таҳрир” ўз сафига қўшмоқчи бўлган.

Жиноий гуруҳ раҳбари қўшни мамлакат фуқароси, аммо айнан қайси давлатдан эканлиги очиқланмаган. Ҳозирда у МХДҚ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Қўлга олинганларнинг уйлари тинтилганда тақиқланган адабиёт ва дисклар топилган. Зарур экспертиза текширувлари тайинланган.

МХДҚ неча киши қўлга олинганини, “Ҳизб ут-Таҳрир” йиғинида нечта ўсмир бўлганини аниқлаштирмаган. Махсус хизматлар ёйинлаган видеода бир неча кишини кўриш мумкин, улар орасида болалар ҳам бор.

“Диний радикализм давлат учун катта муаммога айланди”

Диний масалалар бўйича эксперт Қанатбек Мирзахалиловга кўра, Қирғизистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар 2010 йилга қадар турли варақалар тарқатиш йўли билан фаолият олиб борган. Аммо ҳозирда улар иш услубини ўзгартирган, ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланишади ва аёллар ҳамда болаларни ўзларига оғдириб олишга ҳаракат қилишади.

– “Ҳизб ут-Таҳрир” таркибида аёллар қаноти мавжуд. Чунки улар аёллар билан ишлаш самарадорлигини тушунишди. Болаларни жалб эта бошлашгани эса ташкилот ўз фаолиятида яна бир поғона ўсганини билдиради. Диний радикализм давлат учун катта муаммога айланди. Бунга қарши куч билан эмас, балки мафкуравий йўллар билан курашиш керак, – дейди эксперт.

Чуй вилоятидаги амалиётдан бир кун олдин, 4 ноябрда МХДҚ “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг Қирғизистоннинг жанубий минтақасидаги етакчиси – Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Ш.Ш. қўлга олинганини маълум қилган эди. У сафдошлари билан бирга яширинча гуруҳ шохобчаларини ташкил қилиш билан шуғулланган. “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг Ўзбекистондаги фаолияти учун масъул шахс Қирғизистонда сохта ҳужжатлар билан юрган. У ҳам айни пайтда МХДҚ ҳибсхонасида тутиб турилибди. Шу тариқа, сўнгги икки ой ичида Қирғизистонда қўшни мамлакатнинг икки фуқароси ва “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари қўлга олинди.

7 октябрда қирғиз махсус хизматлари Қизил Қия шаҳрида диний-экстремистик ташкилотнинг 6 аъзосини ушлаган эди. Улардан беш нафари маҳалли аҳоли вакиллари бўлса, олтинчиси Тожикистон фуқароси бўлиб чиқди. Қўлга олинганларнинг барчаси Қадамжой тумани ИИБ ҳибсхонасида сақланмоқда.

“Ҳизб ут-Таҳрир” оддий ташкилот эмас, у Марказий Осиёда халифалик тузишни кўзлаган экстремистик гуруҳлардан биридир. Яқинда Афғонистонда Толибон иқтидорга келди. Айрим сиёсатчилар, диндорлар ва “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолари ижтимоий тармоқларда уларни қўллаб-қуввталашмоқда. Толибонга қизиқиш билан қараётган ёшлар “Ҳизб ут-Таҳрир” сиёсатига алданиши мумкин”, МХДҚ бошлиғининг собиқ ўринбосари Артур Медетбеков.

“Кураш усулларини ўзгартириш керак”

2003 йилда суд 21 та диний ташкилотни террористик ва экстремистик ташкилотлар деб топиб, уларнинг Қирғизистон ҳудудида фаолият олиб боришини тақиқлади. Бу “Жабҳат ан-Нусра”, «Жайш ул-Маҳдий”, “Ансоруллоҳ”, “Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий” ҳамда “Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати” ташкилотларидир.

Теолог, диний масалалар бўйича эксперт Улан Усупов экстремистик ва террористик ташкилотларга қарши курашга доир ўз тавсияларини бўлишди:

– Давлат бу масалага жиддий қараб, зарур сиёсат олиб бормаса, бунақа гуруҳлар халқни бўлиб ташлаб, уларни идора қила бошлайди. Шунга қараб кетяпмиз ҳозир. Уларни куч билан енголмаймиз. “Ҳизб ут-Таҳрир” ғоясига қарши ундан кучлироқ ғоя таклиф қилишимиз лозим. Дин ишлари бўйича комиссия тузайлик, у давлат сиёсати ва мафкурасини юритсин. Замонавий ислом талабларига кўра ишлай оладиган менежерларни, олимларни, муфтийларни, қозиларни етиштирайлик, – дейди мутахассис.

“Ҳизб ут-Таҳрир” 1950-йилларда Яқин Шарқда вужудга келган. У аксар экстремистик ташкилотлар каби демократия ва кўппартиявийликка асосланган давлат тизимини ағдариб ташлаб, ўрнига “шариат асосида бошқариладиган консерватив халифалик” тузишга интилади.

XS
SM
MD
LG